Муаллиф: Раҳимжон Отаев (Отаули) Мундарижа
Руҳий асос талқини...................3
Руҳоният ва руҳшунослик..........13
Руҳий ҳолат таҳлили.................24
Руҳий қадрият.........................38
Миллий руҳ.............................65
Илова. Таржимаи ҳол ёҳуд руҳиятнинг яна бир эҳроми...............................94

        Бундан қарийб ўттиз йил муқаддам эълон қилинган “Сирли олам” ва “Руҳиятлар бирлиги” деб номланган илк мақолаларим руҳият дунёси хусусида эди. “Турмуш, хулқ-атвор ва меҳнат эстетикаси” номли илк рисолам (“Ўқитувчи” нашриёти, 1982), “Осмон тўла юлдузлар (Туйғулар ҳақида суҳбат)” илк фалсафий бадиам (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, 1983) ҳам инсон маънавий дунёсига хос сир-синоатларни англаш йўлидаги дастлабки қадамлар эди. Кейинги йигирма уч йил мобайнида ёзган ҳикоя, қисса ва насрий достонларимда қаҳрамонлар руҳиятини атрофлича таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратдим .Айни чоғда ҳайрат, муҳаббат, ҳурмат, шафқат, ҳиммат, журъат, жасорат ва бошқа туйғулар - маънавий-руҳий ганжиналаримиз хусусида ҳозирги жаҳон адабиётида катта ўрин тутувчи эссе жанрида анча-мунча асарлар ёздим... Хуллас, руҳият хусусидаги қарийб ўттиз йил мобайнида муттасил пишитилган ва бойитилган фикрларимнинг ўзига хос қаймоғини сидириб, қўлингиздаги китобчани тайёрладим. Мазкур туркум, мухтасар бешлик-ҳамса, оламга машҳур осмонўпар эҳромлардек ўзаро боғлиқ бу муайян иншоотлар мажмуаси Сизга манзур бўлади деган умиддаман. Минг-минглаб қуллар биргаликда жон олиб – жон бериб бунёд этган Миср эҳромларидан фарқли равишда ёлғиз ўзим ўттиз йил мобайнида астойдил ишлай-ишлай, баҳоли қудрат тиклаганим мазкур эҳромлар шоядки маънавий оламингизни бойитиб, дилингизни равшан торттириб, руҳингизни энг олий юксакликларга кўтара олса...
Руҳий асос талқини

“Оламдаги ҳамма нарса вақтдан қўрқади, вақт эса, эҳромлардан қўрқади”. Ўйлаб қарасангиз, бу мақолни араб халқигина яратиши мумкин. Бешафқат вақт ўз ҳукмини ўтказа олмайдиган умрибоқий қурилмани йўқдан бор қила олган бунёдкор ва донишманд халқнинг ўзига яраша гапи-да бу! Ҳамиша одил ҳакам – вақтни юксак қадрлаш ҳисси, ўзининг вақт емиролмайдиган мустаҳкам ва муҳташам иншоотни тиклай олганидан фахр-ифтихор туйғулари, бошқа не бир кечинмалару фикрлар сингдирилган бу бир қарашда оддийгина гап замирига! Мақол буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг “Агар қудратимизга шак келтирсангиз, биз қурган иморатларни кўринг” деган пурҳикмат гапига моҳиятан жуда-жуда ўхшаб кетади. Бу ўринда гап аждодларимиз бунёд этган ва ҳозирда бунёд этилаётган умрибоқий иншоотлар хусусида эмас, ҳар бир инсон қалбида ўзига хос тарзда қад ростловчи маънавият қасри, руҳият эҳроми хусусидадир. Ҳар бир инсон руҳияти ҳам шундай бир эҳромки, унга қиёслаганда Миср эҳромлари қаловини. топиб терилган шунчаки харсанглар хирмонигина, холос. Зеро тошдек қаттиқ эмас, гулдек нозик инжа кўнгил мулки, қалб гавҳари, дил жавҳари, маънавият қасри, хуллас, энг умумлашма сўз бирикмаси билан айтганда, руҳият эҳромининг қирралари учта-тўрттагина эмас, баайни олмос қирраларидек беҳисоб, ранг-баранг, сержилва, мафтункор... Бир қирраси – андиша, бир қирраси – тавфиқ, бир қирраси – иймон, бир қирраси – виждон, бир қирраси – диёнат... Тағин шуниси ҳам борки, андишани – фаҳ м-фаросатсиз, тавфиқни – ҳалоллик-покликсиз, иймонни – руҳий соғломлик ва бутунликсиз, диёнатни динсиз ва руҳониятсиз тушуниб бўлмайди. Буларни тушунишда эса, баайни шимолдан ўз каъбаси – жанубга томон талпинган учар қушлардек руҳият иқлимларида эркин парвоз қилувчи адабиёт ва санъат бизга беминнат ёрдам қўлини чўзади. Чунончи, “Ўткан кунлар” романини ўқиб андишалилик ва андишасизликнинг нималигини дил-дилдан теран ҳис қила оламиз. ”Кеча ва кундуз” романини мутолаа қилганимизда бетавфиқлар исканжасидаги тавфиқ соҳибасининг она сутидек ҳалол, пахтадек оппоқ, бокира ва инжа кўнгли бизни ўзига мафтун-маҳлиё этади. ”Диёнат” романи эса, ўз номи билан диёнатдир. Бу асар худосиз Шўро тузуми шароитида, айтиш мумкинки, Худони, Худонинг қудратини кўзларга аён кўрсатиб, бутун қалби диёнатга тўла, руҳан баркамол, авлиёсифат, покдомон, хуллас, том маънодаги зиёли-руҳоний зотнинг жонли қиёфасини кўз олдимизда қойилмақом бадиий гавдалантириб бергани билан қадрлидир. Сирасини айтганда, янги ўзбек насрида зиёли-руҳоний зотларнинг жонли қиёфаларини аниқ-тиниқ чизиб кўрсатиш бобида “Диёнат”га қадар ҳам муайян тажрибалар тўпланган эди: Юсуфбек ҳожи, Солиҳ маҳдум, Қори Ишкамба, Раззоқ сўфи... Лекин улар, худди “Эшоним деб эшагимдан айрилдим”, ”Тўй тўй бўлмади, хўжа билан шайх эгаллаб олди” қабилидаги истеҳзоли мақолларга жонли мисолдек ўтакетган зиқна, ичи тор, маънавий қашшоқ кимсаларки, бу, албатта, руҳоний зотларни ҳар боб билан ёмонотлиқ қилиб олабўжи кўрсатишга устаси фаранг Шўро тузуми мафкурасининг сиёсий талаби эди. Юқоридаги диндорлар рўйхатида биргина Юсуфбек ҳожи маълум даражада истисно, лекин у ҳам “маълум даражада”, холос. Дини исломнинг бешала фарзини беками кўст адо этган, ҳожилик шарафига ҳам ноил бўлган, ўзи айтганидек, бутун умрини эл-юрт қайғусида ўтказган бу руҳоний зотни ҳам том маънодаги комил инсон, ўзига ва ўз ишига пишиқ-пухта дейишимиз қийин. Акс ҳолда у думбултабиат хотинининг қутқуси билан аллақандай “ота-она орзуси”ни деб ёлғиз ўғлининг бахтига зомин бўлмас эди, маънавий баркамол донишманд ота сифатида ўғлининг аҳвол-руҳиясини ўз вақтида теран ҳис қилиб, унга ҳамдард-ҳамнафас бўлиб, ўз оиласидаги бахтсизликларга ўрин қолдирмас эди. Ўзбек романида Нормурод Шомуродовдан аввал ва Юсуфбек ҳожидан кейин яратилган том маънодаги руҳоний зотлардан яна бири “Қутлуғ қон” романидаги Йўлчидир. Бу қаҳрамон, кўп йиллар мобайнида бузиб талқин этилганидек, ”инқилобчи” эмас, ўз номи билан йўлчидир. Баайни Ҳизр алайҳиссаломдек абадий йўлчи, Нажмиддин Кубродек эл-юртни деб жондан кечган фидойи зот, ихлос қўйиб кўз тикишимиз мумкин бўлган йўлчи юлдузларимиздан бири... Тўғри, бу қаҳрамон Нормурод Шомуродов билан Юсуфбек ҳожидек олим ва ё диндор эмас, ғирт саводсиз, оми бир мардикор. Лекин у руҳий комилликда анча-мунча зиёли-диндорлардан баланд туради. Чунки у хўжа, ўз насл-насабига кўра баайни Хўжаи Ҳизр, Хўжа Насриддин афанди, Хўжа Хофиз, Хўжа Аҳрори Валийлардек том маънодаги руҳоний зотлардан бири. Ахир у Хўжа Аҳрори Валий туғилиб ўсган Боғистон яқинидаги Хўжакент қишлоғидан бўлади-да! Йўлчики хўжакентлик экан, тоғаси Мирзакаримбой ҳам хўжакентлик, албатта. Лекин Мирзакаримбой “Хўжалар тушдан кейин айнийди” деган пичингли мақолда айтилганидек тушдан кейин қорни очиб нафси ҳаккалак отганида феъли айниган хўжа, Йўлчи эса, ҳали ёш, асл, айнимаган хўжа. Шунинг учун ҳам бу тоға-жиян хўжалардан бири бойлик орттириш йўлида ҳар қандай пасткашлик ва аблахликдан қайтмайди, иккинчиси оддий бир қовунчи деҳқондан то ўз тоғасидек юрт эгаларига қадар ҳар бир халқ вакилининг феъл-атвори, дарди-дунёси, аҳвол-руҳияси хусусида жиддий ўйларга чўмади. Мирзакаримбой фақат ўзини – ўз нафсини деб яшайди, Йўлчи халққа қайишиб, элим деб, юртим деб ёниб-куйиб яшайди. Бу қадимий заминдаги оддий бир мардикорки, Йўлчидек элсуяр, ҳақгўй, диёнатли..., хуллас, руҳий баркамол руҳоний зот экан, ҳақиқий зиёлиларни, айниқса, қалам аҳлини руҳониятсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам, дейлик, Аҳмад Яссавийдан то Абдулҳамид Чўлпонга қадар жамики улуғ мутафаккирларимиз оддийгина шоир эмас, айни чоғда хожа, насриддин, низомиддин, фаридиддин, сирожиддин, садриддин, сўфизода, хўжа, қори, шайхзода..., хуллас, руҳоний ҳамдир. Адабиётимиз тарихида бирон-бир шоир ва ё носир йўқки,у одам боласининг феъл-атвори, кўнгил мулки, дил дарди, қалб кечинмалари, хусусан, ўз замондошлари руҳиятида рўй бераётган эврилишлар, маънавий қашшоқлашувлар ва тубанлашувлар хусусида изтироб-ҳаяжон билан ёзмаган бўлсин. Аҳмад Яссавий бундан қарийб тўққиз юз йил аввал битган қуйидаги ҳикматли сатрлар шу қадар замонавий жаранглайдики, орадан тўққиз аср эмас, тўққиз кун ҳам ўтмагандек: На онода меҳр қолди, на отода, Оға-ини бир-бириға можарода, Мусулмонлиғ даъво қилур, ичур бода, Мастлиғ билан қариндошдин тонди, кўринг! Жиддийроқ ўйлаб қаранг, мазкур сатрлар битилган чоғларда, дейлик, ”аборт”, ”тирик етим”, ”етимхона”, ”қариялар уйи” каби тушунчалар, ҳаттоки булар хусусидаги тасаввурлар ҳам йўқ эди! Ўтган тўққиз аср мобайнида одам боласининг қалбидаги меҳр-муҳаббат ҳисси кучайдими-сусайдими, Худо билади, лекин ўз замондошлари қалбидаги бемеҳрликдан афсус-надоматлар чекиб озмунча шоҳ сатрлар ва шоҳ асарлар битилмаган. ”Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим” деб ёзган эди Алишер Навоий. ”Бошимни силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондек арзанда, Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди” дея бўзлаган эди Ғафур Ғулом... Шоҳ сатрлардан шоҳ асарларга ўтсак, яна Ғафур Ғуломнинг машҳур “Шум бола” асари, Ойбекнинг “Болалик” ва Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссалари ота-она, қавм-қариндошдагина эмас, умуман, эл-улус ва тузум-жамиятда бемеҳрлик-бешафқатлик кучайгани, етимлик ва руҳий қашшоқлик фожиалари таъсирчан қаламга олинган. Худога шукур, мустақиллигимизнинг шарофати билан асрий орзу-армонларимиз ушалиб, дейлик, етимхоналар “меҳрибонлик уйлари” дея шунчаки хўжа кўрсинга чиройли номланаётгани йўқ, аслида ҳам шундай моҳият касб этиб, чинакам меҳр-мурувват масканига айланиб бормоқда. Шўро тузуми даврида одам боласининг бир-бирига қаҳр-ғазаб ва нафрат кўзи билан қараши атайин авж олдирилган бўлса, эндиликда, аксинча, ҳар бир мактаб, оила, маҳалла, қўйинг-чи, бутун жамиятимизда меҳр-мурувват, меҳр-шафқат, меҳр-оқибат ва меҳр-муҳаббат ўзаро инсоний муносабатларнинг етакчи тамойили тусини олмоқда. Ўз болалигини мустақиллик шароитида кечираётган ҳозирги авлодга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Бу авлод ҳам ақлан, ҳам жисмонан, ҳам руҳан – ҳар жиҳатдан, дарҳақиқат, соғлом авлод, ота-она меҳри, устоз-мураббий меҳри, эл-юрт меҳри, умуман, меҳрга қониб улғаяётган баркамол авлод. Биздек ўз болалигини етимликда йўлида учраган ҳар бир нокасдан шафқат сўраб кечирган кўнгли синиқ ва шикастадил авлод эмас бу! Бундан йигирма уч йил аввал ёзилган “Шафқат” номли маъжозий ҳикоям орадан етти йил ўтгач, 1989 йилда “ЎзАС”да эълон қилинган эди. Унда, жумладан, шалпанг ва динг қулоқларга ер қаъридан элас-элас эшитилаётган қадимий ва ҳазин қўшиқ сифатида қуйидаги сатрлар келтирилган эди: Нокас, ҳасис, бедиёнат қуллар ҳоким, Моуманлик ҳаддан ошиб бўлди золим, Эл ичида хор бўлдилар дарвиш, олим, Ҳимояти халқнинг кофир бўлди, кўринг, Феълимиздан бизга жафо солди, кўринг! Ушбу ҳикматли сатрларнинг мағзини чаққанингиз сайин бадиий жиҳатдан баркамол асарнинг ўлмаслигига яна бир карра амин бўлаверасиз. Ўзингиздан қолар гап йўқ, айниқса, Шўро тузуми одам боласининг феълидаги нокаслик, хасислик, диёнатсизлик, манманлик, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик, пасткашлик, мунофиқлик, лаганбардорлик ва бошқа шулар каби руҳий иллатларни тарихда мисли кўрилмаган даражада гуллатиб-яшнатиб юборди. Ва, аксинча, диёнат, саҳоват, меҳр, шафқат, шаън-шавкат, миллий ғурур сингари асрий қадриятларимизни ўз қалбларида асраб-авайлаган не бир комил инсонларни ҳар боб билан топтаб-таҳқирлаб, қувғин, сургун ва қатл қилди. Қодирий, Чўлпон, Фитратдек истиқлолимиз фидойиларини “халқ душмани” сифатида қатли ом қилиб, гўё халқни бу “душманлар”дан ҳимоя қилган кимсалар ўтакетган худосиз-кофир кимсалар эмасмиди, ахир. Жиддийроқ ўйлаб қарасангиз, Шўро тузуми даврида ҳалқ бошига ёғилган жамики фожиалар одам боласининг феъл-атвори ва руҳиятида авж олдирилган иллатларнинг қонуний ҳосилалари эди. Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам феълга яраша бўлади-да! Энди мустақиллик шароитида комил инсон ва фозил халқ сифатида обод-фаровон ва бахтиёр яшашни астойдил истар эканмиз, аввало феълимизни шунга яраша яхши қилишимиз, Шўро тузуми даврида чуқур илдиз оттирилган руҳий иллатлардан тобора фориғ бўла бормоғимиз керак бўладики, руҳимиздаги Арасту “катарсис”, Чўлпон “тозаланиш” деб атаган бу жараёнда ҳам адабиёт ва санъат бизга беминнат кўмакчидир. Қарийб минг йиллик тарихга эга насримиз хусусида гап кетар экан, айтиш керакки, ўзбек мумтоз насрининг баркамол намуналари бўлмиш уч асар – “Қисаси Рабғузий”, ”Маҳбуб-ул-қулуб”, “Вақое”ни қайта-қайта варақлаб, одам боласининг турфа феъл-атворию руҳий олами, шунга яраша инсоний қисмати хусусидаги қимматли фикрларни кўплаб учратасиз. Уларда меҳр, шафқат, муҳаббат, оқибат, диёнат, садоқат, виждон, иймон, тавфиқ, андиша, субут, лафз ва бошқа руҳий бисотларимиз баайни сеп қилиб ёзилган, дейишимиз мумкин Агар бу Миср эҳромларидек ўлмас асарларимизда тараннум этилган руҳий қадриятлар руҳият эҳромининг кўзга бир қарашдаёқ яққол ташланувчи ёрқин қирралари бўлса, мазкур эҳромнинг мустаҳкам асос-пойдевори, тагзамини инсофдир. Инсоф нима? Инсоф одам боласининг оламга том маънода инсоний қараш мезони, ўз-ўзига ва бошқаларга инсоний муносабат йўсини, кўнгил кўзи, қалб дарчаси, руҳий таянчи... “Пичоқни ўзингга ур, Оғримаса ўзгага ур” деганларидек, бошқаларни ҳам худди ўзидек ҳис қилиш, ҳамдардлик, русча айтганда, “сочувствие”. Дейлик, “Мен яшаб турган дунёда фалончига нима бор” дея ториқиб, бошқаларга ғашлик ва ғайирлик билан қараш мутлақо инсофдан эмасдир, зеро Аллоҳ Таоло бу оламдаги барча бандаларини ва барча халқларини тенг ҳуқуқли қилиб кенглик ва инсоф билан яратган. Шунинг учун ҳам Ҳақ Таоло-да у! Инсоф одам боласининг ўзини муайян жамият аъзоси, мамлакат фуқароси ва халқ вакили сифатида ҳис қилиб, ўз ҳатти-ҳаракатларини ана ўша жамият, мамлакат ва халқнинг манфаати, эҳтиёж ва талаблари асосида содир этишга ундовчи руҳий кучдир. Бинобарин, ўзи мустақил Ўзбекистон давлатининг фуқароси бўла туриб, паспортида “миллати ўзбек” дея қайд этилгани ҳолда ўзбекнинг эгнидаги тўнию бошидаги дўпписига истеҳзо ва нафрат кўзи билан қараб, зимдан ва ё ошкора тарзда бу халқнинг тинч-осуда ҳаётига раҳна солиб, туб манфаатларига зид ҳатти-ҳаракатлар қилиш тузини ичиб тузлиғига тупуришдек кўрнамаклик – бу энди ҳар қандай инсоф доираси ва инсоф чегарасини назар-писанд қилмаслик қадар ҳаддидан ошишдир. Башарият тарихидаги ҳар бир мутафаккир ўз фаолиятида аввало мана шундай ҳаддидан ошишларга қарши ўз руҳий қувватини қалқон ва балогардон қилиб, муайян халқ вакиллари, мамлакат аҳли ва жамият аъзоларини инсофга, инсоф йўлини тутишга, инсоф асосида иш кўришга чақирганлар. Ҳеч қачон ҳеч қаерда ноинсофликка, демакки, ноҳақликка йўл қўймасликка ҳаракат қилганлар. Ҳар бир одам ва ҳар бир ҳалқнинг қанчалик донишмандлиги, айниқса, инсофга муносабатда қатрадаги қуёшдек аён кўринади. Хусусан, донишмандликда беназир ўзбек халқининг ҳикматли гапларида уқтириладики, “Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл”, “Инсоф сари барака”... Қаранг-а! Ноинсофлик ўғрилик билан ғарликдан беш баттарроқ руҳий иллат экани таъкидланмоқда! Агар инсоф йўлини тутган бўлса, ўғри билан ғарни ҳам кечириш мумкин, лекин ҳаддидан ошиб ноинсофлик қилган нокасни кечириб бўлмайди! “Эй ўғил, ҳаддингда тур отанг сени сотганда ҳам” дейилади ўзбек халқ қўшиғида. Қай бир ота ўз ўғлини бозордаги қулдек сотишни истайди дейсиз! Башарти шундай қилган тақдирда ҳам фарзанднинг ҳаддидан ошиб, падари бузрукворига андишасизлик, дилозорлик, оқпадарлик ва падаркушлик қилиши мутлақо инсофдан эмасдир. Ана ўша ўғил туриши лозим бўлган ҳад – инсоф чегарасидир, яни, инсонийлик чегарасидир. Зотан, отанинг ули ўғил бўлганидек инсонийликнинг ули инсофдир. “Инсоф сари барака” мақолини қандай тушуниш мумкин? Дейликки, сиз бой-бадавлатсиз, шу боис ҳолингизга яраша данғиллама тўй қилдингиз-да, эл-юртга қозон-қозон ош бердингиз, ортиб қолган ноз-неъматларни молга бердингиз, ахлатга ташладингиз, лекин камбағал-муҳтож, беваар-бечора қўшнингизга “Бу кунингдан баттар бўл!” дегандек қайрилиб ҳам қарамадингиз. Башарти қарасангиз, айни шу маънода нописандлик билан қарадингиз. Худонинг қудрати ва фалакнинг гардиши билан орадан кўп ўтмай сизнинг қўл киридек мол-дунёнгиз елга совурилиб, аксинча, ўша қўшнингиз бойиб кетди. Бойиб кетди-да сизнинг қилмишингизни ортиғи билан такрорлади... Бундай аҳволда исроф бор, увол бор, худбинлик, зиқналик, ичи торлик ва ҳакозо иллатлар бор, лекин барака қаёқдан бўлсин! Инсоф йўқ жойда барака нима қилсин!.. Шундай бир аниқ-тиниқ манзарани тасаввур қилинг: қозон бошида қаққайиб туриб олиб, “Қозончида ихтиёр – қайдан қулоқ чиқарса. Давринг келди, сур, бегим!” дея билган номаъқулчилигини қилаётган нокасни “Бу қанақаси?! Қозон меники, ичидаги масаллиқ меники, тагидаги ўт билан пиширилган ош ҳам меники, битта чўмичингга ишониб нималар қиляпсан ўзи?” дея инсофга чақирган бечоранинг бошини чўмич билан уриб ёриш...ўтакетган ноинсофликнинг сувратию махражи мана шудир! Бундай трагикомик ҳолатда икки ўртада барака нима қилсин, ахир, инсоф сари барака-да!.. Бундан йигирма йилча аввал тошҳовузлик ёзувчи Райимбой Собировнинг “Инсоф” қиссаси қўлёзмасига қувона-қувона тақриз ёзар эканман, ўзимча орзу қилган эдим: қисса-ку, ўз йўлига, лекин... қани энди “Диёнат” романининг ёнида тура оладиган “Инсоф” деган яна бир роман бўлса-да, унда “инсоф” тушунчасининг бутун моҳияти таг-туги билан кенг кўламда очиб кўрсатилса!... Орадан беш-олти йил ўтиб, ўзбек бадиий публицистикасида ўзига хос мактаб яратган отахон адибимиз Иброҳим Раҳимнинг “Қайлардасан, жаннатий инсоф?” мақоласини иштиёқ билан мутолаа қилганимда ўша бир орзуим ўз-ўзидан қатъий истакка айланди. Бундан ўн икки йил муқаддам матбуот ва ахборот агентлиги ёзувчилар, ноширлар ва олимлар иштирокида “Янги давр, янги қаҳрамон” мавзуида давра суҳбати ташкил этганида мазкур истагим муайян таклиф сифатида тилга ҳам кўчди: “Қани энди бугунги кунда виждон эркинлиги қўлга киритилган экан, ёзувчиларимиздан бири, масалан, “Шайхулислоим” деган роман ёзиб берса-да, унда кўп йиллар мобайнида қувғин ва ёмонотлиқ қилинган руҳоний зотларимиздан бирининг руҳий олами ҳам, дини исломнинг туб инсонпарвар ва тинчликсевар моҳияти ҳам очиб кўрсатилса!..” Шундан буён ўтган ўн икки йил мобайнида “ “Тилсим (Туркистон достони)”, ”Элчи (Афанди ўлмайдиган бўлди)”, “Улус (Форобийнинг дўсти)” ва “Замона зайли” насрий достонларини ёзиш асносида кўнглимдаги ўша кўп йиллик орзуим ҳам тобора аниқ-тиниқ қиёфа касб эта борди: дейлик, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳаёти ва фаолияти ҳақида шундай бир тарихий роман ёзилсаки, унда ислом ҳуқуқшунослиги – фиқх илмининг моҳияти билан бир қаторда том маънодаги руҳоний зотнинг руҳий олами атрофлича ёритиб берилса!.. Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Маънавият” нашриётида бир неча бор чоп этилган сайланмаси ва, умуман, Беҳбудий мероси билан атрофлича танишар эканман, янги ўзбек адабиётининг карвонбошиси хисобланувчи бу руҳоний зот хусусида ҳам тарихий роман ёзилса экан, деб ўйладим... Тўғри, кейинги йилларда улуғ руҳоний пирларимиз ҳақида бир қатор тархий асарлар яратилди. Саъдулла Сиёевнинг “Яссавийнинг сўнгги сафари”, Хайриддин Бегматнинг “Девона Машраб” тарихий романлари, Наим Каримовнинг “Чўлпон” маърифий романи шулар жумласидан. Бу асарлар барчамиз учун ўзича қадрли, албатта. Лекин руҳоният олами, руҳият эҳроми, унинг “инсоф” деб аталмиш тагзамини, аниқса, бугунги кунда одам боласининг руҳи равонида рўй бераётган ғоят мураккаб жараёнлар, хусусан, ислом дунёси ва диний экстремизм ўртасидаги муносабатларга доир оламшумул чигалликлар ва муаммолар... қани энди бирон-бир йирик эпик асарда ўзининг бетакрор бадиий ечимини топса! Бу асар балки “Шайхулислом” деб аталар, балки “Руҳи равоним”, балки “Инсоф доираси”, балки бошқачароқ... Муҳими у бугунги кунда ер юзида яшаб турган олти миллиард одам боласини – бутун башариятни инсофга чақириб, беҳисоб низо-нифоқ ва уруш-жанжалларга барҳам бериш ишига кўмаклаша оладиган, ҳар бир инсон қалби ва бутун башарият руҳидаги ўзига ҳос эҳромни яна-да сарбаланд ва пурвиқор қила оладиган, аввал-бошда тилга олинган араб ҳалқ мақолида нозик ишора қилинганидек, “вақтни ҳам қўрқитадиган” умрибоқий асар бўлса! Илоё шундай бир асарни яратиш ўзларини “киши руҳининг инженерлари”, руҳшунос, руҳий олам билимдони деб ҳисобловчи адабиёт ва санъат аҳлига тез орада муяссар бўлғай! Агар кимдир шу ўта муҳим ва мушкул ишга қўл уришга журъат қилса, башарият маънавий дунёси равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз – бири биридан улуғроқ руҳоний зотларимизнинг ўлмас руҳи поклари ўша журъат соҳибига мададкор бўлғай!
Руҳоният ва руҳшунослик

Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг бундан қарийб қирқ йил аввал ёзилган сара шеърларидан бири “Руҳим”, ёдингизда бўлса, шундай якунланган эди: Сен мисли камалак, юксак ва сўлмас, Камалакни эса, парчалаб бўлмас. Дарҳақиқат, камалакни парчалаб бўлмаганидек, инсон руҳини ҳам майда бўлакларга, таркибий қисмларга ажратиб бўлмайди. Агар ажратиб кўрсатилса, бу худди “юлдузлар олами”, “наботот дунёси”, “тириклик олами” сингари, бир бутун руҳий оламнинг мураккаб табиатини нисбатан соддароқ шаклларда тушунтиришнинг ўта шартли воситасигина, холос. Инсоннинг муайян руҳий ҳолати, аҳвол-руҳияси, кайфиятини ҳис қилишга кўмаклашувчи “руҳи синиқ”, “тушкун руҳ”, “кўтаринки руҳ”, “руҳи шикаста”, “руҳий ҳаста” сингари кўпгина сўз бирикмалари ҳам, аслида, худди шундай шартли воситалардир. Зотан, руҳни (ҳоҳ у Олий Руҳ, яъни, Аллоҳ Таоло бўлсин, ҳоҳ Аллоҳ Таолонинг ўзига хос тажаллийси саналувчи инсон руҳи, яъни, кўнгил, дил, қалб, юрак...) англаб етишга нисбатан ҳис қилиш осонроқ. Чунки руҳ ақлий билишга нисбатан ҳиссий билиш соҳасига кўпроқ тааллуқли ҳилқатдир. Шу боисдан руҳнинг моҳиятига мутафаккир олимга нисбатан яратувчи санъаткорнинг чуқурроқ кириб бориши нисбатан осонроқ ва қулайроқ. Натижада, дейлик, илҳом, интуиция, яъни, савқи табиий сингари руҳий ҳодисалар мутафаккир олимга нибатан ижодкор санъаткорга кўпроқ хосдир. Бошқача айтганда, мутафаккир асосан ақл билан, санъаткор эса, асосан кайфият, туйғу билан иш кўради. Сўз санъаткори ва киши руҳининг инженери сифатида руҳнинг туб моҳиятига чуқур кириб бориш, инсон руҳий оламини бирон-бир бадиий асарда теран руҳий таҳлил асосида жонли акс эттириш ва, айниқса, асар қаҳрамонлари тимсолида улар мансуб бўлган халқ руҳини ёрқин бўёқларда кўрсатиб бериш осон иш эмас. Руҳоний шахснинг руҳий дунёси, дейлик, бирон пайғамбар, авлиё, шайх, муфти, маҳдум, қори, имом, эшон, махсум ва бошқа руҳоният пешволарининг руҳий оламлари хусусида роман ёзишда эса, табиийки, иш камида икки-уч баробар мушкуллашади. Чунки бу ўринда аввало ҳиссий ва ақлий билиш, мутафаккирлик ва санъаткорлик, адабиёт ва илм-фан ўзига хос тарзда уйғунлашиб кетиши, ўзаро зид қутбларнинг бирлаштирилиши тақозо этилади. Менинг назаримда, бу ўта мушкул ишни кўнгилдагидек уддалашда ўзбек ёзувчисига монелик қилувчи яна бир жиҳат ҳам бор. Гап шундаки, гарчи бизда бир пайтлар калом илми, тасаввуф илми, фалсафа, мантиқ ва бошқа фанлар ривожланган, янги давр насрида эса, айниқса, Одил Ёқубов романларида қаҳрамоннинг ички дунёсини теран руҳий таҳлил этишнинг бой тажрибаси тўпланган бўлса-да, руҳшунослик, яъни, психология фани, айниқса, унинг муайян халқнинг миллат сифатидаги руҳий олами, миллий табиати билан боғлиқ соҳаси бўлмиш ижтимоий руҳшунослик, яъни, социал психология ривожланмаган. Аниқроғи, Шўро тузуми даврида бу соҳа атайин ривожлантрилмаган. Холбуки жаҳон романчилигидаги, дейлик, Стендаль ва Флобердан то Достоевский ва Жойс асарларига қадар руҳий таҳлил бобида тўпланган бой тажрибалар, хусусан, онг оқими ва онгости (подсознание)га хос жараёнларни таҳлил этиш маҳорати руҳшунослик фани ютуқлари, масалан, Зигмунд Фрейднинг руҳий таҳлил тажрибалари, Ницше, Спенсер, Шопенгауэр ва бошқа кўпгина руҳшуносларнинг илмий тадқиқотлари заминига асослангандир. Кейинги бир аср мобайнида бизга руҳан яқинроқ бўлиб қолган рус адабиётини олиб қарасак, бу адабиётнинг икки оламшумул чўққиси – Лев Толстой ва Федор Достоевский асарларидаги теран руҳий таҳлил санъати ҳам бўшлиқда бирданига пайдо бўлиб қолмаган, албатта. Улар Гоголь ва Пушкиндан бошлаб то мазкур адибларнинг ўзларига қадар кўпгина ёзувчиларнинг рус характери, рус халқига хос миллий хусусиятларга доир фалсафий мушоҳадалари, рўй-рост айтилган ошкора фикр-мулоҳазалари, фанда эса, Павлов, Сеченев, Мечников каби буюк рус физиологларининг руҳшуносликка доир теран илмий тадқиқотлари иқлимида вужудга келгандир. Масалан, Илья Мечниковнинг “Инсон табиати ҳақида лавҳалар” ва “Кўтаринкилик лавҳалари” илмий тадқиқотлари одам боласининг ички табиати ва рус халқининг миллий характерини теранроқ тушунишда нафақат ўқувчилар, балки ёзувчилар учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга кўмакчи бўлди ва ҳали-хануз бу борадаги беқиёс аҳамиятини тўла-тўкис сақлаб турибди. Ўз адабиётимизни олиб қарайдиган бўлсак, дейлик, академик Бертельснинг “Ўткан кунлар” романи тақир жойда баайни Помир тоғидек қўққисдан пайдо бўлгани хусусидаги фикрида муаллиф даҳосига қойил қолишга нисбатан, назаримда, “Қаёқдан пайдо бўлди бу?” қабилида ажабланиш, ҳайратга нисбатан таажжуб ҳисси кучлироқ эди. Шундай ҳар жиҳатдан баркамол романнинг тегишли илмий асос, ижтимоий онг даражаси, фан тараққиёти, хуллас, мустамлака шароити ва мустабидлик замонида тегишли тагзамини бўлмагани ҳолда дабдурустдан – кутилмаганда пайдо бўлиб қолиши, айниқса, мустамлакачилар учун, дарҳақиқат, таажжубланарли эди.Холбуки ўзбек адабиётининг олтин асри бўлмиш темурийлар даврида ҳам даставвал Мирзо Улуғбекнинг осмон илми ва бошқа илмлар, ана ундан кейингина Алишер Навоийнинг сўз санъатимизни осмони-фалакка юксалтирган беқиёс шеърияти дунёга келган эди-да! Демоқчиманки, одатда ҳар бир ишда, айниқса, бадиий ижодда ютуқнинг қанчалик оламшумуллиги илмий асос – тагзаминнинг нечоғли мустаҳкамлигига бевосита боғлиқдир. Афсуски, бизда ўзбек халқининг миллий менталитетига хос мусбат ва манфий жиҳатлар, хусусан, “олтинчи бармоқ”қа боғлиқ иллатлар, умуман олганда, ўзбек характери, ўзбекчилик, ўзбеклик, ўзлик ҳақидаги ошкора мушоҳадалар, фалсафий асарлар, илмий тадқиқотлар, дейлик, рус, немис ва инглиз халқларида бўлганидек кўп эмасдир. Бу ҳам “Бош ёрилса – бўрк ичида, илик синса – енг ичида” дея сир бой бермай сипойилик сақлаб яшашга мойил ўзбекнинг миллий табиати билан изоҳланса ажабмас. Холбуки “Оғриқни яширсанг иситмаси ошкор қилар” деганларидек,бутун ички сир-асрор ва руҳий дунёнинг аниқ-равшан ифодасини халқнинг ўз ижодидан истаганингизча топишингиз мумкин. Масалан, “Бор бўлсанг – кўролмайди, йўқ бўлсанг – беролмайди” деган ҳикматли гап фақатгина ўзбек халқи ярата оладиган, ўзбекнинг ўз ичидан чиққан балолар – бахил ва зиқна кимсалардан ёниб-ўртаниб, оҳ-фарёд чекиб яратган том маънодаги милий мақолидир. Ёхуд, “Ўзингники ўзагингни ўяди” мақолини олиб, унинг мағзини чақиб, фалсафий-руҳий салмоғини ўзингизча чамалаб кўринг! Нақадар ўзбекона мақол бу! Учтагина бўлакдан таркиб топган шу содда йиғиқ гапни илк бора тилга олган ўзбек уни, худди Миртемир домланинг “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим” сатрлари каби, дил-дилдан бўзлаб, қон қақшаб, икки қўли билан бошини чангаллаб айтган бўлса ажаб эмас!.. Ҳа, “Куйгандан кулли бало чиқади” деганлари рост! Куйган юраклардан “Муножот”дек куй, “Чўли Ироқ”дек беқиёс наво, тош юракларни ҳам зир титратгувчи гиря, йўқлов, илтижо ва ҳакозо мўъжизалар чиқиши табиийдир, айниқса, ўзингники ҳар қадамда ўзагингни ўйиб турган бир пайтда ва халқингни кўнгли ярим, шикастадил, руҳи синиқ, номукаммал, ўзингни эса, ночор-нотавон ҳис қилиб, Алишер Навоий чизган “Занжирбанд шер”дек нажот истаб, чора қидириб ожизона тўлғонганингда... Гоҳо шунақанги шоҳ асарлар дунёга келадики, муаллифнинг ўзи ҳам “Воажаб, шу менми?!” дея ҳайратдан ёқа ушлайди. Бадиий тафаккурни жаҳоний юксакликларга кўтарганини ўзи ҳам билмай қолади. Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси – “Алпомиш” достонини олиб, унда ўзбек халқининг миллий табиатига хос фазилат ва иллатлар нечоғли ёрқин бўёқларда акс этганига диққат қилинг. Асардаги зиддиятнинг кескинлашиб бошлашига қаранг. Арзимас бир баҳонаи сабаб – закот туфайли бир қориндан талашиб тушган ака-укалар Бойбўри ва Бойсарининг бир-бири билан аразлашиб, юз кўришмас бўлиб кетиши... бу қанақаси?! Айтиш мумкинки, жаҳонда ўзбекдан бошқа ҳеч бир халқ бундай ҳолатни ақлигаям сиғдиролмайди. “Воажаб, қондош-жондош ака-укалар дунёнинг молини талашяптими, нимани бўлишолмаяпти? Закот сифатида бериладиган бир тиррақи эчкига ота гўри қозихона бўлдими энди? Шунга шунчами?!” дея ажабланиши аниқ. Бу ҳолатни фақатгина ўзбек тўғри тушуниб, теран ҳис қила олади. Зотан, жаҳоннинг энг қадимий халқларидан бири бўлмиш ўзбекнинг кўнгли шу қадар нозикки, унга энг яқин жигарбанди томонидан содир этилган салгина нописандлик ҳам малол келади-да, у билан улкан бир мамлакатга ҳам сиғишиб ўзаро муроса-мадора қилолмай, ҳар бири ўзи хон, ўзи бек, ўзи ўзига хон, кўланкаси майдон бўлади-қўяди. Фазилатми-иллатми, худо билади, ҳар қалай, ўзбек халқига “қўндоқда теккан касаллик”, яъни, аввал-бошда “ўзбек” номига асос бўлиб хизмат қилган энг бирламчи руҳий сифат-да бу! Ёҳуд, достон воқеалари яна-да кескинлашган чоғдаги бир вазиятга эътибор қилинг! Мана, Ёртибой оқсоқол сингари ўтакетган худбин ва калтабин кимсаларнинг қутқуси билан Бойсари ўн минг уйли қўнғирот элини бошлаб юртни тарк этди-да, қалмоқлар юртида сиғинди сифатида қўним топди. Қалмоқлар юртидаги тўқсон алп ёппасига Барчинга зуғум ўтказиб, “Ё биримизга, ё баримизга тегасан” дея қисталанг қилганида яна ўша Ёртибой оқсоқолдек кимсаларнинг “доно маслаҳатлари” билан Барчиннинг ёлғиз ўзи овлоқ бир жойга бадарға қилинади, ҳамма “Алплар билан қизнинг ўзи муомала қилаверсин, бизнинг бошимизни ғалвага қўймасин” деган антиқа тўхтамга келади. Бу ўринда киройи халққа эмас, оломонга хос хусусият – “ўзим”, “ўз тинчим” дея ўз боши ва қорнининг қайғуси билан яшаш иллати санъаткорона ифодалангандир. Ўзбекнинг ўрнида бошқа бирон-бир халқ вакили “Ие, бу қанақаси?! Аввал-бошда қиз бечорани қалмоқлар юртига қўлидан судрагандек мажбуран олиб келганларидан кейин нега уни ўз ҳимояларига олиб, балогардон бўлишнинг ўрнига ораларидан ҳайдаб чиқариб, ёлғиз ўзини балога юзма-юз қолдиришяпти? Бу қанақа халқ ўзи?!” дея ажабланиши шубҳасиз. Бутун бошли қавм – ўн минг уйли қўнғирот аҳли шундай ўтакетган ноинсофлик ва ноҳақлик қилаётган бўлса-да, ҳеч ким уларга эътироз билдириб, инсофга чақирмаса! Гўё айнан шундай бўлиши керакдек. Гўё мусофир юртидаги танг аҳволларига ўзлари эмас, бегуноҳдан бегуноҳ Барчиной айбдордек! Бундай руҳий ҳолатлар тасвирида халқ табиатидаги энг афсусланарли иллатлардан бирини рўй-рост кўрсатиш, шу асосда халқнинг ўзини ўзи оломонга хос иллатлардан халос этиб, ҳар бир қоракўз ўзбекка жони қайишиб, жони ачиб, жонкуярлик ва жонфидолик билан қарашга даъват ҳам санъаткорона ифодаланганки, “Алпомиш” достонининг шоҳ асарлиги аввало мана шундай руҳий ҳолатларнинг қойилмақом тасвиридадир. Замонавий ўзбек насрининг икки шоҳ асари – “Ўткан кунлар” билан “Кеча ва кундуз” романларини олиб қарасак, бу асарларда ҳам ўзбек халқининг миллий характерига хос мусбат ва манфий жиҳатлар – ўзбекона руҳ, ўзбек руҳи, худди “Алпомиш” достонидаги каби, санъаткорона ифодаланганини аён кўрамиз. Эътибор беринг, Отабек Кумуш билан, юзаки қараганда, таҳорат, яъни, ҳалоллик-поклик сабаб рўй берган бир бахтли тасодифнинг шарофати, аслида эса, Худонинг қудрати билан севиб-севилиб турмуш қуришди. Ҳоҳ кутилмаган бўлсин, ҳоҳ кутилган, ҳар қалай, бир инсоний бахт-саодат шунчалик бўлади-да! Ана энди жиддийроқ ўйлаб қаранг! Жаҳондаги ҳар бир ота-онанинг энг бирламчи орзуси ўз ўғил-қизларини севиб-севилиб турмуш қурган, оламдаги энг олий инсоний бахт-саодатга эришган ҳолда кўриш эмасми? Руҳи комил ва ақли бутун ота-онанинг бундан-да улуғроқ қандай орзуси бўлиши мумкин?! Романни ўқиган ўзбекдан бошқа халқлар вакиллари кўнглида бу сингари саволлар ўз-ўзидан уйғонади. Лекин ўзбек ўқувчиси бунга мутлақо ажабланмайди, чунки у яхшигина билади ва дил-дилдан чуқур ҳис қиладики, ҳар бир ўзбекнинг ота-она сифатидаги орзуси ўз зурёдини бахтиёр кўриш билангина ушала қолмайди, балки бундан ҳам кўпроқ бошқаларга намойиш қилиш, ҳаттоки ичидан қиринди ўтиб ётган бўлса-да, атроф-жавонибдаги дўст-душманларига ўзларини бу оламдаги энг бахтиёр, беками кўст инсонлар сифатида кўрсатиш, ўз бахтини кўз-кўзлаш, керак бўлса, кўзларни куйдириб яшаш, хуллас, оиладек энг шахсий масалаларда ҳам ўзларини эмас, бошқаларни деб яшаш иштиёқи ҳамиша кучлироқдир. Ота-онадан ўғилнинг руҳий ҳолатига ўтсак, яна-да антиқароқ манзарани кўрамиз. Отабекнинг ўрнида, масалан, бирон рус йигити бўлганида Зайнабга мажбуран уйланишнинг ўрнига “Папаша, бу менинг шахсий ҳаётим, яшайдиган мен, так что шахсий ҳаётимга мутлақо аралашма!” дея орани очиқ қилиб қўя қолиши шубҳасиз эди. Лекин Отабек бундай демайди, деёлмайди, чунки у ўзбек, ўзбекнинг бутун фазилат ва иллатларини ўзида мужассамлаштирган, жумладан, ўзбекона андиша соҳиби. Шу боисдан, масалан, “ақлли кишиларнинг ўз ўғиллари устидан қилган ишлари ножўя бўлмас” қабилидаги назокатли ишоралар, лутфлар, нари борса, илтимослар ва ўтинчлар қилади, лекин зинҳор ота-онасининг юзига оёқ қўйиб, улар билан ҳақ-ҳуқуқ талашмайди, уларнинг ҳам юксак ички маданиятига, ўзбекона фаросатига умид боғлайди. Фақатгина андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, ҳаддидан ошишлар авж олганида ювошдан йўғон чиқиб, қўй оғзидан чўп олмаган беозор жон ҳам аввал бирйўла уч кишининг қотилига, сўнгра хотини Зайнабни “жалаб” дея ҳақоратлайдиган оғзи шалоқ сўконғичга ва, ниҳоят, шаҳидга айланади. Умуман, “Ўткан кунлар” романида, хусусан, Отабек сиймосида ёзувчи шахс эрки масаласини жиддий қилиб қўяди. Шахс ўзининг шахсий ҳаётини ўзи ҳал қилолмасдан бошқа бировга (ҳаттоки у ўз ота- онаси бўлса ҳам) бош-бутун топшириб қўйдими, бас, унинг бахтсизликлари ва кулфатлари тобора ошиб-тошаверади, баайни бурнидан ип ўтказилган туядек ачинарли алфозларга ўзи истамаган ҳолда тушаверади! Айни шу таъкид Абдулла Қодирийнинг иккинчи асари “Меҳробдан чаён”да ўз бахти ва ўз эрки учун нисбатан дадилроқ курашувчи Анвар ва, айниқса, Раънонинг жасорати тасвирида нисбатан яққолроқ уқтирилади. Ҳар икки асарда халқни мустақилликка олиб келувчи руҳий асос – шахс эрки экани инсоний қисматлар мисолида санъаткорона кўрсатилади. Шахснинг эрксизлиги қандай инсоний фожиаларга олиб келиши мумкинлигини “Ўткан кунлар” билан “Меҳробдан чаён” романларига нисбатан яна-да кучлироқ, таъсирчанроқ кўрсатиб берган асар, шубҳасиз, “Кеча ва кундуз” романидир. Асарнинг бош қаҳрамони Зеби(ниса) бошидан кечирган кўргиликларда ҳамма айбдор: бир томонда – қаҳрамоннинг ўзи, унинг эрксизлиги, ҳуқуқсизлиги, ночор-нотавонлиги... иккинчи томонда – онаси Қурвонбиби фитнанинг бўш-баёвлиги, отаси Раззоқ сўфининг калтабинлиги, Мирёқубнинг худбинлиги, Хадичахоннинг маккорлиги, Энахоннинг ночорлиги, Акбаралининг ноинсофлиги, “Балиқ бошидан чирийди” деганларидек, асарда кўрсатилган энг олий руҳоний зот – Ҳаст Эшоннинг ҳам ўз манфаати шахсияси йўлида ҳақ йўлидан озганлиги... Қизиғи шундаки, асарда ҳамма ўз шахсий манфаатидан келиб чиққан ҳолда Зебининг бахтсизлигига – шу гўзал гулғунчанинг очилмай эрта хазон бўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Лекин улардан биронтаси, ҳаттоки эл-юртнинг руҳий суянчиқ, руҳий мададкор, руҳоний сифатида ишонгани Ҳаст Эшон ҳам “Ҳой, мусулмонлар, нима қиляпсанлар?! Бу бечора норасида гўдакни одамга ўхшаб яхши яшагани қўйинглар-да энди!” дея Зебининг атрофини қуршаган ноинсофларни инсофга чақирмайди, чақиролмайди! Асарнинг “Кеча”лиги, яъни, унда кўрсатилган руҳ осмонининг қоронғу кечадек тим қаро, яъни, зимистонлиги мана шунда-да! Наҳотки Зебининг энг бирламчи инсоний ҳаққи-ҳуқуқини ҳам ҳимоя қиладиган ақалли биронта мусулмони комил бу “Мусулмонобод Туркистон” дея улуғланувчи қадимий бир ўлкада топилмаса?! Асарни ўқиган ўзбекдан бошқа халқ вакили бўлмиш китобхон шундай саволлар устида бош қотирган кўйи ҳайрат бармоғини тишлаб, ёқасини ушлаши аниқ. Лекин ўзбек китобхони мутлақо ажабланмайди. Чунки билади: бу халқ ҳақиқат йўлида ўз вақтида енг шимариб дадил курашишга нисбатан “Қани, кўрайлик-чи, нима қилар экан, охири қаерга бориб тўхтар экан” дея “арқонни узун ташлаб” кутишни, жимгина сукут сақлашни, томошабинликни хуш кўради. Ҳар қандай золимнинг ҳам кунлардан бир куни инсофга келишидан умидини узмай сабр-тоқат билан кутади. Лекин пичоқ бориб суякка қадалганида... шунақанги портлайдики, натижада, дейлик, Чўлпоннинг “Кеча”сидек жамиятни ҳам, руҳиятни ҳам, моҳиятни ҳам ларзага келтира оладиган бадиий тафаккур мўъжизасини беихтиёр яратиб қўяди. Бундай мўъжизалар кўзларини ўтдек куйдирган чоғида халқ ичидаги ғаламис кимсалар ҳам фавқулодда жумбушга келиб, “Ўзинг нега хотинингга калиш обермайсан?” дея афандини айбдор қилишга уринган ўғридек, ўша мўъжиза соҳибларини ҳар боб билан ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Айниқса, ўзбек халқида бундай уринишлар кутилган самараларини беради ҳам! Хусусан, “Кеча ва кундуз” романидан кейин Абдулҳамид Чўлпонни, дейлик, бир ҳовуч шотут атрофида куракка турмас баҳоналар билан ёмонотлиқ қилишлар бошланиб кетгани бугунги кунда барчага маълум! Бундай ҳолатларда фақат фожиалар рўй беравермайди, гоҳида янги мўъжизалар ҳам жамол кўрсатади. Масалан, Алишер Навоийнинг “Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл” шоҳбайти, Абу Али Ибн Синонинг “Агар менки кофир эрсам, Бу оламда мусулмон йўқ!” шоҳсатри шулар жумласидандир. Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Қаҳҳордек улкан сўз санъаткорлари, ҳақгўй адибларимизга ноҳақ тақалган айбларнинг энг оммавийси уларни халқ ҳаётини қора бўёқларда кўрсатиш ва халқ ҳаётидаги ижобий ҳодисаларни кўролмасликда айблаш бўлгани мутлақо бежиз эмасдир. Гап ҳамиша мевали дарахтга тош отилишидагина эмас, балки ҳар бир буюк ёзувчининг ижодий фаолиятида бундай айбловлар учун асос ҳамиша етарли бўлишидадир. “Дўст ачитиб айтади, душман кулдириб”, дейди халқимиз. Буюк адибнинг куйиб-ёниб айтган ҳар бир сидқидил гапи ачитиш, ачинтириш, куйдириш-ёндириш қудратига эгадир. Бинобарин, буюк шахснинг гапираётган гапини тўғри тушунишда мазкур гапнинг айтилиш жараёнидаги муаллифнинг руҳий ҳолатини теран ҳис қилиш, дилидаги дарди ва пировард мақсадини англаб етиш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, дейлик, ирланд халқининг миллий табиатига хос иллатлардан юраги ўртанган, “Бу халқ қачон одам бўлар экан-а!” дея изтироб чеккан, ҳатто уни бўралатиб сўкишдан ҳам қайтмаган Жеймс Жойс ва ё рус халқини ювуқсиздан олиб ялқовга солган, ўғридан олиб каззобга солган айрим рус адиблари бизнинг ўз халқимизга муҳаббатимизга нисбатан минг чандон кучлироқ туйғу билан ўз халқини севгани, азбаройи уни яна-да комилроқ кўришни астойдил истагани, унинг руҳидаги ҳар бир иллатдан юраги ўртангани, шу боис “Менга нима зарил!” дея бепарво-лоқайд қараёлмагани шак-шубҳасиздир. Биз эса... Табиатимиз шунақаки, кўп ҳолларда ўз халқимизга мансуб айрим кимсаларнинг қоронғу кеча эмас, сим-сиёҳ тундек қоп-қора юракларида руҳият эҳроми ўрнида баайни қора туйнукдек бир тубсиз ўпқон, Саҳрои Кабирдек бепоён қумлик ястаниб ётган ва уни ўз кўзларимиз билан кўриб-билиб турган бўлсак-да, кўрган-боққанларимизни ошкора айтиб, иллатга баҳамжиҳат даво қидиришнинг ўрнига лом-мим демай сукут сақлашни, кўриб кўрмаг анга олишни, “Туя кўрдингми – йўқ...”, “Кўрмадим дедим – қутулдим...” дейишни афзал биламиз. Шу қадар тинчликсевар, қўймижозмизки, ичимиздан чиққан балолар бизни тинчимизга қўйсалар бас!.. Қолаверса, жуда кўп йиллар миллат қайғуси, халқ дардида куйиб-ёнган не бир миллатпарвар-халқпарварлар “миллатчи” ва “халқ душмани” сифатида бадном, қувғин ва қатл этилавергач, бундай хизматга туҳматлардан юрак олдириб қўйган одамлар ўз тинчини ўйлайдиган бўлиб қолиши табиий-да! Шунинг учун ҳаттоки халқ ёзувчилари ва олимлари орасида “Халқ билан неча пуллик ишим бор! Ўзим, болам, чақам...” деб қаровчилар бугунги кунда ҳам, афсуски, кўпчиликни ташкил этади... Тўғри, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг дастлабки йилларида, дейлик, Азамат Зиёнинг ўзбекчилик хусусидаги туркум мақолалари, марҳум адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжоновнинг “Ўзбекнинг ўзлиги”, шоир Азим Суюннинг “Ўзлик” китоблари, ойнаи жаҳонда “Ўзлик” ва “Очун” кўрсатувлари пайдо бўлди. Лекин, афсуски, бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмади. Айниқса, руҳшунос олимларимиз ҳали-хануз ғафлат уйқусига ғарқ бўлиб ётибдилар, десак муболаға қилмаган бўламиз... Руҳият, руҳоният ва руҳшунослик хусусидаги мазкур адабий ўйлар ҳам каминаи камтариннинг 1977 йилда ёзиб тугатилган ва 1983 йилда қоқ ярми амал-тақал чоп этилган “Осмон тўла юлдузлар (Туйғулар ҳақида суҳбат)” фалсафий эссесидан кейин орадан талай йиллар ўтиб, ёруғлик кўришига бир ишониб, бир ишонмай, қалб дарчасини салгина қия очиб, ўта эҳтиёткорлик билан ёзилган ҳаминқадар ошкора мушоҳадаларидир.Улардан кўзда тутилган муддаони тўғри тушунасиз деган умиддаман: ҳеч бир инсон ва ҳеч бир халқ сирти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб қолмасин. Моддий бойликлар кетидан қувишлар маънавий-руҳий инқирозларга олиб келмасин. Руҳимиз соғлом, руҳиятимиз бой, руҳоний оламимиз гўзал бўлсин!
Руҳий ҳолат таҳлили

Қадимий халқлар асотирларида ҳам, ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам, мумтоз ёзма адабиётимизда ҳам жон қушга нисбат берилади. Шу боис, масалан, тилимизда “жон қуши” сўз бирикмаси кўп қўлланилади. Алишер Навоий Фаридиддин Атторга қиёслаган қақнусми ва ё “Лисон ут тайр” достонида тилга олган қушлардек беозоргина, лекин бургут билан лочиндек ваҳший бўлмаган жон қуши ўта сезгир, зийрак, ҳамма нарсани биладиган қушдир. Жон тарк этган тана, жонсиз гавда тилимизда “майит” деб аталади ва у ҳеч нимани сезмайди ҳам, тушунмайдли ҳам, билмайди ҳам. Ҳиндларнинг машҳур актери Шоҳоуҳ бош ролни ижро этган “Раамжаан” бадиий фильми ўзбек тилига “Худо билади” деб таржима қилинган. Ҳинд, яъни қадимий санскрит тилидаги “раам”, яҳудий, яъни, қадимий ибрит тилидаги “абраҳам” ва араб тилидаги “раҳим” – ҳам шаклдош, ҳам маънодош, ҳам ўзакдош сўзлар бўлиб, Аллоҳ Таоло ва унинг энг бирламчи сифати – раҳмдилликни англатади. Қадимий ҳинд тилидаги “жаан” эса, “билади”, тўғрироғи, “билгич” маъносидаги сўздир. Ҳа, Худо билгич, лекин бандасининг билгичлиги ҳамиша ҳаминқадар, яъни, чеклангандир. Аллоҳ Таоло бу оламдаги жамики жонзотларга билишнинг қуйи босқичи – ҳиссий билиш, яъни, бешта сезги аъзолари орқали кўриш, эшитиш, ҳид ва таъм билиш, тери сезгиси воситасидаги билишни беминнат ато этган. Шу боис тирик жон , жон эгаси учун сезмай қолиш улкан фожеа, ҳалокат демакдир. Фаришталар, жинлар, девлар, париларга эса, билишнинг нисбатан юқорироқ босқичи – ақлий билиш ато этилган. Билишнинг бу шаклида танадаги бешта ташқи сезгилар орқали билиш оддий жонзотларда бўлганидек ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди. Кўпинча жон танадан ташқарида ҳам бемалол яшайверади. Масалан, ўзбек халқ эртакларидаги айрим деваларнинг жон қуши нафас олиб нафас чиқариш билан боғлиқ ҳолда унинг оғзига кириб-чиқиб туради, ғорга яшириб қўйилган бўлади ва ҳакозо. Девнинг танасини қиймалаб ташласангиз ҳам ўлдиролмайсиз, чунки у, ҳудди замонавий роботларга ўхшаб, оғриқ, иссиқ-совуқ кабиларни мутлақо сезмайди... Одам боласининг Аллоҳ Таоло наздида энг олий мавжудот, мукаррам ва мушарраф зотлиги аввало шундаки, у жамики жонзотларга хос ҳиссий ва жамики фаришталар, девлар, жинлар, париларга хос ақлий билиш шаклларини ўзида олий даражада бирлаштирган юксак онг, тафаккур соҳиби бўлиб, ҳам тирик жон сифатида ЖОНга, ҳам онгли мавжудот, тафаккур соҳиби сифатида РУҲга эгадир. Шунинг учун ҳам одам боласи “Ҳазрати Инсон” дея улуғланади. У Олий Руҳ – Аллоҳ Таолонинг тажаллийси бўлмиш ўз инсоний руҳини кўнгли (қалби, дили, юраги)да жон қушидек асраб-ардоқлаб, парваришлаб, ўстириб-ундириб, қанот бахш этиб, юксак парвозларга шайлаб яшайди. Имтиҳон дунёсидаги паймонаси тўлганидан кейин бу руҳ Яратганнинг даргоҳига – Олий Руҳга қайтади. Шундай қилиб, тирик жонзотлар орасида фақатгина инсон ҳам тана сезгилари орқали ҳиссий билиш, ҳам фикр-мушоҳада орқали ақлий билиш, ҳам шу икки босқичга асосланган ҳолда ўз руҳини камол топтира бориб, қалб кўзи орқали кўриш-билиш, русча сўз ва атамалар билан айтганда, “чутье”, “ясновидение”, “интуиция”, ўз тилимизда кенг қўлланувчи сўзлар билан айтадиган бўлсак, тийранлик, зеҳн, фаросат, нуктадонлик, савқи табиий орқали билиш қобилиятига эгадир. Билишнинг бу уч босқичидан биринчиси барча оддий одамларга, иккинчиси олим-алломаларга, учинчиси эса, авлиёлар ва буюк мутафаккирларга – том маънодаги комил инсонларга хос хусусиятлардир. Дунёқараши тор, билимсиз, ақли калта, ўз ҳиссиётларига асир одам бошқа жонзотлардан кам фарқ қилганидек, оддийгина инсоний ҳис-туйғулардан маҳрум, ўта ақлли, совуққон, мақолда айтилганидек, олим бўлгану одам бўлмаган “тошюрак” кимсалар ё фариштага, ё девга, ё жинга, ё парига ўхшайдилар. Ҳам ҳис-туйғуларини, ҳам ақл-идрокини тарбиялаб камол топтирган олийжаноб қалб ва учқур тафаккур соҳиби, ҳам туйғулари бой, ҳам билими чуқур ва дунёқараши кенг, ҳам кўнгил кўзи очиқ, бошқача айтганда, ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам руҳан соғлом – ҳар жиҳатдан баркамол шахс, тўлақонли, киройи, рисоладаги одам комил инсон сифатида улуғланади. Комил инсонлик одам боласининг бу имтиҳон дунёсида интилган, интилиши лозим бўлган энг нурафшон манзил, олий мақсаддир. Бу манзил-мақсад йўлидаги бирламчи машғулотимиз эса, кўнгилни оқ, дилни соф, қалбни беғубор, юракни тоза тутиб, руҳни муттасил балойи нафснинг кирдикорларидан поклай боришдир. Инсоний тирикликнинг асл маъноси ва пировард мақсади мана шудир. Ҳазрат Алишер Навоий битган шоҳбайт орқали айтганда, “Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ”. Руҳоният ва руҳшунослик, бошқача айтганда, дин-диёнат ва илм-фан баайни қўш қанотдирки, уларнинг жуфтлиги ва баҳамжиҳат ҳаракатисиз руҳ қуши комил инсонликка эришиш йўлидаги юксак парвозларга ноқобилдир. Ривоят қилишларича, руҳ қуши одам боласининг тупроқдан бино бўлган танасига қараб, “Бундай зимистон ғорга кирмайман” дея тихирлик қилибди. Ана ўшанда Аллоҳ Таоло бир соҳир куй – қари навони ҳам яратибдики, унинг сеҳрига мафтун-маҳлиё бўлган жон қуши тан ғорига ўйнаб-ўйноқлаб кириб кетганини ўзи ҳам билмай қолибди. Санъатлар ичида айниқса мусиқа жисми-жонимизга ўзгача ҳузур-ҳаловат бахш этиши шундан. Нима бўлганда ҳам, руҳ қуши тана ғорида ўзини қандай ҳис қилиб ундан қачон қай тарзда ҳалос бўлишига қараб одам боласига баҳо бериб унинг феъл-атворини ўзимизча таърифлаймиз: яхши, ёмон, расво, зиқна, пасткаш, палид... Одам боласининг руҳи, феъл-атвори, руҳий ҳолати – бутун сийрати унинг суврати, жисми, ташқи қиёфасида кўзгудагидек аён кўриниб туради. Буюк инглиз табиатшуноси Чарлз Дарвиннинг “Инсонлар ва ҳайвонларда ҳиссиётларнинг ифодаланиши” деб номланган антиқа бир асари бор. Аввалига машҳур “Турларнинг келиб чиқиши ва табиий танланиш” асарига бир боб сифатида ёзиб бошланган, кейинчалик алоҳида китоб қилинган бу асарда аллома гўё донишманд ўзбек халқи яратган бир мақол – “Ранг кўр – ҳол сўр”нинг нақадар пурҳикмат гап эканини илмий жиҳатдан асослаб бергандек бўлади. Мазкур асарда айтилишича, масалан, жаҳоннинг кўпгина тилларида “синева”, яъни, “рангпар”,”заҳил” сўзлари “кўкимтир”дан ташқари “бахил” деган маънони ҳам англатар экан. Чунки бахил кимсанинг руҳидаги иллат жисмига ўз таъсирини ўтказиб, уни кўкимтир, рангпар ва заҳил тусга киритиб қўяр экан!.. “Пакана – фитна, новча – лақма” дейди халқимиз. Бу мақол замирида ҳам буюк табиатшуноснинг яна бир тадқиқотига татигулик ҳикмат бордир. Пакана одатда ўзининг жисмоний ожиз-нотавонлиги, пачоққина “кичкина одам”лигини билинтирмаслик учун минг хил фитна-фужур, макр-ҳийла ўйлаб топишга устаси фаранг бўлади. Искандар Зулқарнайндан то Ленин, Сталин ва Гитлерга қадар башарият тарихидаги жамики ёвуз ва фитнакор кимсалар мана шундай паканагина, жиккаккина “майда одамча”лардир. Новча эса, одатда шунинг учун ҳам лақмаки, унда ўзининг новча, норғул ва бақувват гавдасига ишонч ҳисси кучли бўлади, шу туйғуга асосланган ҳолда бошқаларга ҳам ишонч кўзи билан қарайди. Унинг Худо берган алпдек қадди-қоматига ғайирлик назаридаги ғаламис кимсалар эса, бу ишончни суистеъмол қилиб, ҳар боб билан лақиллатаверадилар. Шу боисдан ҳам кўпинча новча, бўйдор, алпқомат кишилар фитнакор кимсаларнинг макр-ҳийла тузоғига тушиб, кўксидан эмас, елкасидан пичоқ еб ўладилар. Неча минг йиллик тарихимизда Алп Эр Тўнга, яъни, Афросиёбдан то Номоз ботирга қадар кўпдан-кўп баҳодирларимиз новча-алпқомат эдилар. Алишер Навоийнинг падари бузруквори Ғиёсиддин кичкина ҳам жуссаси кичкина эмас, балки икки машҳур Ғиёсиддин баҳодирнинг ёши кичкинаси эди! Ўзбек халқининг “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбек ва ё Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод эса, табиийки, муболағага мойил бадиий асар қаҳрамонлари сифатида ҳаётий қаҳрамонларга нисбатан яна-да новчароқ, бўйдорроқ, алпқоматроқдир. Бизнинг Туркистонимизда шундай қадим туркий мақоллардан бири ҳозирга қадар сақланиб қолган: “Туси келишгандан тунгилма”. Уни ҳозирги ўзбек адабий тилига сўзма-сўз ўгирсак, “Чиройлидан безор бўлма” демакдир. Одатда чиройли, хушбичим, юзида фариштаси бор, жисмонан соғлом одамнинг руҳий олами ҳам гўзал, оқкўнгил, софдил, юраги тоза бўлади. “Соғ танда соғлом ақл” мақолидаги “ақл” сўзи замирида кўнгил, дил, қалб, руҳ ҳам назарда тутилади, албатта. Ва, аксинча, жисмоний бирон-бир нуқсони бор, майиб-мажруҳ одамнинг руҳи ҳам мажруҳ, кўнгли синиқ, шикастадил бўлади. Кўзи кўр одамнинг кўзи очиқларга ғайирлик ва бахиллик билан муносабатда бўлиши, “Нега мен кўролмаяпман, у кўраяпти?” дея ич-ичдан надомат чекиши ғоят табиий руҳий ҳолатдир. Хуллас, жисмоний соғломлик ва ташқи гўзаллик руҳий баркамоллик ва ички гўзаллик билан узвий боғлиқ ҳодисалар бўлиб, улар инсоннинг ҳар томонлама етук бўлиш йўлидаги сидқидил саъй-ҳаракатлари, жумладан, жисмоний тарбияси, жисмидаги ҳар бир аъзони жонкуярлик-ғамхўрлик билан парваришлашининг қонуний ҳосиласидир. Ривоят қилишларича, қиёмат кунида одам боласининг жисмидаги ҳар бир аъзо ўз соҳибининг феъл-атвори хусусида “мени пок тутди”,”мени ножўя ишларга юмшамади” дея гувоҳлик берар экан. Ҳаттоки бу фоний дунёда ҳам, дейлик, кўзлари олазарак, қарашлари бежо, бадбашара, қулоқлари қанқайган, бурни танқайган, қўли эгри, оёғи қийшиқ... кимсаларнинг бутун турқи-таровати ва ҳар бир аъзойи бадани унинг сийрати, руҳияти хусусида бизга гувоҳлик бериб тургандек бўлади... Халқимизнинг энг ёмон қарғишларидан бири “Бетингдан бузилгур” экани бежиз эмасдир. Чунки ҳаром-ҳаришга бўғзигача ботган фоҳиша ва ё хотинбоз даставвал бетидан бузилиб бошлайди, ана шундан кейингина бирон тери-таносил касалига гирифтор бўлади... Хуллас, ҳар жиҳатдан соғлом ва гўзал инсоннинг руҳи тушкун, ғамгин, мискин бўлиши ва ё, аксинча, ўлим тўшагида озиб-тўзиб обдон ҳунуклашган қариянинг руҳи кўтаринки, кайфияти чоғ, хушнуд-бахтиёр бўлиши фавқулодда ясама, нотабиий, зўрма-зўраки ҳолатдир. Руҳий ҳолатдан ташқи қиёфа ва ҳатти-ҳаракатга нисбатан ҳам яққолроқ далолат берувчи нарса, албатта, айтилаётган гап-сўз ва унинг айтилиш оҳангидир. Масалан, қўл қовуштириб, қуллуқ қилиб, мўмингина бўлиб турган одамнинг “Фақир қулингиз” қабилидаги лутф-карамини юзаки тушуниб, андишанинг отни қўрқоқ қўйиб, нописандлик билан қулдорнинг қулга муомаласини қилиш... калтабинлик ҳам, ноинсофлик ҳам мана шудир. Аслида “Мени худодек кўряпти-я, ҳурматни қаранг, камтарликни кўринг!” қабилида ўйлашга, ўзгаларни ҳам лутф-карам назари билан қарашга ундовчи тагдор ва пурмаъно “бир сўз” бу! Аксинча, гердайиб туриб “Биласанми, мен кимман?” қабилидаги дағдаға-таҳдидли саволни кўндаланг қўйган одам, саломга яраша алик деганларидек, “Сен ҳам ўзимиз қатори бир бандаи ожизсан-да! Ҳар қалай, Афлотун эмаслигинг аниқ!” сингари нордонгина жавоб олиши табиий. Ижтимоий ҳодиса сифатидаги инсоннинг камоли-ю заволи аввало мана шундай гап-сўз, муомала-муносабатнинг қонуний ҳосиласидир. Нафақат муайян ташқи қиёфа, жисмоний ҳолат, ранг-рўй, аввало СЎЗнинг буюк таъсир қудратини чуқур ҳис қилган Аҳмад Яссавий ва Бобораҳим Машрабдек улуғ сўз санъаткорлари бўлмиш авлиёи киромлар, гарчи ўзлари ўзларини “Қул Хўжа Аҳмад” ва “Девона Машраб” дея камтарлик, ҳокисорлик, фақиру ҳақирлик билан тилга олсалар-да, улар айтган ҳар бир сўзнинг қадрини яхши билган нуктадонлар, аксинча, бу зоти шарифларни “Ҳазрати Султон” ва “Шоҳ Машраб” дея улуғлаганлар. Одам боласининг суврати ва сўзида ифодаланувчи сийрати – руҳий ҳолатини руҳонийлик ва олимликдек қўш нигоҳи бор ёзувчининг кўзи билан қараб атрофлича таҳлил қилганингиз сайин бири биридан ажойиб-ғаройиб манзараларни кўраверасиз. Айниқса, сўзда руҳий ҳолатнинг қай тарзда акс этишига зеҳн қўйиб қарасангиз, сўз устаси – сўз санъаткори билан оддийгина эзма-вайсақи ва ёзғувчи-назмбоз ўртасидаги осмон билан ерча фарқни аён кўришингиз мумкин. Бу борада донишманд ўзбек халқининг ҳар бир сўзи, ибораси, мақоли, латифаси, афсона-ривояти..., айтиш мумкинки, тиллога тенг. Масалан, “Эски ҳаммом – эски тос” иборасини олиб, шу учтагина сўзнинг мағзини чақиб қаранг! Яққол манзара ҳам, аниқ руҳий ҳолат ҳам, тагдор ифода ҳам, қўйинг-чи, олам-олам маъно шу бир ибора – учтагина сўз замирига санъаткорона сингдирилган. Эски ҳаммом – бу дунёнинг, эски тос – ҳар бир инсонга тегишли нарса, бисот, насибанинг тимсолидир. Бугина эмас. Биргина “тос” сўзида қўшалоқ маъно ифодаланган. Гап шундаки, тилимизда тоғора ҳам, думғаза ҳам “тос” деб аталади. Иборадаги “тос” сўзини хоҳласангиз – тоғора, ҳоҳласангиз – думғаза, бошқа сўзлар билан айтганда, орқа, кет, чатаноқ деб тушунаверасиз. Торгина ҳаммом мисолида кенг дунёни образли идрок қилиш, шу бир образда бутун руҳий ҳолатни жонли ва лўнда акс эттириш... улкан сўз санъаткоригагина муяссар бўладиган улкан маҳорат, албатта. Айни маҳоратни чуқур ҳис қилган одам сўз санъатининг яна бир мумтоз намунаси бўлмиш “Сиққанга ҳам биттангга, сиғмаганга ҳам биттангга” мақоли замиридаги теран маънони тўғри тушуна олади. Тарих дарслигида қачонлардир бир оёғида базўр тик турган деҳқоннинг суврати бўларди, кўрганмисиз? “Қутлуғ қон” романидаги Йўлчига ўхшаб еридан ажраган деҳқоннинг ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳолатини аён кўрсатувчи суврат у! Худди шундай, икки оёғи бир этикка тиқилиб, дўппи тор келиб, ўта танг аҳволда қолган ва бу мушкулотни ҳам кулиб енга олган донишмандликда беназир халқнинг нишонга бехато урилган ўқдек ўткир ҳикматли гапи-да бу! Мақолга асос бўлган ривоят, табиийки, яна-да пурҳикматроқ.:эмишки, бир пошшоликда шундай янги солиқ тури жорий қилинибди: мамлакатнинг жамики фуқароси бир чеккадан битта-битта тоғорага ўтқазилиб, орқаси тоғорага сиғса ҳам, сиғмаса ҳам бир тангадан солиқ ундириладиган бўлибди!.. “Мақсад киши бошига бир тангадан солиқ ундириш экан, тоғорага ўтқазиб овора бўлишнинг нима кераги бор?” дея ажабланарсиз балки? Асло-асло ажабланманг! Ахир, мазкур ривоятнинг юксак бадиият намунаси сифатидаги қизиғи, маза-матраси, қаймоғи ҳам мана шунда-да! Ахир, асосий мақсад солиқ ундириш эмас, кўнгли тусаган номаъқулчиликдан қайтмайдиган ўтакетган пасткаш кимсанинг солиқ баҳонасида одам боласини “ҳазрати инсон” шарафига номуносиб бир тарзда аҳмоқ, овора-сарсон, калака килиш, руҳини чўктириб, инсоний шаън-шавкати ва ғурури-ифтихорини поймол қилиб, ўзи билан баробарлаштириб, қора кўнглидаги энг пастарин хуморини ёзиш... Биз бадиий насрнинг энг мўъжаз шакллари, қатрада қуёш акс этгандек ўзида олам-жаҳон маъноларни бирлаштирган бадиият нуқралари – ибора, мақол ва ривоятда муайян руҳий, шунингдек, жисмоний ва ижтимоий ҳолатнинг нечоғли теран ифодаланганини бирровгина кўздан кечирдик, холос. Кўриниб турибдики, халқнинг қудратига тараф йўқ! Жаҳоннинг энг улуғ сўз санъаткорлари ўз маҳоратларини жамлаганларида ҳам халқнинг биргина киройи ибораси, мақоли, латифаси ва ё ривоятини яратолмайди. Шу маънода буюк Чўлпоннинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” сатри халқнинг гўзал шоирона таърифигина эмас, халқ сўзи – халқона сўзнинг қудратидан яққол далолат ҳамдир. Халқнинг ҳар бир сўзини теран ҳис қилган қаламкашнинг, дейлик, мусаввир, ҳайкалтарош, бастакор ва бошқа жамики ижодкор зиёлилар, ҳаттоки ўқитувчи-мураббий ва олим-алломадек сўз билан иш кўрувчи малакали мутахассислардан афзал жиҳати аввало шундаки, у сўздан ҳам ҳиссий билиш, ҳам ақлий билиш, ҳам шу икки билиш шаклини ўзида юксак даражада уйғунлаштирган руҳий ҳолат, руҳий кечинма, кўнгил кўзи, савқи табиий, таҳайюлни билишнинг муҳим воситаси ва ўзининг ҳал қилувчи аҳамиятга эга иш қуроли сифатида фойдалана олади. Айни шу имкониятининг шарофати билан сўз санъаткори, айниқса, шоир бошқа зиёлиларга нисбатан халққа руҳан яқинроқ туради, унинг кўнглига, кўнглидаги энг пинҳоний нукталарга йўл топа олади. Маълумки, шоир ўзининг энг ботиний кечинмаларини шеърда рўй-рост ифода ва изҳор қилар экан, истаса-истамаса, ўзининг муайян руҳий ҳолатини сўзда таҳлил, тафтиш ва тадқиқ қилади. “Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил” деганларидек, шоирнинг сўз воситасида ўз кўнглига, кўнглидаги энг ботиний туйғуларига нечоғли теран назар ташлай олиш қобилияти унинг қанчалик халқ шоири – халқона шоирлигидан яққол далолат бериб тургандек бўлади. Янги давр ўзбек адабиётида Абдулҳамид Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Миртемир, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов шеъриятлари бундай халқона сўз воситасида кўнгил уммонига чўмиш ва муайян руҳий ҳолатни таҳлил қилишнинг тобора теранлашув йўлини мухтасар кўрсатгандек бўлади. Энди шеъриятда одам ва олам , халқ ва башарият, ўтмиш ва замон... хусусидаги интиҳосиз кечинмаларни шеъриятимиз сарчашмасида турувчи Аҳмад Яссавий ҳазратлари тилга олган “уч юз олтиш томир, тўрт юз қирқ тўрт сўнгак”дан, ҳозирги атама билан айтганда, “қалб призмаси”дан ўтказиб ифодалаш, муайян руҳий ҳолатнинг асл шеърий таҳлилини Абдулла Ориповдан, бу шоирнинг “Ўйларим”, “Баҳор”, “Авлодларга мактуб”, “Муҳаббат” сингари энг мумтоз шеърларидан ошириш... энди ҳеч кимга ҳеч қачон муяссар бўлмайдигандек.... Лекин руҳий ҳолат таҳлили бобида бадиий насрнинг, айниқса, замонавий ўзбек насрининг тўплаган тажрибалари шеъриятимизга нисбатан камроқ, имкониятлари эса, аксинча, кўпроқдир. Бунга амин бўлиш учун ҳикоя, лавҳа, очерк, бадиа, қисса, достон каби нисбатан ихчамроқ насрий жанрларни қўя туриб, ўзбек романчилигининг саксон йиллик тарихига айни нуқтаи назардан кўз ташлаш бу ўринда кофоя қилади деб ўйлаймиз. “Қисаси Рабғузий”, “Маҳбуб ул қулуб”, “Бобурнома” каби мумтоз бадиий насримизнинг умрибоқий обидалари юксак маҳорат билан айтилган бадиий сўз намуналари сифатида беқиёс аҳамиятга эга, албатта. Лекин ўзбек бадиий насрида сўз воситасида гўёки жонли одам қиёфасини бадиий гавдалантириш, насрда тўлақонли адабий қаҳрамон сиймосини яратиш Абдулла Қодирий ижоди, хусусан, “Ўткан кунлар” романидан бошланди. Яна шуниси ҳам борки, ўзбек романчилигининг асосчиси ўзининг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида у ёки бу адабий қаҳрамоннинг инсоний қисмати, бошидан кечирганлари, саъй-ҳаракатлари, ташқи қиёфаларини ипга тизилган маржондек изчил ва аниқ-тиниқ тасвирлаб кўрсатиш, айрим ҳолларда эса, таърифлаш йўлидан боради. Гарчи жаҳон романчилигининг ютуқларидан яхшигина хабардор бўлса-да, анъанавий достонлар руҳида тарбияланган ўзбек китобхонининг идрокини назарда тутган ҳолда қаҳрамоннинг муайян руҳий ҳолати, ўй-кечинмалари, руҳий оламини мутлақо таҳлил этмайди. Моҳир рассом ва ё режиссердек ички дунёни ташқи қиёфада ва ҳатти-ҳаракатларда беришни маъқул кўради. Холбуки, дейлик, “Отелло” фожиасидаги Отелло образининг беқиёс таъсир қудрати бу ролни қойилмақом ижро этаётган Аброр Ҳидоятовнинг ташқи қиёфаси ва ҳатти-ҳаракатларида, ҳаттоки гапираётган гапларида эмас, буюк актер ҳар бир сўзга жойлаган ёниқ қалб кечинмалари, эҳтирослар қуюни, қалб қўри, юрак ёлқини, пафос, қўйинг-чи, руҳий ҳолатнинг қойилмақом актерона таҳлилидадир. Жумладан, “ув-в-в” ва “им-м-м” сингари уввос ва имолардадир. Демоқчиманки, масалан, Абдулла Қодирийнинг ўрнида Федор Достоевский ва ё Одил Ёқубов бўлганида, дейлик, севимли хотини Кумушни севмас хотини Зайнаб заҳарлаб ўлдирганидан кейинги Отабекнинг руҳий ҳолатини – айни шу руҳий ҳолатни бутун бошли бир романда атрофлича таҳлил этиши эҳтимол эди. Лекин Абдулла Қодирий, яна такрорлаймиз, жаҳон романчилигининг бу борадаги ютуқларидан хабардор бўлгани ҳолда, ўзбек китобхонининг идрокини назарда тутиб, қаҳрамоннинг муайян руҳий ҳолатига чуқур кириб боишдан ўзини тияди, руҳиятни таҳлил этмайди, балки уни ташқи қиёфада ва ҳатти-ҳаракатларда кўрсатади. Агар ўзбек романчилигига Абдулла Қодирий асос солган бўлса, ўзбек романида руҳий ҳолат таҳлилига асос солган ёзувчи, шак-шубҳасиз, Абдулҳамид Чўлпондир. “Кеча ва кундуз” романида атиги биргина ўринда руҳий ҳолат таҳлили намунасини кўрамиз. Бу Биби Марям (Мария Степановна Астрова)ни исловатхонадан олиб чиқиб, жисмонан тозаланиш ва руҳан покланиш йўлини қидириб турган Мирёқубнинг ўз-ўзини суд қилиши билан боғлиқ изтироблари қаламга олинган саҳифалардир. Асардаги бошқа бирон қаҳрамон бирон жойда ўз-ўзига ақалли бирровгина назар ташлаб, қалбига қулоқ солмайди. Дейлик, Стендаль қаҳрамонлари сингари ички нутққа, изтиробли ўйларга берилмайди. Ақалли бирон марта “Нима қиляпман ўзи?” дея ўйлаб кўрмайди. Фақат пичоқ бориб суякка қадалганида – бор-йўқ буд-шудлари, кўзларининг оқи-қораси, ёлғиз зурёдлари Зеби Сибирга сургун қилинганида мунис-муштипар ота-она беихтиёр портлайди: Қурвонбиби фитна ақлдан озади, Раззоқ сўфи пири муршиди Ҳаст Эшоннинг қотилига айланади. Раззоқ сўфининг Эшонга қарата айтган гаплари “Кеча ва кундуз” романидаги насрий сўзнинг бадиий жиҳатдан энг юксак чўққиси, чунки у оддийгина гап эмас, дил сўзлари, юракдан айтилган гап, нафақат Эшон, балки жами тингловчилар ва ўқувчилар олдига кўндаланг қўйилган жиддий саволлар, жон аччиғида айтилган аччиқ ва ҳақ СЎЗ!.. Асар сўнггида ақлдан озган Қурвонбиби фитна тилидан Зеби таърифида келтирилган шеърий сатрлар эса, нафақат мунис-муштипар онанинг дил рози, балки бутун асарнинг авж пардаси, қаҳрамон руҳий ҳолатини шеърий таҳлил қилишнинг гўзал намунаси ҳамдир. Абдулҳамид Чўлпондан кейин ўзбек романида руҳий ҳолат таҳлили бобида олға қўйилган янги бир қадамни аввало Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романида кўрамиз. Асарнинг бош қаҳрамони Раҳимжон Саидий ўзбек адабиётида воқеалар тасвири асосида эмас, ўй-кечинмалар ифодаси, руҳий ҳолат таҳлили асосида бадиий гавдалантирилган илк адабий қаҳрамон сифатида биз учун алоҳида қадрлидир. Шу маънода “Сароб” ўзбек адабиётидаги дастлабки психологик романдир. Саидий муттасил ўз-ўзини тафтиш қилади, ўзлигини ва ўзининг борар манзилини англаб етишга баҳоли қудрат уриниб яшайди. Ўзи интилган манзил, ёзувчининг сўнгги ҳикояларидан бирининг номидан фойдаланиб айтганда, “Нурли чўққилар” эмас, ниҳояти “Сароб” бўлиб чиққанига узил-кесил амин ва дил-дилдан иқрор бўлгач эса, яшашга нисбатан ўлимни афзал кўради. Бутун бошли роман, айниқса, асарнинг сўнгги саҳифалари қаҳрамоннинг айни шу ўлимини ҳам бадиият, ҳам мантиқ, ҳам ички феъл-атвор ва худбин шахс руҳияти нуқтаи назаридан атрофлича асослашга моҳирона йўналтирилади. Айниқса, қаҳрамоннинг ўз-ўзига даъвати, ўзини ўзи ўлдиришга чақириши ва бу ишининг тўғрилигини ўзича асослаши қоғозга туширилган ўринлар “Кеча ва кундуз” романидан кейин руҳий ҳолат таҳлилининг яна бир гўзал намунасини беради. “Сароб”дан кейин ўзбек романчилиги тарихида дунёга келган бир неча юзлаб асарларда, айниқса, “Қутлуғ қон”, “Уфқ”, “Машъал”, “Умид”, “Юлдузли тунлар”, “Одам бўлиш қийин”, “Гирдоб” асарларида руҳий ҳолат таҳлили бобида муайян тажрибалар тўпланди. Лекин Одил Ёқубов яратган олти роман, айниқса, адиб ижодининг ўзига хос гултожлари бўлмиш “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романлари бу борада фавқулодда ибратли жиҳатларга эга, айтиш мумкинки, ўзбек романчилиги тарихидаги беназир асарлардир. Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романида адабиётимиздаги Мирзо Улуғбек мавзуида ва, умуман, ўзбек романчилигида амалга оширилган ўзига хос инқилоб аввало шунда кўзга ташланадики, мазкур асарда илк бора муайян қаҳрамоннинг бошидан кечирганларини хронологик тартибда бир чеккадан ҳикоя қилиб бериш, яъни, воқеанависликдан буткул воз кечилиб, бутун диққат-эътибор қаҳрамоннинг бошидан эмас, кўнглидан кечаётган оқим – руҳий ҳолатлар таҳлилига қаратилди. Бунинг учун Мавороуннаҳр тахтида қирқ йил ҳукмронлик қилган Мирзо Улуғбек ҳаётининг сўнгги таҳликали кунлари олиниб, бу кунларга, эслаш-эслатиш, лирик чекиниш, ўй-мушоҳада ва бошқа руҳий таҳлил воситалари орқали ойлар, йиллар, ҳаттоки асрлар, айтиш мумкинки, баайни “Зижи Кўрагоний”дек зичлаб сиғдирилди. Мазкур асар учун муҳими Ота – Улуғбекнинг тож-тахтдан мосуво этилиши ва Фарзанд – Абдуллатифнинг тахтни эгаллаши, ўғилнинг ўз отасини ўлдириши – падаркушлик инсоният тарихидаги, дейлик, “Шоҳ Эдип” ва “Қирол Лир” фожиаларида қаламга олинганидек умумбашарий ҳамоқатнинг ўзи эмас, бу кўргиликнинг ҳар бир қаҳрамон, ҳар бир кўнгилда уйғотган акс-садоси, руҳиятларда рўй берган ўзига хос тўфонлардадир. Қизиғи шундаки, Улуғбек, Абдуллатиф, Али Қушчи, Мавлоно Муҳиддин, Ҳожа Салоҳиддин заргар, Қаландар Қарноқий сингари ҳар бир қаҳрамоннинг ўзигагина тегишли қалб ҳақиқати, жумладан, падаркушликдек машъум фожиа ва унинг оқибатларига ўзининг шахсий муносабати бор! Бир асарда ўнлаб қаҳрамонларнинг руҳий оламларига тийран назар ташлаш ва уларни бир нуқтага – Мирзо Улуғбек бунёд этган маърифат хазинасига муносабатда жамулжам қилиш... ўзбек романчилигида, ҳаттоки жаҳон романчилигида ҳам мисли кўрилмаган ҳодиса эди. “Диёнат” романида эса, бу ҳодиса қарийб икки баробар кенгроқ миқёсларда содир бўлади. Асарда бош қаҳрамон Нормурод Шомуродов, яна бир етакчи қаҳрамон Отақўзи Умаров, шунингдек, Жамол Бўрибоев, Воҳид Миробидов, Ҳайдар ва бошқа жами элликка яқин инсонларнинг руҳий оламлари ва уларнинг ҳар бирининг диёнат тушунчасига бетакрор шахсий муносабатлари, ўнга яқин оилалар муҳити атрофлича очиб кўрсатилади. Айни чоғда шу адабий қаҳармонлар ва оилалар мисолида ўзбек халқи ҳаётининг эпосга хос кенг панорамаси чизилади. Ўзбек романчилиги ва ундаги руҳий ҳолатлар таҳлили санъатининг тадрижий такомилида бетакрор ўрин тутувчи бу икки роман бошқа бир қатор ибратли жиҳатларга ҳам эга. Агар “Ўткан кунлар”да ХIХ асрнинг биринчи ярми, “Меҳробдан чаён”да шу асрнинг иккинчи ярми, “Кеча ва кундуз”да мазкур асрнинг сўнгги ўн йиллиги, “Қутлуғ қон” билан “Сароб”да ХХ аср бошлари, “Навоий”да эса, ХV асрнинг иккинчи ярмида яшаган ўзбек халқининг ҳаёти ва руҳий ҳолати ҳаққоний акс эттирилган бўлса, “Улуғбек хазинаси”да ХV аср (қарийб бир аср!), “Диёнат”да эса, ХХ аср (асрнинг 10-йилларидан то 70-йилларига қадар) эслаш, муқояса қилиш, қайта идрок этиш каби руҳий таҳлил воситалари орқали лўнда ва ҳаққоний тарзда бадиий гавдалантириб берилди. Агар бу ҳар бири қарийб бир асрлик тарихни хронологик изчилликдаги тасвирда кўрсатувчи анъанавий йўлда ёритилганида бир неча ўнлаб жилдлик асарлар ҳам камлик қилиши эҳтимол эди. Лекин бизнинг олдимизда кўп жилдлик йилномалар ва жангномалар, борингки, “Шоҳнома” ҳам эмас, таъбир жоиз бўлса, руҳнома, инсон руҳи ва қисмати нуқтаи назаридан қайта яратилган тарих, кўҳна тарихнинг том маънодаги бадиий инъикоси турибди. Дарҳақиат, “тарихнавис адибнинг иши тарихчи олимнинг иши тугаган жойдан бошланади” деган гап теран маъноли гап. “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романлари бунинг яққол далилидир Мазкур икки роман ва улардан кейин дунёга келган талайгина асарларда руҳий ҳолат таҳлили бобида тўпланган бой тажрибалар келгусида улкан тадқиқотларга асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Камина бундан қарийб ўттиз йил аввал “Тошкент оқшоми” газетасида атоқли адибимиз Одил Ёқубов таҳрири остида эълон қилинган дастлабки адабий-танқидий мақолам – “Руҳиятлар бирлиги”дан кейинги кўп йиллик ижодий изланишларим якунларини “Руҳият эҳроми” деб номланган мазкур мақолалар туркумида бир қадар умумлаштиришга ҳаракат қилдим...Мазкур учинчи мақолада инсон руҳининг ташқи қиёфа, ҳатти-ҳаракат ва гап-сўзда зуҳур кўрсатиши, сийратнинг сувратда намоён бўлиши ва, ниҳоят, энг улкан суврат, бадиий полотно - романдаги руҳий ҳолат таҳлилига доир айрим шахсий кузатишларимни мухтасар баён қилдимки, улар ёшларимиз, айниқса, ижодкор ёшларимиз учун фойдадан ҳоли бўлмас деган умиддаман.
Руҳий қадрият

Одам боласи шу қадар азизу мукаррам, улуғу муҳтарам қилиб яратилганки, ўн саккиз минг оламдаги ҳадсиз-хисобсиз фаришталар унга муттасил такбиру таҳсин, олқишу офарин айтади. Тасаввур қиляпсизми, Аллоҳ Таоло Ҳазрати Одамни нақадар улуғвор ўзлигига мос ва мувофиқ, чексиз қудратига ярашадиган мўъжизавий ҳилқат қилиб яратган! Аввало онгли мавжудот қилиб яратган! Бошқа маҳлуқотларга раво кўрилмаган чексиз имконият – тафаккур бахти, фикрлаш саодатини бахш этган. Сўнгра хотира, ирода, идрок ва юксак инсоний туйғулар – муҳаббат, дўстлик, садоқат, меҳр-мурувват, шафқат, оқибат, инсоф, шаън-шавкат, қадр-қиммат... сингари кўпдан-кўп ганжиналар баайни анор доначаларидек ўзаро сиғишиб яшайдиган инжа кўнгил, кенг юрак, соф дил, покиза қалбни ўз бандалари орасида фақатгина одам боласига беминнат бахшида этган. Хуллас, ўз руҳининг бир қисмини Одамга бағишлаб, уни оддийгина жонзот (жонивор, маҳлуқ, ҳайвон, мол) эмас, Ҳазрати Инсон қилиб яратган у Қодир Аллоҳимиз. Парвардигори Оламнинг чинакамига Қодирлиги аввало шундаки, у ўзи яратган мўъжизавий ҳилқат - Ҳазрати Инсоннинг қадрини барча маҳлуқотлардан, ҳаттоки ўз ҳузуридаги фаришталардан ҳам баланд тутди. Такаббурликка берилган собиқ фаришта – Шайтони лаин инсонни ҳар боб билан ерга уриб, топтаб-таҳқирлаб, қадрсизлантириб, тубан ва пасткаш маҳлуққа айлантириб ўзининг пастарин хуморини ёзишга ҳамиша жон-жаҳди билан уринади, албатта. Лекин Қодир Раҳмон, аксинча, инсонни ҳамиша эъзозлайди, юксакликларга чорлайди, тубанлашиш – паст кетишлардан қайтаради, ҳар боб билан Ҳазрати Инсон сифатидаги қадр-қимматини ошириб-тоширади. Қадрнинг қадрини Қодир билади-да, ахир! Қадр билмас қариндошдан қадр билар ёт яхши, дейди халқимиз. Бу ҳикматли гап донишмандликда беназир ҳалқимизнинг ҳам нечоғли Қодирлигини, шу боис қадрнинг қадрини нақадар баланд тутишини аён кўрсатиб турибди. Қанча баланд тутсангиз сўзингизни, Ондин баланд тутғаймиз ўзингизни Шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаронинг қадрдон дўсти Алишер Навоийга бағишлаб битган бу чинакамига шоҳбайти нафақат Ҳазрати Инсон қадри, балки у айтаётган ҳар бир сўз (лутф, лафз, калом) қадрини ҳам баланд тутган, ўзининг “худонинг ердаги сояси” эканини дил-дилдан теран ҳис қилган донишманд ва бағрикенг ҳукмдорнинг зукколиги, олийжаноблиги, самимийлиги, хуллас, том маънодаги қадрдону қодирлигини қатрадаги қуёш аксидек аён кўрсатиб турибди. Буюк мутафаккиримиз Алишер Навоийнинг беназир ижоди шу ҳаётбахш ва мўътадил иқлимда ўсиб-унгандир... Қадрдон дўст – дўсти қодир! Ким у? Аввало ўзининг, қолаверса, бошқа инсонларнинг қадрини биладиган, ҳамиша юксак қадрлайдиган, ҳаттоки ашаддий рақиби ва қаттол душманини ҳам ўзига дўст тута олган одам. Ўзининг ва ўзгаларнинг қадрини кетказмайдиган, аксинча, қадрини оширадиган одам. Бундай одам яна “садоқатли дўст – дўсти содиқ”, “қиёматли дўст” дея улуғланади. Бундай дўстлардан ҳар биримизнинг қалбимизга энг яқини, албатта, Ҳақ Дўстдир, яъни Аллоҳ Таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам қадимги дарвиш-қаландарлар зикрида энг кўп қўлланувчи хитоб “Ҳақ Дўст ё Аллоҳ”дир. “Дарвиш ота”, “авлиёлар сарвари”, “шайхулмашойих” сифатида жаҳонда довруғ қозонган Аҳмад Яссавий ҳикматларида энг кўп қўлланган хитоб, мурожаат, чақириқ, даъват, табиийки, “дўстлар” сўзидир. Бизга замондош шоир Азим Суюннинг “Эй дўст” туркум тўртликлари (“Янги аср авлоди”, 2005) ҳам Аллоҳ Таоло ва унинг энг яқин дўсти – Пайғамбари Акрамдан то синфдош жўра ҳамда оддийгина ўқувчига қадарлик жамики дўстларга бараварига мурожаат, яъни ўзига хос муножотдир. Камина “Улус (Форобийнинг дўсти)” насрий достонимда (“Шарқ юлдузи” журнали, 2000 йил, 2-сон) бир томонда – Улусни, бир томонда Жаноби Ҳақни, бошқача айтганда, бир томонда – Халқни, бир томонда – Ҳаллоқни ўзига дўсти содиқ деб билган, бу ҳар икки дўстни юксак қадрловчи чин дўст излаб ота юртига бош уриб келган буюк аллома, муаллими соний Абу Наср Форобийнинг руҳий оламини ёритишга баҳоли қудрат ҳаракат қилган эдим. Кундалик мулоқотларда бир-биримизга, ҳаттоки энг ашаддий душманларимизга ҳам “Эй муттаҳамлар!”, “Ҳой аблахлар!”, “О-о, пасткашлар!” қабилида эмас, айнан “Азиз дўстлар!”, “Муҳтарам фалончи!”, “Қадрли тувланчи!” дея мурожаат этишимизда асрлар тасдиғидан ўтган улуғ бир ҳикмат бордир. Бундай мурожаатларда инсонни эъзозлаш тажрибаси, инсон қадрини баланд тутиш иштиёқи, эзгулик истаги, яхшиликка интилиш мужассамдир. Зотан, ўзининг инсоний қадрини англаш иштиёқи одам боласининг қонида бор. Қуръони Карим нозил бўла бошлаган кеча,рамозон ойининг йигирма еттинчи кечаси “Лайлатулқадр”, яъни “Қадр кечаси” деб аталишини кўпчилик яхши билади. Ривоят қилишларича, қадр кечасини бедору хушёр ўтказган одамнинг ҳаётида шундай мўъжизавий лаҳзалар содир бўлиши эҳтимол эканки, унинг олгани – олтин, тутгани – тилло бўлиб қолармиш. Бунинг теран маъноси бор, албатта. Лайлатулқадр шунинг учун ҳам қадр кечаси деб аталадики, одам боласи ўзининг энг юксак қадри, энг олий қимматини айни шу кечада топди. Чунки Қуръони Карим Ҳазрати Инсоннинг қадр-қимматини Арши Аълога олиб чиққан, унинг қадрини осмон қадар юксалтирган илоҳий калом – Каломуллоҳ бўлиб, Ҳазрати Инсон шаънига битилган энг буюк ва энг беқиёс қасидадир. Яна ривоят қилишларича, “Инжил” нозил бўлишидан аввал бу оламда табобат илми шу қадар тараққий этган эканки, икки нарса – отасиз туғилиш ва ўликни тирилтиришдек мўъжизагагина у қодир бўлолмай турган экан. Ана ўшанда Ийсо алайҳиссалом Худо ёрлақаб бу икки мўъжизани ўзида мужассамлаштирган ҳолда дунёга келган экан. Худди шунингдек, Қуръони Карим нозил бўлиш арафасида араб шеърияти шу қадар тараққий этган эканки, араблар орасида, масалан, “рус шеъриятининг қуёши” Пушкин вафотидан кейин айтилганидек, “шеъриятда энди ёзадиган гап ҳам қолмади, ҳаммаси айтилиб бўлинди” қабилидаги фикр устивор экан. Ана ўшандан кейин нозил бўлган Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти каримаси мағзини чаққан не бир маликушшуаролар “Йўқ, бундай шоҳбайтларни одам боласи битолмайди! Дарҳақиқат, Аллоҳ Каломи – Каломуллоҳ бу!” дея иймон келтирган эканлар. Мана, ўн тўрт асрдан буён не бир мукаллимлар, муфассирлар, муаллимлар Каломуллоҳнинг мағзини чаққани сайин иймонда собитроқ бўлмаган дейсиз! Айниқса, Қуръони Каримнинг жамики сураларию оятларини ёд билган қувваи ҳофизаси баланд қори – қироатгўй, дуогўй зотлар!.. “Олтин олма, дуо ол, Дуо олтин (олдин, ортиқ) эмасми!” дейди донишмандликда беназир ҳалқимиз. Бинобарин, қадр кечасида одамнинг тутгани – тилло, олгани – олтин бўлиб қолиши хусусидаги ривоятни юзаки тушунмаслик керак бўлади. Чинакам Қоридек том маънодаги нуроний, руҳоний, дуогўй, авлиё зотнинг олгани – олтин, тутгани – тилло бўлиши табиий. Лекин у инсон қадрини, ўзи ва ўзгаларнинг инсоний шаън-шавкатини ҳар қандай олтину тиллолардан баландроқ тутиши муқаррардир. Зеро, қадрни билган одамга дилидаги руҳий ганжина қўлидаги моддий хазинага нисбатан чандон қадрлироқдир. Нақл қилишларича, қиролича буюк драматург Бернард Шоудан “Ҳамма аёллар сотилади дебсиз, мен ҳамми?..” деб сўраган экан, буюк драматург “Сизнинг нархингиз ўн минг фунт стерлинг” дея жавоб берибди. Қиролича “Шугинами?” дея гинахонлик қилиб бошлаган экан, Бернард Шоу айтибдики, ”Мана, кўрдингизми, жаноби олиялари, ҳаттоки сиз ҳам ўз нархингизни ошириш учун савдолашиб бошлаяпсиз!”.. Қироличадир ва ё оддийгина оқсоч, ҳукмдордир ва ё оддийгина чўпон, айниқса, қори, эшон, муфти, шайх..., хуллас, руҳоний зот ҳар қандай оғир вазиятда ҳам нафсга эрк бермай, моддий бойликларга сотилмадими, бас, у ўзининг инсоний қадрини биладиган одам, том маънодаги Ҳақ Дўст – Ҳақнинг Дўсти, чинакамига Қодирдир. Лекин одам боласининг балойи нафси не бир руҳоний зотларни ҳам руҳан юксалгани қўймай, тубанлик ва пасткашлик чоҳига судраб, ночор-нотавон бандаи ожизга айлантирмаган дейсиз! Одам боласи, масалан, Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” қиссасидаги Қори Ишкамбага ўхшаб ўткинчи дунёнинг қўл киридек омонат мол-давлатини қўш чангалида тутамлаб туришга беҳуда уриндими, бас, ўзининг инсоний ва руҳоний шаънини ерга урган бундай пастарин зот баайни Искандар Зулқарнайндек бу ёруғ оламдан очиқ қўл билан кетибгина қолмайди. Ўз қалбидаги олтин билан тиллодан минг чандон қадрлироқ ганжиналардан ҳам мосуво бўлади. Бундай нотавон кимса, албатта, ҳеч қачон Қодир бўлолмайди. Чинакамига Қодирий бўлган буюк устозимиз ўзининг “Ўткан кунлар” романида яратган том маънодаги нуроний ва руҳоний зот Юсуфбек ҳожи, гарчи руҳоний сифатида қори, муфти, шайх.эмас, ниҳояти ҳожи бўлса-да, адабиётимизда ўз қадрини ҳам, ўзгалар қадрини ҳам, халқ ва Ҳаллоқ қадрини ҳам ғоят баланд тутган энг олий табақа, олийжаноб, қадри баланд, қадршунос, қадрдон зотдир. “Бу даргоҳдан ҳеч кимнинг норизо бўлиб кетмоғи мумкин эмас”. Шу биргина гапда инсоннинг ўзини ва ўзгаларни нечоғли юксак қадрлаши бор! Ўз хонадонини оддийгина бошпана эмас, Ҳақ Таолонинг даргоҳи деб билиш бор. Тилга кўчган шу каби ҳар бир сўзи, босган ҳар бир қадамида ана ўша Жаноби Ҳақнинг ёди ва андишаси бор, хуллас, Қадр бор! Лекин “Меҳробдан чаён” романидаги Солиҳ МАҲДУМда, “Кеча ва кундуз” романидаги Раззоқ СЎФИда ва ҲАЗРАТИ ЭШОНда, “Уфқ” трилогиясидаги Иноят ОҚСОҚОЛда.қадрдан урвоқ ҳам йўқ. Бинобарин, бу адабий қаҳрамонлар том маънодаги руҳоний зот эмас, гарчи улар “маҳдум”, “сўфи”, “эшон”, “оқсоқол” деб аталсалар-да Булар қариб қуюлмаган, аксинча, суюлган, ўз кўнгилларидаги бебаҳо руҳий қадриятлардан маҳрум бўлиб руҳан қашшоқлашган тубан кимсалардир. Халқнинг ишонгани, суянгани, руҳий таянчи – маҳдум, сўфи, эшон, оқсоқол, қори, муфти, шайхдек руҳоний зотларнинг руҳидан путур кетиб, улар тубанлика юз тутган жойда ана ўша халқнинг ҳолига вой! Масалан, “Кеча ва кундуз “ романидаги норасида қизалоқ Зебининг бошига бехос ёғилган жамики кўргиликларнинг туб илдизи Раззоқ сўфидек муридларга тўғри йўналиш бермаган ва Акбарали мингбошидек ҳаддидан ошган амалдорларни бир оғиз инсофга чақиролмайдиган, ўзи ҳам қалбидаги инсоф ва қадр каби бебаҳо ганжиналардан маҳрум бўлиб тубанлашган Ҳазрат Эшонга бориб тақалади. Халқимизнинг “Эшоним деб эшагимдан айрилдим” деган истеҳзоли мақоли ҳам Хўжа Насриддин афандидек энг сўнгги буд-шуди, суянчиғи, кундалик тирикчилик таянчидан ажраган одамнинг кўнглидан беихтиёр отилиб чиққан ўзига хос оҳ-фарёддир. Рус босқинчилари қўллаган мустамлакачилик сиёсатида ҳамиша ислом дини пешволари, диндор-руҳоний зотларни ҳар боб билан ёмонотлиқ қилиб, уларни халқнинг назарида олабўжи кўрсатиш муҳим ўрин тутганлиги бугунги кунда кўпчиликка маълум.Айниқса, ўтган асрнинг 20-30-йилларида не бир руҳоний зотлар “диндор” сифатида маҳв, қувғин, бадном этилганидан кейин оддий халқ ишониши, суяниши ва эргашиши мумкин бўлган руҳий таянчлардан жудо этилгач, бунинг қонуний ҳосилалари сифатида уруш-жанжаллар, қаҳатчилик-очарчиликлар, қувғин-қочқинлар, бошқа кўпдан-кўп кулфат-кўргиликлар халқ бошига бетўхтов ёғилаверди-ёғилаверди. Балога қарши пири балогардон, яшинқайтаргич, ҳимоячи бўлмаганидан кейин.яланг бошга бало ёғаверади-да. Инсоф-диёнат, сабр-қаноат, иймон-ишонч, меҳр-мурувват сингари бебаҳо руҳий ганжиналар қадрсизланган жамиятда одам боласининг, Ҳазрати Инсон ҳаётининг писта пўчоғича қадри қолмайди. Бундай жамиятда ҳар бир инсон кундалик тирикчилик кўйига тушиб, оддий бир жонзотдек қорнининг қайғуси билан яшашга маҳкум этилади. Ҳазрати Инсон шу қадар қадрсизланадики, ҳалқ мақолида айтилганидек, “Нон – пайғамбар, ош – Худо”га айланиб қолади. Шўро тузумининг етмиш тўрт йиллик тарихини ақалли бирров хаёл элагидан ўтказсангиз, халқимизнинг “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман” деган мақолию “Эсиз одам, эсиз одамлар” каби қўшиқ сатрлари нақадар теран маъноларга эга эканини яққол кўришингиз мумкин. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги очарчиликлар, қирқинчи йилларидаги Иккинчи жаҳон уруши, 50-70-йилларидаги пахта яккаҳокимлиги каби кўргиликлар одам боласининг тинка-мадорини қуритиб, соғлигидан путур кетказиб, миллионлаб бегуноҳ жонларнинг гулдек умрини хазон қилибгина қолмади. Аввало энг оддий инсоний қадр-қимматини оёқости қилди. Ҳар қадамда ҳар боб билан инсоний шаънини топтади. Шўро тузумининг бир қарашда фаровон, тўкин-сочиндек туюлувчи 70-80 йилларда ҳам ўз бойлигидан бошқа на худосини, на авлиёсини назар-писанд қилмайдиган бир ҳовуч худосиз мешчанлар, замонавий Қорунлар исканжасидаги оддий халқ, бу халқнинг ҳар бир оддий вакили муттасил заҳарланаётган тупроқдек, қуриб бораётган Оролдек, булғанаётган ҳаводек мутлақо қадрсиз – беқадр эди. Одам боласи яшаш учун еб-ичишга эмас, еб-ичиш учун яшашга маҳкум этилган эди. Эсимда, 70-йилларнинг охирларида республика халқ таълими вазирлигида ишлар эканман, янги йил арафасида – 31 декабрь куни вазирликнинг юзлаб ходимлари кечқурун ишдан кейин бир неча соат киши бошига икки килограммдан бериладиган музлаган гўштнинг олиб келинишини бетоқатланиб кутганмиз. Янги йил киришига саноқлигина соатлар қолганида рўйхат бўйича ҳар биримиз ўз тегишимизни олиб уйимизга шошилганмиз. Ҳозир ақл бовар қилмайди! Холбуки республикамизнинг етакчи вазирликларидан бирида ишлайдиган масъул ходимлар авторитар ва тоталитар Шўро тузумида яшашга маҳкум этилган инсонларнинг энг ўзига тўқлари хисобланардилар! Уларнингки инсоний қадри шундай бўлгач, оддий деҳқон, чўпон, ишчининг аҳвол- руҳиясини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. Энг даҳшатли томони шундаки, инсон шаънини таҳқирлаб қадр—қимматини оёқости қилувчи бундай ҳолатларга қарши норозилик ва исён ҳисси қалблардан шафқатсизлик билан суғуриб ташланган эди. Кимдир беихтиёр “портлаб”, “Бу қандай қадрсизлик, бу қандай ноҳақлик?!. Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл-да!” дея ҳақиқат ва адолат учун курашиб бошласа, у албатта халқ душмани, аксилинқилобчи, бузғунчи, шикоятчи, жанжалкаш, “ёзғувчи” ва бошқа шу хилдаги ўйлаб топилган ёрлиқлар остида бадном-ёмонотлиқ, қувғин-бадарға, изза-сазойи, бало-баттар қилинар эди. Шу боис не бир қадршунослар ҳам ўзларининг ҳар боб билан қадрсизлантирилаётганини кўриб-билиб турсалар-да, дарди ичида эдилар. Аксарият “совет кишилари” қадрсизгина эмас, қадр хусусидаги тушунчасиз ҳам эдилар. Холбуки ҳар қандай эрк, озодлик, ҳуррият, мустақиллик ҳар бир инсоннинг ўз қадрини, умуман, қадрни билишидан бошланади. Одатда ўз қадрини билмаган инсон ўзининг ота-онаси, оиласи, фарзандлари, халқи, ватанини ҳам муносиб тарзда қадрлаёлмайди. Ва, аксинча, ўзининг инсоний қадрини чуқур англаган одамгина худди ўзидек бошқа бир одамга қарам, тобе, боқиманда бўлмайди. Буни ўзи учун иснод, инсоний шаънининг топталиши деб билади. Худди шундай, ўз қадрини билган халқ ҳам ўзидек бошқа бир халққа қарам бўлмайди. Бошқа бир халқ зўравонлик билан ўзига қарам қилиб олган тақдирдла ҳам, бундай ўз шаънига номуносиб ҳолатдан халос бўлишнинг йўлларини қидиради. Шу йўлда курашади. Ҳинд халқининг йўлбошчиси Махатма Ганди ўз халқини инглиз мустамлакачилиги асоратларидан халос этишда қўллаган усул – “зўравонсизлик кураш – тинч йўл билан кураш”ни олиб, унинг моҳиятини жиддийроқ ўйлаб қаранг: миллион-миллион ҳинд халқи бир ёқадан бош чиқариб, яктан, якдил ва якнафас бўлиб баҳамжиҳат равишда ўз ишларини шундай билиб-билиб қилганки, натижада бир ҳовуч инглиз мустамлакачилари бу халқни амалда мутлақо идора қилолмай, ҳокимиятни қўлдан бой берган-қўйган. Оқибат-натижада ўзларини мамлакатда буткул ортиқча ҳис қилиб, яшаёлмай қолган ва ўз ихтиёри билан Ҳиндистонни тарк этишга мажбур бўлган. Махатма Ганди йўлидан борган улкан сиёсий арбоблардан бири, озод Ҳиндистоннинг биринчи президенти Жавоҳарлал Неру эса, жумладан, шундай йўл тутганки, масалан, Оллоҳободдаги инглиз ҳукумати қамоқхонасида ётиб ҳам тушкунликка берилмаган. Ўз жонига ўзи қасд қилмаган... Аксинча, озодликдаги қизи Индира Гандига мактублар тарзида “Жаҳон тарихига бир назар” номли оламшумул асарини ёзган! Отага ва ўз отаси Неру қўйган Ганди фамилиясига муносиб қиз ва муносиб невара – озод Ҳиндистоннинг машҳур президенти Индира Ганди эса, ўз навбатида ва ўз вақтида, масалан, мухбирнинг “Ҳиндистон жаҳонга нимадир экспорт ҳам қиладими ўзи?” деган қитмирона саволига, жумладан, шундай жавоб берган эди: “Беш минг йилдан буён Ҳиндистоннинг жаҳонга энг кўп экспорт қилган маҳсулоти фалсафадир. Ҳозир ҳам биз экспорт қилаётган энг олий нав маҳсулотимиз шу!” Айни шундай фалсафий дунёқараш, миллий ғурур, миллий шаън, миллий қадрни қон-қонига сингдирган буюк ҳинд халқининг кўпдлан-кўп асл фарзандларидан бири, масалан, машҳур актер Шоҳруҳ бош ролини ижро этган “Ўғирланмаган келин” бадиий фильми қаҳрамони Раж Европа қитъасининг қоқ марказидаги Цюрих шаҳрида туриб ўз ҳамроҳига дейдики, “Мен ҳиндман! Мен ҳинд қизи учун ор-номус нималигини жуда яхши биламан. Мен ҳаттоки тушимда ҳам суймаганга суйканиб ожизага зўравонлик қилолмайман. Худога шукур, мен ўз қадримни биламан!” Мохандас Карамчанд Ганди, Жавоҳарлал Неру, Индира Ганди, Шоҳруҳ каби буюк ҳинд халқининг муносиб фарзандларига хос саъй-ҳаракат ва гап-сўзлар аён кўрсатиб турибдики, ҳар бир халқнинг қисмати нафақат феълига яраша, балки аввало қанчалик баҳамжиҳат-якдиллиги ва халқ сифатидаги ўз қадрини қанчалик яхши билишига бевосита боғлиқдир. Агар бу жаҳон айвонида ўз қадрини биладиган ва юксак қадрлайдиган халқ иккита бўлса, улардан бири ўзбек халқидир. “Бош эгиб яшагандан тик туриб ўлган яхши”. Ўз қадрини, ўзининг инсоний шаън-шавкатини осмони-фалакка кўтариб айтилган бундай мақол жаҳонда ўзбекдан бошқа бирон-бир халқда борми экан! Ўз қадрини нақадар баланд тутиши ўзбек халқининг наинки ҳикматли гапида, шоҳбайтида, ғазалида, достонида...ҳам аён кўриниб туради. Кейинги қарийб бир асрдан буён у, айниқса, уч насрий жанр – ҳикоя, қисса ва романда аён кўринмоқда. Маълумки, биринчи ўзбек романи “Ўткан кунлар” жаҳон адабиётининг пешқадам жанри – романнинг, ўзбек тили ва ўзбек адабиётининг қадрини туширадиган эмас, аксинча оширадиган, оширганда ҳам, жаҳоншумул довруғига янги довруғ қўша оладиган асар бўлиб чиқди. Бундай ҳар жиҳатдан баркамол асарнинг илк роман сифатида пайдо бўлишини фавқулодда ҳодиса, ҳаттоки тасодифий ҳол деб қараш анчагина кенг тарқалган. Холбуки бу ўринда мутлақо тасодиф йўқ, балки аксинча улкан қонуният бордир. Ҳамиша оққан ариқдан сув оққанидек, ўзбек халқининг халқ сифатидаги ўзлигини, ўз қадр-қимматини яна бир карра англаш ва ўзининг нималарга қодирлигини жаҳонга яна бир карра кўр сатиш имконияти, салоҳияти бунда мужассамдир. Зотан, Абдулла Қодирий ХХ аср бошларидаги жаҳон романчилигини, ўзига руҳан яқинроқ ҳинд, араб ва турк романчилигини, айниқса, Журжи Зайдоннинг тарихий романлари, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Исмоилбек Гаспринскийнинг “Дорулроҳат мусулмонлари” романларини, бу асарларнинг бадиият даражасини жуда яхши билар эди. Бинобарин, ўз олдида нафақат биринчи ўзбек романини яратиш, балки уни, худди Алишер Навоий ўз “Ҳамса”сини Низомий, Деҳлавий ва Жомий “Ҳамса”ларидан оширганидек, Журжи Зайдон, Гунтекин ва Гаспринский романларидан ошириш вазифаси ҳам турганини, ўзбек халқининг халқ сифатидаги шаъни ҳам шуни тақозо этишини, ўзи ва ўз халқи бунга муносиб ва қодирлигини жуда яхши тушунар эди. Қодирий бу ҳар икки вазифани шараф билан қойилмақом қилиб адо этди! Бу улуғ устознинг Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировдек энг муносиб шогирдлари ҳам, худога шукур, мустамлака шароитида ақл бовар қилмас даражадаги мушкул вазиятларда ҳам ўзбек романчилигининг оламшумул қадрини баланд тутиб келдилар. Шуни комил ишонч билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда жаҳон романчилик мактабларининг ҳеч биридан қолишмайдиган, баъзи бир жиҳатлардан, хусусан, инсон руҳий дунёсига чуқур кириб бориш – теран руҳий таҳлил бобида анчагина ўзиб чиққан қудратли ўзбек романчилик мактаби, буюк Қодирий ўзига ва ўз халқига муносиб тарзда асос солган мактаб ҳавас қилса арзигулик даражада ишлаб турибди. Лекин очиғини айтиш керак, жаҳондаги бошқа ҳалқларга нисбатан ўзбек халқида бу мактабнинг туғилиши, яшаб кетиши ва ривожланиши беқиёс даражада оғир кечди. Бунинг туб сабабларини мустамлака тузумнинг кирдикорларидангина эмас, ўзбек халқининг халқ сифатидаги миллий менталитетидан ҳам қидириш керак бўлади. Гап шундаки, ўзбекнинг ҳинддан, арабдан, турк билан татардан, жаҳоннинг бошқа энг қадимий ва ҳозирда тараққий этган халқларидан бир фарқли жиҳати борки, дейлик, бутун ҳинд халқи ёппасига ўз йўлбошчиси Махатма Гандига якдил, яктан, якнафас бўлиб бирлашиб кетганидек, бу халқ аксарият ҳолларда бир йўлбошчининг атрофида кўнгилдагидек бирлашолмайди. Ўзига хон, ўзига бек, ҳар бир вакили ўзича бир пошшо халққа ҳамиша қаттиқ панд берадиган энг оқсоқ жиҳат ҳам шу! Бу халқ учун, ўз мақоли билан айтганда, кўпинча “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” Кўп ҳолларда бу халқни янги, улуғ, нурафшон йўлга бошлаш иштиёқида турган чинакам зиё соҳиби, шу халқнинг рўшнолиги ва фаровонлиги йўлида жонини жабборга бериб ишлайдиган фидойи заҳматкаш айбсиз айбдор бўлиб чиқаверади. Масалан, ўзбек халқ эпоси – “Алпомиш” достонида юрт ҳукмдори Бойбўри “китоб кўриб ўтирган” ўғли Ҳакимбекнинг закот ҳақидаги гапидан кейин халқни янги қонун-қоида – закот асосида жипслаштирмоқчи, нисбатан ҳаққонийроқ ва адолатлироқ йўлга бошламоқчи бўлади. Лекин ҳеч ким, ҳаттоки ўз туғишган укаси Бойсари ҳам бу беғараз, яхши ниятни тўғри тушунишни истамайди. Аксинча, қилдан қийиқ қидириб, бу йўлбошчини ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоққа чиқаришга тушади. Мол-дунёси мил-мил элибойлар от билан туя эмас, ниҳояти бир тиррақи эчкини закот сифатида беришдан бутун Бойсун-Қўнғирот элини қоқ иккига бўлиб, Ватанни тарк этиб, ватангадо ва бошқа халққа қарам бўлишни афзал кўрадилар. Кўргиликлар эса, албатта, шунга яраша бўлиб чиқади. Қоқ иккига ажралган халқни қайта бирлаштириш бутун эпоснинг мазмун-моҳияти, мақсад-матлабини ташкил этади. Мустамлака тузумлар, айниқса, мустабид Шўро тузуми жонини жабборга бериб ишлаётган фидойи заҳматкаш ва халқни янги йўлга бошлаётган фидойи йўлбошчини ҳар боб билан ёмонотлиқ қилишга тайёр Ёртибой оқсоқолдек калтабинлардан, узоқни кўролмайдиган, бахил, боши қовушмайдиган ноаҳил, назари паст, тубан кимсалардан усталик билан фойдаланди. Укани акага, жиянни тоғага, болани отага, неварани бобога қарши қайраб солиб, одам боласини ўз шахсий манфаати йўлида ҳаммани ва ҳамма муқаддас қадриятларни, ҳатто ўз виждонини ҳам арзимас чойчақага сотиб юборадиган, хуллас, ўз инсоний қадрини мутлақо билмайдиган тубан кимсага, онгсиз бир маҳлуққа айлантиришга уринди. Табиийки, бундай ғайриинсоний ҳолатларга қарши исён кўтариб, инсоф ва қадр, диёнат ва адолатга даъват этган фидойи зотлар бу тузумнинг ашаддий душманлари сифатида яна-да қаттиқроқ ёмонотлиқ қилинди. Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби фидойи зотларга отилган маломат тошларининг қоқ ярми мустабид тузумга, қоқ ярми ана ўша отасини ҳам сотадиган палид кимсаларга тегишли эди. Холбуки бу халқнинг “ўзидан чиққан балолар” мустамлака шароитидагина эмас, мустақиллик шароитида ҳам бир халққа етиб ортгулик даражада эди. Мана шундай ноҳақ маломатлардан ва хизматга туҳматлардан юраги ўртанган буюк мутафаккиримиз Алишер Навоий беш ярим аср муқаддам ўзининг энг пурҳикмат шоҳбайтларидан бирини укаси Дарвишалига атаб шундай битган эди: “Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл”. Қарийб тўққиз аср муқаддам авлиёлар сарвари Аҳмад Яссавий ҳазратлари эса, бу халққа хос энг манфур иллатлар олдида ўзининг ночор-ноиложлигини изҳор қилиб, шундай ўта содда, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳар бир ўзбек оппа-осон тушуна оладиган ҳикматли сатрни битган эдилар: “Ер остига қочиб кирдим нодонлардин...” Шунинг учун ҳам халқимизда юзаки қараганда енгил кулгу учун, аслида аччиқ истеҳзо билан айтилган бир ҳикматли гап борки, “Ботир ботир эмас, ёмондан қочиб қутулган ботир”. Хуллас, шуниси аниқки, ҳар қандай янгилик ҳам, буюклик ҳам, қаҳрамонлик ҳам бошқа ҳалқларга нисбатан ўзбек халқида бир неча баравар кўпроқ қаршиликка учраб, минг машаққат билан ўзига йўл очади. Табиийки, йўл бошидаёқ ё ўртасига ҳам етиб боролмай жон таслим қилганлар яна-да кўпроқ... Аҳмад Яссавий ҳазратларининг яна бир ҳикматли сатри ҳам шундан далолатдир: “Бу йўлларда жон бермасдан имкони йўқ”. Нима бўлганда ҳам чумчуқдан қўрққан тариқ экмаганидай, эзгулик йўлида собит қадршунос йўлчи маломатлардан қўрқиб бу йўлдан озмайди. Улуғ халқнинг улуғ фарзандлари ҳар хил шамойиллардаги ёмонотлиқ қилишларга аччиқма-аччиқ энг олий мурод-мақсад манзиллари томон интилаверадилар; кўнгилларга яхшилик, эзгулик, олижаноблик, шаън-шавкат, қадр-қиммат уруғларини экаверадилар.Улар инсон қадри, халқ қадри, Ватан қадрини пасайтириш эмас, юксалтириш, уни умуминсоний юксакликларга кўтариш йўлида баҳоли қудрат хизмат қилганлар, хизмат қилмоқдалар ва албатта хизмат қилаверадилар. Айниқса, Шўро тузуми, дейлик, Абдулла Қодирийдан то Миртемирга қадар не бир фидойи зотларни ҳамиша моддий муҳтожликда сақлаб туриш, таржима, таҳрир, танқид, тақриз ва бошқа хил, чинакам сўз санъаткори учун иккинчи ва учинчи даражали, ҳаттоки истеъдодсиз ёзғувчининг ночоргина қораламасини “эпақага келтириш” сингари “қора ишлар” билан муттасил банд қилиб туриш, худди қўйнинг тақдирини бўрининг қўлига топширгандек, истеъдоднинг бош устига истеъдодсиз қаламкашни раҳбар ва қоровул қилиб қўйиш сингари беҳисоб “ҳийлаи шаърий усул”ларни қўллашда устаси фаранг эди, токи чинакам истеъдод бош кўтариб, ўз қадри, ўз халқининг қадри, муқаддас Ватанининг қадри хусусида “дўппини бошдан олиб” жиддийроқ ўйлашга ҳоли қолмасин. Номлари саналган улуғ устозларимиз, уларнинг муносиб шогирдлари бундай усулларга қарамасдан, худди “Қутлуғ қон” романини ёзаётган Ойбек домладек, маломатлару оҳ-нолаларга чалғиб қолмаслик умидида тўнини бошига буркаб бўлса-да, ўзларининг энг бирламчи ишларини баҳоли қудрат амалга оширдилар. Масалан, ўзбек адабиётида, гарчи Александр Сергеевич Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романи даражасида бўлмаса-да, ҳар қалай, шеърий роман жанри талабларига нисбатан тўлароқ жавоб бера оладиган икки асар (Муҳаммад Алининг “Боқий дунё” ва Хусниддин Шариповнинг “Бир савол” шеърий романлари) яратилган бўлса, уларнинг иккинчисида шундай қуйма сатрлар нақорат – рефрен сифатида қайта-қайта такрорланиб келади: Азиз Ватан, иқбол Ватани, Қадди баланд, қадри баландим. Юрагимга жо этиб сени , Қучоғингда нурга беландим Ўзбекистон давлат мустақиллиги асрлар мобайнида ҳамиша, дарҳақиқат, қадди баланд, қадри баланд бўлиб келган, лекин мустамлака тузумлар шароитида қадди эгилиб-букилиб қадрсизланган, айрим шеърий асарлардагина юксак қадрланган бу Ватанни, улуғ бир ҳалқни, қадри юксак Ҳазрати Инсонни азалий ўзлигига қайтарди ва қайтармоқда. Агар мустабид Шўро тузумида “давлат инсон учун” эмас, аксинча, “инсон давлат учун” деган “қоида” ҳар қадамда амал қилиб, одам боласига дахшатли даражада улкан давлат машинасининг кичик бир мурвати сифатида қараш кенг қулоч ёзган бўлса, энди мустақил Ўзбекистон давлатида, аксинча, “Ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун” деб қараш йилдан-йилга тобора етакчи тамойил тусини олмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистон давлат мустақиллиги шароитида ўтган шонли ўн беш йилнинг ҳар бири махсус номланмоқдаки, бу қутлуғ номлар (Алишер Навоий йили, Аҳмад Яссавий йили, Амир Темур йили, Инсон манфаатлари йили, Соғлом авлод йили, Оналар ва болалар йили, Меҳр-мурувват йили, Қарияларни қадрлаш йили...) энг муқаддас руҳий қадриятларимизни, аввало “қадр” деб аталувчи энг бебаҳо руҳий бойлигимизни улуғлашга қаратилган номаи аъмолларимизни аён кўрсатиб турибди. Муаззам Шарқ фалсафасида чор дарвиш билан бир қаторда энг кўп қўлланувчи чор унсур (ҳаво, сув, тупроқ, олов) моддий оламдаги энг бебаҳо, ҳеч қачон пул билан ўлчаб бўлмайдиган қадрият хисобланади. Қуёшнинг нархини ва ё Ўзбекистон мамлакати тупроғининг қимматини ким белгилаб бера оларди дейсиз! Икки буюк дарёмиздаги оби ҳаётни ва ё баҳово тоғларимизу боғ-роғларимиздаги инсоний нафас, инсоний тириклик манбаини ҳам жаҳоннинг ҳеч бир пул белгилари ўлчаёлмайди, албатта. Яна шуниси ҳам борки, бу тўрт унсурдан оқар сув, учар ҳаво ва ёнар олов ўткинчи (арабча атамалар билан айтганда, фоний, омонат, муваққат), фақатгина тупроқ турғун, ўлмас (арабча атамалар билан айтганда, умрибоқий, абадий, мангу). Шуниси билан тупроқ бошқа унсурларга нисбатан минг карра қадрлироқдир. Шунинг учун ҳам одам боласи тупроқдан бино этилган ва унинг қадди баланд, қадри баланд, борар манзили абадият. Шунинг учун ҳам ҳар бир кафт тупроқ “муқаддас тупроқ”, “табаррук тупроқ”, “она тупроқ” дея улуғланади ва она-Ватанга нисбат берилади. Шунинг учун ҳам “Тупроқ бўлғил, олам сени босиб ўтсин” дейдилар Ҳазрати султони орифин Аҳмад Яссавий. Мазкур ҳикматли сатр замиридаги бир маънони замонавий тилда шундай шарҳлаш мумкин: “Ватан тимсоли, халқ рамзига айлан, токи олам аҳли сени муқаддас саждагоҳ деб билиб зиёратга келсин-да, ҳоки пойингни кўзларига тўтиё ва дилтортарларига “мозор бости” қилсин”. Аҳмад Яссавий ҳазратларининг шеърий ҳикматлари яққол далолат бериб турибдики, тупроқ бўлишнинг энг қудратли ва синашта воситаси сўз санъати ҳисобланади. Замонавий сўз санъатининг, хусусан, бадиий насрнинг ўзига хос тупроғини уч жанр – ҳикоя, қисса ва роман ташкил этади. Бу уч жанр табиати – уч бебаҳо руҳий қадрият моҳиятини ҳар ким ўзича тушунади. Мен, масалан, шундай тушунаман: ҳикоя – муайян руҳий ҳолатни, қисса – инсоний қисматни, роман – миллий руҳиятни, яъни бутун бошли бир халқнинг аҳвол-руҳиясини ҳаққоний акс эттирувчи беқиёс кўзгулар хисобланади. Агар санъат турини санъат турига қиёслаб тушунтирилса, ҳикоя – қўшиққа, қисса – катта ашулага, роман – достонга ўхшайди. Қўшиқни ҳар бир хушовоз хонанда ижро этиши мумкин. Катта ашула учун хонандага хушовозликдан ташқари чуқур нафас ҳам керак бўлади. Достон учун эса, хушовоз билан чуқур нафас ҳам кифоя қилмайди. Аввало фавқулодда, камёб ва ноёб қувваи хофиза керак бўлади. Бошқачароқ айтганда, қўшиқ куйланади – куй мавжида хониш қилинади, катта ашулада куй ҳам, соз ҳам, хониш ҳам унинг ичида бўлади. Достон эса, бўзлаб айтилади – ҳалқумда, ички овозда, бутун жисму жонни ана ўша ҳалқумга жамлаган ҳолда ижро этилади. Чинакам ҳикоя, қисса ва романда ҳам қарийб шундай. Масалан, ўзбек ҳикоячилигининг, менинг назаримда, икки сарбаланд чўққиси – “Ўғри” билан “Менинг ўғригина болам” асарларини қиёсий таҳлил қилиб қарасангиз кўрасизки, уларнинг ҳар иккисида қаҳрамоннинг муайян руҳий ҳолати баайни қўшиқдек мухтасаргина шаклда кўрсатилади. Биринчисида ягона суянчиғи – ҳўкизини ўғрига олдирган Қобил бобонинг дағ-дағ титраши, эсанкираши ва бошқа шулар каби жисмоний ҳолати, ҳатти-ҳаракатлари орқали руҳий ҳолат хусусида яққол тасаввур ҳосил қилинади. Иккинчисида том бошида чўнқайиб ўтирган ўғри билан уй ўртасида сулайиб ётган кампирнинг суҳбати, аниқроғи, ҳар иккисининг арзи ҳоли, изҳори дили, дарди-ҳасрати... орқали муайян руҳий ҳолат яна-да ёрқинроқ ва таъсирчанроқ кўрсатилади. Иккинчи ҳикояда, халқона ибора билан айтганда, руҳий ҳолатнинг авра-астари, ичию таши ағдариб кўрсатилади. Ўзбек қиссачилигининг сарбаланд чўққиси “Шум бола”ни олиб қарасак, унда бир шум етимнинг инсоний қисмати – руҳий ҳолатлар силсиласини яна-да батафсилроқ авра-астарини ағдариб кўрсатиш орқали муайян даврдаги мисли кўрилмаган шумликлар, “ўнинчи йилларнинг саргардонлиги”, даврда рўй бераётган, арабча сўз билан айтганда, “ҳамоқот”, русча айтганда, “кошунство” таъсирчан қаламга олинади. “Отим ориқ, манзилимга етолмайман-эй” сингари пурҳикмат сатрлардан иборат қўшиқ бу “катта ашула”нинг таъсир қудратини яна-да ошириб келади. Ўзбек романчилигининг икки сарбаланд чўққиси – “Ўткан кунлар” билан “Кеча ва кундуз” асарларини олиб қарасак, уларнинг биринчисида халқ тақдирига қайғурган фидойи зотлар (Ота – Юсуфбек ҳожи ва отага муносиб ўғил – Отабек) нинг инсоний қисматлари мисолида, иккинчисида эса, фақатгина ўз шахсий манфаатини ўйлаб, қорнининг қайғусини чекиб, ҳузур-ҳаловатини кўзлаб яшовчи худбин кимсалар қуршовида хор-зор бўлган бегуноҳ жон – Зебининг кўргиликлари мисолида бутун бошли бир даврдаги бутун бошли бир халқ – ХIХ асрнинг иккинчи ярмидаги ўзбекнинг аҳвол-руҳияси, миллий руҳ атрофлича очиб кўрсатилади. Соҳир қўшиқ, мумтоз катта ашула, “эпос” деса дегудек улуғвор достон камдан-кам, битта-иккита бўлгани каби, ҳар жиҳатдан баркамол ҳикоя, қисса ва ё роман ҳам ноёб ҳодисалар хисобланади. Уларнинг ҳар бири ўз ҳалқининг бетакрор руҳий қадрияти ва миллий бойлигидир. Лекин қадрда ҳам қадр, бойликда ҳам бойлик, қадриятда ҳам қадрият бор! Ўзининг инсоний қадр-қимматини билмайдиган, қадрини баланд тутишга интилмайдиган, аксинча, ўзини ўзи қадрсизлантирадиган назари паст адабий қаҳрамон, ҳар қанча маҳорат билан бадиий гавдалантирилиб, ёрқин бўёқларда чизиб кўсатилмасин, ўқувчида муҳаббат, ҳавас, ҳурмат каби ижобий туйғулар эмас, аксинча, нафрат, жирканиш, ижирғаниш каби салбий ҳиссиётлар уйғотиб, кўп ҳолларда китобхоннинг таъбини кир, кўнглини хира, дилини хуфтон қилишга ярайди. Бундай асар нари борса кўнгилларда ачиниш туйғусини уйғотади, холос. Диққат қилинг: “Ўткан кунлар” романининг ҳар бир қаҳрамонида, ҳаттоки “Алпомиш” достонидаги Қултойни эслатувчи ўзига хос қул – оилавий хизматкор Ҳасаналида ҳам, айтиш мумкинки, илоҳий бир улуғворлик, оталиқ салобати, виқор, ўз қадрини баланд тутиш, қадрни билиш бор. Менимча, асарнинг энг бирламчи жозиба кучи, оҳанграбоси, ўқувчини ўзига мафтун этувчи меҳригиёси мана шудир. Афсуски, “Кеча ва кундуз” романи дастлаб дунёга келганида ҳам, эллик уч йиллик танаффусдан кейин 1988 йилда қайта ёруғлик кўрганида ҳам “Ўткан кунлар” романидек халқимиз томонидан қўлма-қўл бўлиб ва қўлдан қўймай ўқилмади. Бунинг энг бирламчи сабаби ҳам, менимча, шундаки, гарчи асар бадиий маҳорат ва жаҳон романчилиги тажрибаларидан яна-да пухтароқ фойдаланиш нуқтаи назаридан “Ўткан кунлар”га нисбатан баландроқ турса-да, қаҳрамонларнинг ўз қадрини мутлақо билмасликлари, ярми ифлос ва фахшга ботган, ярмининг хор ва абгорлиги... асарнинг жозибаси, оҳанграбоси, ўзига тортиш қудратининг қарийб қоқ ярмини йўққа чиқаради. Аксарият қаҳрамонлар, ҳаттоки Қурвонбиби, Салтанат, Энахон, Ўлмасжон, Холмат каби ижобий деб хисобланувчи қаҳрамонлар ҳам кўнгилларда хайрихоҳлик ва меҳр-муҳаббат эмас, нафрат, ачиниш, ижирғаниш сингари нохуш туйғулар уйғотади. Бош қаҳармон Зебининг болаларча соддадиллиги, оқкўнгиллиги, қалби беғуборлиги ҳавас қилгулик бўлса-да, ўтакетган оми, ғофил, оқ-қорани танимайдиган, ўз қадрини мутлақо билмайдиган ночор-нотавон бир кимсалиги... ўқувчини ачинтиради, афсуслантиради, қаҳрамонга ва уни яратган ёзувчига китобхоннинг ихлосини сусайтиради. Чунки одам боласининг табиати шундайки, у замондан орқада қолган одамга эмас, аксинча, ўз замонидан ўзиб кетган, ақалли замонга ҳамқадам-ҳамнафас бўлиб яшаётган одамгагина ҳавас, ихлос, меҳр-муҳаббат сингари юксак инсоний туйғулар оғушида қарайди. “Замон сенга боқмаса сен замонга боқ” дейди халқимиз. Замонга хос етакчи хусусиятлар ифодасини ҳамиша ана ўша замондан орқада, ғафлатда “алмисоқдан” қолган кимсада эмас, аксинча, энг илғор қарашли замондошда, замондан ўзиб яшаётган ўз замонининг том маънодаги қаҳрамонларида яққол кўришимиз табиийдир. Зотан одам боласининг ўз қадрини теран англаши аввало унинг дунёқараши нечоғли кенг эканлигига узвий боғлиқдир. Афсуски, мустақиллик даври ўзбек романларида тўлақонли шахс, буюк бир халқнинг вакили, мустақил давлат фуқароси сифатидаги ўзлигини, ўз қадрини яхши биладиган дунёқараши кенг адабий қаҳрамонни, айниқса, замонавий мавзудаги асарларда қарийб учратмаймиз. Бу давр романчилигининг энг жиддий ютуқлари сифатида юқори баҳоланган асарлар, дейлик, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” ва ё Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романларини олиб, айни нуқтаи назардан мазкур асарларга қарасак, уларнинг бош қаҳрамонлари ҳам мутлақо ҳавас қилгулик эмаслигини яққол кўрасиз. Уларга ачиниб-афсусланиб қарамай иложингиз йўқ. “Отамдан қолган далалар”нинг бош қаҳрамони Деҳқонқул қулдорлик тузумидаги етти пушти қул ўтган энг “олий нав” қулдан ҳам беш баттарроқ шундай ожиз-нотавон бир кимсаки, қамоқхонада ўз нажасини ўзига зўрлаб едирсалар еяверади. Отаси Ақраб шаҳид ва бобоси Жалолиддин кетмондаги ҳақсизликка қарши исён ҳиссидан унда зиғирчаям йўқ. Шунақанги бечораҳол кимсаки, инсон сифатида оилавий хизматкор Ҳасанали (“Ўткан кунлар”) ва ё оддийгина бир қарол Йўлчи (“Қутлуғ қон”) ундан беқиёс даражада юксак туради. “Мувозанат” да эса, бош қаҳрамон ўз дўстининг кўзига чўп солиб, унинг хотинига ўйнаш тутинади, буниси етмагандек, ерга урганда шердек наъра тортиб кўкка сапчийдиган ёшдаги одам ҳозирги дориломон замонда ётоқхонада ярим бўлка қотган нонни сувараклар билан “баҳам кўриш”га “мажбур бўлади”. Бундай ўқувчини ачинтирадигангина эмас,”Шуям одамми!” дея ижирғантирадиган, ҳаттоки жиркантирадиган ожиз-нотавон, ўзининг инсоний қадридан мутлақо бехабар кимсалар... шонли замонамиз қаҳрамонлари, буюк ўзбек халқининг ёрқин тимсоллари эмаслар, албатта. Аввало қаламкашни ошириб мақташ ва пуфакдек шишинтириш оқибатида, масалан, мазкур ёзувчиларимизнинг иккинчи романлари – “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” билан “Исён ва итоат” асарлари дастлабки романлардан ҳам бадиий жиҳатдан заифроқ бўлиб чиқди. Масалан, биринчи асарда “Ботир” деб аталган “қаҳрамон”, “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбек ташланган зиндондан эмас, албатта, ниҳояти бир кавланган илдизлар ўрнидаги ҳандақдан “қутулиб” чиқолмайди. Иккинчи асарда эса, “Акбар” деган яна-да қутлуғроқ исмни кўтариб юрган навқирон йигит... бир маккора фоҳишани деб хотин-бола-чақасидан воз кечади. Орадан йиллар ўтиб, ўз хатосини англаб етгандек бўлади-да, хотин-бола-чақасининг олдига бош эгиб қайтиб боради. Хўш, бундай енгил-елпи ҳатти-ҳаракатларнинг нимаси исёну нимаси итоат?!. Умуман, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”, “Исён ва итоат” деган номлар остида қандай гаплар айтилиб, қанақанги ғоялар ўртага ташланяпти-ю ижодкорларнинг қадамлари юксакками-пастгами қаёққа кетяпти, ёзувчиларнинг илк романларини ошириб-тошириб мақтаган мунаққидларимиз нимагадир энди булар хусусида мутлақо лом-мим демаяптилар. Менимча, ёзувчини мақтаб-мақтаб пастга тортишга нисбатан танқид қилиб энг олий юксакликларга даъват этиш ҳар жиҳатдан маъқул иш! Адабий танқиднинг энг бирламчи вазифаси ҳам шу! Бундан етти йил муқаддам “Ўтаётган кунлар нафаси” деб номланган мақоламда 1998 йилда дунёга келган романларни атрофлича таҳлил қилар эканман, камина ҳам самарқандлик ёш ёзувчи Уйғун Рўзиевнинг “Атиргул” романи хусусида анчагина мақтов гаплар ёзган эдим. Қай бир жиҳатлари “Ўткан кунлар” романини, қай бир жиҳатлари эса, “Шум бола” қиссасини ёдга солувчи бу илк романнинг айниқса “ҳам қувноқ, ҳам ҳазин оҳанги, дилрабо қўшиқдек дилкаш ифода ва изҳор йўсини, теша тегмаган киноя-қочиримлар, тагдор имо-ишоралар” мени ўзига маҳлиё этган, қаттиқ ҳаяжонланиб ўзимча шундай тилак билдирган эдим: “Етти пушти булбул ўтган Эргаш Жуманбулбулнинг ота қишлоғи Жўшдан жўшиб чиққан ва йигирма уч ёшида шундай гўзал асар ёзган истеъдодли укамизга илоё кўз тегмасин, паст-баланд гаплардан эсанкираб қолмасин, дастлабки яхши асардан яна-да яхшироқ иккинчи асарга омон-эсон ўтиб олсин”. Яқинда бу ёзувчининг янги асари – “Қадр кечаси” қиссасини ўқиб чиқдим-да, очиғи, ҳафсалам пир бўлди. Гап шундаки, ўзбек ёзувчисига мақтов янги ижодий парвозларга рағбатлантириш ўрнига “Бўлди, эришадиган юксаклигингга чиқиб олибсан, энди ортингга қайтавер” дегандек акс таъсир қиладими, қайдам, ё фалак, бу қиссанинг дастлабки романдан ер билан осмонча фарқи бор эди. Тасаввур қилинг, муҳтожлик сабаб қаҳрамон қадр кечасида ҳам Зарафшондан олтин қидириб кетади, иттифоқо айни шу кечада нақд ёмби топиб олади, қувона-қувона уйига келса, айни шу кечада ёнаётган уйида хотини ўйнаши билан!.. Бу нимаси? Қадр кечасининг қадри шуми?! Одатда ўтакетган фоҳиша, ароқхўр, хотинбоз, палид кимсалар ҳам рўза-рамозон кунларида, айниқса, қадр кечасида ўз нафсини тияди. Бир томонда – ёмбининг топилиши, яна бир томонда – вафодор жуфти ҳалолнинг фахш ишларга илк қадами, охир-оқибат, ёнғин-хонавайронлик... Барча тасодифлар, тубанликлар, фожиаларни айни шу қадр кечасига жамлашдан муддао, ғоявий ният нима?!. Хуллас, “Қадр кечаси” қиссаси “Атиргул” романидек кўнгилни ўстириб, руҳни юксалтирмайди, аксинча, алланечук нохуш бир кайфият уйғотади, ўқувчининг кўнглини кир, таъбини хира қилади. “Булар қанақанги мусулмон, умуман, мусулмонми ўзи?!” деган бир иштибоҳ уйғотади. Яқинда таниқли ёзувчиларимиздан бирининг янги романи қўлёзмасини ўқиб чиқишга мажбур бўлдим. Аё дўстлар, мазкур асарга таққослаганда “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”, “Исён ва итоат” романлари билан “Қадр кечаси” қиссасини ҳолва деса бўлади. Асарда айтилишича, бир одам шунчаки англашилмовчилик сабаб ўлдига чиқарилади (аслида унинг чўнтагида паспорти бор кийимини кийган бошқа биров ҳалокатга учраб ўлган бўлади). Каттакон бир асар давомида ўша одам ўзининг ўлмагани – тирик яшаб юрганини ҳеч қаерда ҳеч кимга исботлаёлмай узоқ-узоқ тентирайди-да-е.. Бирон одамда зиғирча бир ҳайриҳоҳлик, бирон инсон қалбида йилт этган бир нур, заррача ёруғлик кўринмайди. Тентираб, йўл қидириб, юра-юра, ахийри ўз ихтиёри билан бориб ўзига аталган, англашилмовчилик сабаб бошқа ўлик қўйилган лаҳадга киради-кетади... Беихтиёр ҳайратдан ёқа ушлайсиз: ё фалак! Буёғи қандоқ бўлди? Бир пайтлар ўқиганимиз “Анти-Дюринг”га ўхшаб, “Гўрўғли” достонига раддия сифатида битилган “антидостон”ми, “Ўлик жонлар”га ўзбекча пародиями, “Тирилган мурда”га чапақай татаббуми, нима бу?! Замонамиз қаҳрамони, Ҳазрати Инсон, ўзбек халқи вакили ва, умуман, ўзбек халқининг масхарасини чиқариб, уни оламдаги энг ожиз-нотавон, бўш-баёв, лапашанг-ландовур қилиб кўрсатиш йўлидаги ким ўзар пойгада яна бир “мисли кўрилмаган қаҳрамонлик”ми ё?.. Ўзбекни ўз қадрини билмайдиган оми-ғофил, думбул-лақма, дунёқараши тор, маънавияти қашшоқ, ўтакетган ахмоқ, аянч бир жонзот сифатида кўрсатиш, шу йўл билан уни қадрсизлантиришга уриниш нафақат айрим романларда, бадиий наср, бадиий адабиёт ва, умуман, санъатнинг бошқа турлари ҳамда жанрларида, ҳаттоки ишлаб чиқариш ва кундалик турмушда ҳам, афсуски, учраб турибди. Масалан, бундан бир неча йил муқаддам “Ўзбегим” деб номланган пахта ёғини кўрганимда беихтиёр таажжубдан ёқа ушлаган эдим. “Воажаб, калтабинликми, кўролмасликми, ғаламисликми бу?! Шўро тузумида “Пахта ўзбек халқининг миллий ифтихори” қабилидаги қарашлар бундай “Ўзбегим” деган пахта ёғига нисбатан ҳолва эмасми?! Кенг жаҳон айвонида ақалли биронта “Ҳиндим” деган чой, “Арабим” деган ҳурмо, ҳаттоки “Ҳабашим” деган қаҳва идиши борми экан!..” Хайриятки, бу номдан ҳозир нишон ҳам қолмади; бир кўриниш берди-да тезда йўқ бўлди. Кейинроқ телевизорда “Отабегим, Зайнаб билан қолинг, бегим” қабилидаги вазни енгил қўшиқларни тинглаб, бачкана клипларни томоша қилсам, очиғи, қон босимим ошадиган бўлиб қолди: “Буюк адибнинг, унинг шоҳ асарининг, ажойиб қаҳрамонларининг масхарасини чиқариб, уларни қадрсизлантиришми, нима бу?!” Айниқса, кулги ниқоби остида кўрастилаётган айрим масхарабозликлар, чунончи, бир шиша винонинг ортидан сарпойчан югургилаб юрган эркаклару сигир судраб кетаётган ва ё лой ҳандаққа ағанаётган аёлларнинг аянчли ҳатти-ҳаракатларига қараб туриб, очиғи, фиғоним фалакка ўрлайди: “Мустақил Ўзбекистон давлатида яшаб, жаҳонга юз тутаётган қадди баланд, қадри баланд, буюк бир халқнинг фарзандларига ярашадиган қилиқми шу?! Булар халқнинг қадрини оширяптими, туширяптими? Ҳориждан келган меҳмонларимиз кўриб, ўзбек халқи ҳақида нима деб ўйлаяпти экан? “Онангни отангга бепардоз кўрсатма” деб яшайдиган андишали бир халққа наинки бепардозлик, шунақанги ўтакетган бепардалик-беҳаёликлар, бачкана қилиқлар ярашадими?..” Куни кеча ўзим ғоят юксак қадрлайдиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида ўзим ғоят ҳурмат қиладиган ва улкан адиб сифатидаги порлоқ келажагига умид кўзи билан қарайдиган истеъдодли укам Абдуқаюм Йўлдошнинг “Адажонимдан айланай” ҳикоясини ўқиб, очиғи, тушунмадим.Аё дўстлар, буниси ҳаммасидан ошиб тушди-ку!. Тасаввур қилинг: заводда бешинчи разрядли токар, қўли гул уста бўлиб ишлайдиган Нўъмонжон ательеда тикувчи бўлиб ишлайдиган хотинини уйда қолдириб, янги йил байрами арафасида ва туғилган кунида ёлғиз қизчаси Меҳринисани шаҳар айлантиргани олиб чиқади. Икковлон аввал янги зоопаркка боришади, кейин кабобхўрлик қилишади, шоколад ейишади, ниҳоят, шаҳарга чиқишдан асосий мақсад – театрга кирмоқчи бўлишади. Шунда Нўъмонжон чўнтакларини қайта-қайта кавлаштириб қарайдики, ишхонадан берилган чипталар йўқ! Чипта йўқми, демак, театрга кириб бўлмаслиги ҳар қандай одамга беш қўлдек маълум. Лекин Нўмонжон нимагадир эшикбонга ялиниб-ёлвориб ичкарига чиптасиз кирмоқчи бўлади. “Семириб кетганидан қорни олдинга осилиб тушган, ҳарсиллаб нафас олаётган эшикбон”, ўз вазифаси бўлганидан кейин, табиийки, ота билан қизни ичкарига қўймайди. Ота тағин нимагадир ялиниб-ёлворавергач, у “деярли бўкириб гапиришга ўтади”. Бирдан пайдо бўлган спорт кийимидаги аллақандай йигит эса, нимагадир Нўъмонжонни дабдурустдан тепиб йиқитиб, оғзи-бурнини қора қон қилади. “Қаҳрамон” эса, худди шуни кутиб турган ва муроди ҳосил бўлгандек, қизини етаклаб жимгина уйига қайтади. Қайтар экан, “чўнтагида бор пулини чиқариб санаб кўради”. Бир минг олти юздан бир минг тўрт юзига қизига совға олади. Автобусда уйга қайтаётиб қолган икки юз сўм атрофида яна бир “кутилмаган” можаро бошланиб кетади: “ўн олти-ўн етти ёшлар чамасидаги чиптачи”дан илон пўст ташлайдиган дакки-дашномларни роса эшитади. Шу асно қизчаси учун қўшиб тўлашга аслида йўқлигини яхшигина биладиган юз йигирма сўмни қидириб... боягина ўзи қайта-қайта кавлаштириб тополмаган томоша чипталарини энди нимагадир топиб олади. Ҳикоянинг фабуласи шу! “Қаҳрамон”нинг антиқадан-антиқа ҳатти-ҳаракатларини ўзингизча мушоҳада қилиб, унинг эс-хуши жойидалигига шубҳаланиб қоласиз. Одам боласи онгсиз маҳлуқ эмас, онгли мавжудот бўлганидан кейин босаётган қадамини зиғирча ўйлаб кўради-да ахир! Сохтакорлик, ясамалик, ўзининг ўзбегини имкон қадар олабўжи, тасқара қилиб кўрсатишга уриниш ҳам эви билан-да ахир! Бош қаҳрамон-ку, тентакка ўхшар экан, “деярли бўкириб гапиришга ўтган” эшикбон, ҳе йўқ-бе йўқ уни тепиб оғзи-бурнини қон қилган аллақандай йигит, қарийб отаси тенгги одамни янги йил арафасида очиқ-ошкор ҳақорат қилаётган ўспирин чиптачи... нимагадир буларнинг барчаси учун одам боласининг зиғирча, бир пуллик қадр-қиммати йўқ! Умуман, Ҳазрати Инсонни, хусусан, ўзбек халқи вакилларини бунчалик афтодаҳол, хор-забун, бўкирадиган туя, бегуноҳнинг бетига тепадиган даражада бешафқат, каттага ҳурмат ва ўзбекона андишани йўқотган бетгачопар, хуллас, на ўзининг, на ўзганинг қадрини билмайдиган бир нокас қилиб кўрсатиш ўзбек ёзувчисига нима учун керак, тушуниб бўлмайди.. Наҳотки шулар ўзгалар дилига зиғирча озор беришдан ҳамиша сақланиб яшаган, Ҳазрати Инсон кўнглини ўстириб, қадрини ошириб яшаб ўтган улуғ аждодларимиз, дейлик, Юсуфбек ҳожидек юксак ички маданият, бой маънавият ва маърифат соҳибларининг ворислари бўлсалар?!. Ҳикоянинг номи – “Адажонимдан айланай” ҳам беш-олти яшар қизалоққа мутлақо ярашмайдиган бачкана қилиққа, бола тилидан масхара ва калака қилишга ўхшайди. Одатда ўзбекнинг ота-онаси, бобо-момоси ўз ўғил-қизлари ва невара-чевараларидан айланиб-ўргилиб гиргиттон бўлиб яшайди. Лекин қизалоқнинг ўз отасидан айланиб-ўргилиши... ўзбек учун эриш туюладиган ножўяроқ ҳатти-ҳаракат хисобланади. Тўғри, айниқса, мустақиллик ва фикр эркинлиги шароитида ёзувчининг дунёни, инсонни, муайян халқ вакилини қай кўз билан кўриб қандай кўрсатиши ўзининг ихтиёридаги шахсий иши, албатта. Қаламкашга ёмонни яхши қилиб кўрсат, бўяб-бежа дея кўрсатма бериб бўлмайди. Қуюшқонга сиғмас кўрсатмаларни ёзувчиларимиз Шўро тузуми даврида жуда кўп кўрганлар. Лекин шу ҳол ҳам шак-шубҳасизки, чор тарафга қора бўёқни ўйламай-нетмай чаплайвериш ғоят бехосият ишдир. Шоири замон ёзганидек, дарҳақиқат, “Иллат қидирганга иллатдир дунё, Ҳикмат қидирганга ҳикматдир дунё”. Ёзувчининг иши эса, табиийки, иллат қидириш эмас, аксинча, ҳикмат қидиришдир, илоҳий ва инсоний нур қидиришдир, кўнгилларни нурафшон қилиб ёриштиришдир. Халқимиз ҳаётида, айниқса, Ўзбекистон давлат мустақиллиги шароитида ҳар қадамда улуғ бир ҳикмат, оламшумул қадр-қиммат, кўнгилни равшан торттирадиган файз-тароват, зиё-ёруғлик борки, уни кўриш учун фавқулодда ўткир кўз шарт эмас, оддийгина, фақат холислик билан қаровчи кўзлар кифоя. Албатта, Ўзбекистон давлат мустақиллиги йилларида ўзбек халқидек буюк бир халқнинг оламшумул довруғига янги довруғ қўшадиган, халқ ва Ватан қадри ҳамда обрўсини яна-да ошира оладиган ғоявий-бадиий жиҳатдан баркамол асарлар талайгина яратилди. Ҳар жиҳатдан ҳавас қилса, ибрат олса ва жаҳонга “Мана, Ўзбек!” дея кўз-кўз қилса арзигулик адабий қаҳрамонлар ҳам яратилди ва яратилмоқда. Айниқса, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Торобий, Бобораҳим Машраб сингари кўпдан-кўп улуғ аждодларимиз ҳақидаги янги тарихий-биографик асарлар билан ҳар қанча фахрланишга ҳақлимиз. Саид Аҳмаднинг “Офтоб ойим” ҳикояси, Одил Ёқубовнинг “Қайдасан, Морико?” қиссаси, Муҳаммад Алининг “Мен кўрган Америка” ва “Абадий соғинчлар” китоблари, Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” маърифий романи, Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” сафарномаси каби ҳорижий мамлакатлар ҳаёти билан боғлик сара асарлар ҳам ўзбек халқининг халқаро ҳамжамиятдаги қонуний ўрнини яна-да муқимлаштириш ва қадр-қимматини яна-да оширишдек хайрли ишга муносиб ҳиссалар хисобланади. Мустамлака шароитида дунёга келган Абдурауф Фитратнинг “Ҳинд ихтилолчилари”, Ойбекнинг “Нур қидириб” ва “Покистон таассуротлари”, Шуҳратнинг “Жаннат қидирганлар”, Ёқуббек Яквалхўжаевнинг “Қайтар дунё” асарларида қаламга олиниб бошланган бу мавзу энди, мустақиллик шароитида янги юксакликларга кўтарилиши шубҳасиз. Замонамиз қаҳрамонларининг улкан бунёдкорлик ишлари, умумхалқ қурилишлари, тадбиркорлар, фермерлар, сиёсий арбоблар, жаҳон танийдиган олимлар ва бошқа шулар каби илғор дунёқарашли замондошларимизнинг ҳар қанча ибрат олса арзигулик ишлари хусусидаги китоблар, публицистик мақолалар ва очерклар ҳам талайгина яратилмоқда. Булар яхши. Лекин публицистика ўз номи билан публицистика. “Ниначининг минг ургани – Босқончининг бир ургани” деганларидек, мингта публицистик асар битта баркамол насрий асар – ҳикоя, қисса ва роман ўрнини босолмайди. Бинобарин, замонавий мавзудаги баркамол насрий асарда ўз қадрини яхши биладиган, ўз халқи, ватани, мамлакати билан астойдил фахрланадиган, қаҳрамон деса арзийдиган, ўқувчи ҳавас билан қарайдиган дунёқараши кенг, руҳияти бой, маънавияти юксак, маърифатли, хуллас, тўлақонли адабий қаҳрамонлар яратиш ёзувчиларимиз олдида турган энг муқаддас ва долзарб вазифадир. Хулласи калом, гапнинг индаллоси шуки, келинг, ўзимизни ўзимиз беқадр қилмайлик, азиз дўстлар! Ўз қадримизни билайлик, қадрли бородарлар! Қадримизни пасайтирмайлик, аксинча, юксалтирайлик! Энди ҳамиша қаддимиз ҳам, қадримиз ҳам баланд бўлсин! Халқимиз ва Ватанимиз жаҳон миқёсидаги ўзига муносиб қадр ва мавқега қайта эга бўлаверсин! Қадримиз ҳамиша бор бўлсин, зотан у бу жаҳон айвонидаги ҳар бир инсон ва ҳар бир халқнинг энг бебаҳо, энг олий даражадаги руҳий қадрияти хисобланади.
Миллий руҳ

Биз аввалги тўртта мақоламизда руҳият, руҳоният, руҳшунослик, руҳий асос, руҳий таҳлил, руҳий қадрият каби бир қатор тушунчалар теварагида мушоҳада юритдик. Энди масаланинг туб моҳиятига назар ташлаб, “руҳ” ўзаги англатувчи маъноларни нисбатан теранроқ идрок этишга ҳаракат қилайлик. “Руҳ” нима? Бу сўз она тилимиздаги энг пурҳикмат сўзлардан бири бўлиб, онг оқими, тафаккур йўналиши, ақл, ҳиссиёт, кайфият, кечинма, маром, тамойил, табиат, жон ва бошқа яна кўплаб маъноларни ўзида мужассамлаштира олади. Масалан, “Замон руҳи” деймиз. Бундаги “руҳ” сўзида замонга хос етакчи тамойил, хусусиятни англаймиз. “Кўтаринки руҳ”, “тушкун руҳ”, “руҳсиз” дейилганида у “кайфият” маъносида келади. “Руҳшунослик” атамаси юнонча “психология” атамасининг ўзбек тилига таржимаси бўлиб, бунда “руҳ” “психика”, яъни, ички қурилиш, ички табиат, сезим, асаб тизими маъноларини англатади. “Руҳий хаста” сўз бирикмаси рус тилидаги “душевнобольной” қўшма сўзининг ўзбек тилига, айтиш керакки, бирмунча нотўғрироқ таржимаси ҳисобланади. Жинни, телба, ақлдан озган маъноларини англатувчи бу сўз бирикмаси аслида “жони хаста” бўлиши керак эди, чунки рус тилидаги “душа” жон маъносини, “дух” эса, руҳ маъносини англатувчи сўздир. Она тилимиздаги “жони қаттиқ”, “жони сабил” каби сўз бирикмалари ҳам руҳга эмас, жонга боғлиқ ҳолда қўлланади. Руҳ эса, пок, бой, қашшоқ, юксак,тубан ва бошқа сўзларда сифатланиши мумкин, бироқ унга биз тушунган маънодаги хасталик, танага хос беморлик батамом бегонадир. Шунинг учун ҳам, масалан, “Тани-жонингиз соғми?” дея ҳол-аҳвол сўраймиз, лекин “Руҳингиз соғми?” демаймиз. Хуллас, “руҳий хаста” сўз бирикмасидаги “руҳ” сўзи жон ва ё ақл маъносида нотўғри қўлланади. “Руҳий бойлик” сўз бирикмасидаги “руҳ” сўзи маънавий олам, ички дунё маъноларида келади... Кўриниб турибдики, “руҳ” сўзи баайни олмосдек серқирра, камалакдек сержило, туйғулардек рангин... Энди сўздан бевосита руҳнинг ўзига ўтсак, бу кўзга кўринмас, қўл билан ушлаб бўлмас, фақат кўнгил (дил, қалб, юрак) орқали ҳис қилиниб, тафаккур кўзи билан кўриладиган мўъжизавий ҳилқат хусусида не бир руҳонийлар ва руҳшунослар узоқ-узоқ бош қотирмаган дейсиз. Аксарият ҳолларда улар руҳнинг моҳиятини англашга инсон ақли ожиз, тили лоллигини афсус-надомат билан эътироф этганлар, шу боис бирмунча умумий мулоҳазалар, муқоясалар, таърифлар билангина чекланганлар. Масалан, ҳам табиб, ҳам аллома-ҳаким, ҳам руҳоний сифатида жаҳонда довруғ қозониб, “шайҳурраис” унвонига мушарраф бўлган Абу Али Ибн Сино ўзининг “Уржуза (Тиббий достон)” асарида “Қалб аро хуш, тоза нарса руҳ аталур” дея таърифлайди. Инглиз руҳшунос олимлари замонавий илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларидан унумли фойдаланган ҳолда одамнинг жони узилганида танасининг оғирлиги тахминан 0,02 милиграммга енгиллашиб қолишини аниқлаганлар ва шунга асосланиб хулосага келганларки, танадан ажралиб чиққан руҳнинг оғирлиги тахминан 0,02 миллиграмм, яъни, капалакдан енгилроқдир. Шу икки мисолданоқ аён кўриниб турибдики, руҳнинг айнан нималигию унинг қандай унсурлардан таркиб топгани, ҳатто вазни ҳам анчагина ноаниқ, ўта тахминийдир. Бу борада таъриф-тавсифлар тасаввурдаги кемтикларни тўлдиролмаганида кўпинча мажоз йўли тутилиб, руҳ учар қушга, чивинга, капалакка ва ё бошқа шулар каби жонзотларга нисбат берилган. Бундай нисбаталар ҳам одам боласининг руҳ хусусидаги интиҳосиз ўй-кечинмалари, кўнгил мулки, руҳий бисотини акс эттиришдан ожиз қолганида... “Мана менинг руҳим, руҳий бисотим!” дея уни адабиёт ва санъат асарларида ифодалаш йўлини тутганлар. Башарият ўз руҳини – ўзлиги, маънавий дунёси, ботиний олами, сийратини баайни сеп қилиб ёзиш бобида адабиёт ва санъатдан, айниқса, шеъриятдан қулайроқ ҳамда гўзалроқ воситани ҳали-хануз ярата олгани йўқ, яратиши ҳам амримаҳол! Бинобарин, башарият руҳининг айнан нималигини аввало жаҳон адабиёти ва санъати дурдоналари орқали яққол ҳис қилиш мумкин. Худди шунингдек, ҳар бир халқнинг миллий руҳини аввало унинг миллий адабиёти ва санъатида аниқ-равшан кўрса бўлади. Буюк мутафаккиримиз Абдулҳамид Чўлпон “Адабиёт яшаса миллат яшар” дер экан, миллат ҳаётида миллий руҳ ва унинг энг гўзал ифодаси бўлмиш миллий адабиёт ҳал қилувчи аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаган эди. Зотан, ҳар қандай жисм, тана, моддий борлиқ ўткинчи, арабча истилоҳлар билан айтганда, фоний ва муваққат, руҳ эса, ўлмас, абадий, умрибоқий. Бинобарин, уни ўзида инъикос этувчи адабиёт ва санъат ҳам абадиятга даҳлдор ҳодисадир. Муқояса орқали айтганда, тана баайни замонавий компьютер, руҳ эса, башарият закоси бошқараётган ана ўша компьютер ҳаракатининг маҳсулидир. Тафаккур ҳам, тасаввур ҳам, хотира ҳам – ҳамма-ҳаммаси ана ўша компьютердаги дастурлар тизимининг ичидадир. Фақат руҳнинг ҳар қандай сунъий қурилмалардан беқиёс даражадаги бир афзаллиги борки, компютер ва дастурлашга асосланган турфа хил роботларда ҳис-туйғудан урвоқ ҳам йўқ. Руҳ ва унинг гўзал ифодаси бўлмиш бадиий адабиёт эса, инсоний ҳис-туйғулар, кечинмалар, кайфиятлар, эҳтирослар, ҳаяжонлар, хуллас, турфа ҳил руҳий ҳолатлар ифодаси сифатида биз учун ғоят қадрлидир. Компьютер ҳаракатини инсон заковатисиз тасаввур этиб бўлмаганидек, инсон руҳини ҳам Олий Руҳ – Аллоҳ Таолосиз тасаввур этиб бўлмайди. Модомики Олий Руҳ – Аллоҳ Таоло, бошқача айтганда, Парвардигор, Тангри, Яратган Эгамнинг кўпдан-кўп номларидан бири “Ҳозиқ Ҳаллоқ” экан ва у ўз бандаларинигина эмас, халқларини, яъни, миллатларини ҳам Яратган экан, инсонни миллатсиз, инсоний руҳни миллий руҳсиз тасаввур этиб бўлмайди. Миллий қиёфа, муайян миллатнинг “либоси мавзуи”исиз яланғоч ҳолдаги инсон руҳи... аслида йўқ нарса! Ҳар қандай руҳни калтабинларча инкор этган ва, айни чоғда, аллақандай “коммунистик руҳ” хусусида сафсата сотган худосиз Шўро тузуми сиёсатдонлари ўйлаб топган уйдирмаларга, саробга ўхшайди у! Агар миллий қиёфасиз инсон руҳи бор бўлса, у кўнгилларда ҳайрат ва муҳаббат эмас, баайни тасқара, олабўжи, алвасти ва ё шарпадек нафрат ва қўрқув туйғуларини уйғота олади. Зотан, инсон руҳи – ботини, сийрати қанчалик ёрқин миллий қиёфа касб этгани сайин шунчалик умумбашарий аҳамият ва умрибоқий қадрият касб эта боради. Гомер ва Софокл – юнон халқининг, Калидаса ва Тагор – ҳинд халқининг, Шекспир – инглиз халқининг, Данте – италян, Гете – немис, Толстой ва Достоевский – рус халқининг ўлмас миллий руҳини намойиш этганидек, Навоий ва Бобур – ўзбек халқининг беқиёс руҳи поки, гўзал маънавий оламини жаҳонга кўз-кўз қилиб турибди. Ўзбек халқи ҳам ташқи табиат, ҳам ички табиат – руҳият нуқтаи назаридан худо ёрлақаган, камёб хазиналар ва ноёб истеъдодларга бой халқлардан биридир. Бу халқнинг камёблиги-ю ноёблиги аввало шундаки, у жаҳондаги жамики туркий халқларнинг уч қадимий илдизи (қарлуқ, ўғиз, қипчоқ)ни ўзида бирлаштирган том маънодаги ўзбек – Турк Отанинг Ўз Бегидир. Маълумки, ҳозирги уйғур халқи – қарлуқларнинг, туркман, озорбайжон ва усмонли турклар – ўғизларнинг, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, татар, бошқирд, нўғой, можор (венгер)лар – қипчоқларнинг авлодлари ҳисобланади. Жаҳондаги жамики туркий халқлардан фақатгина ўзбек халқи, тағин такрорлаймиз, шу учала илдиздан куч-қувват олиб ўсиб-унгандир. Ўз пайтида ўзбек халқининг уч хонлика парчалангани бежиз эмас эди. Бу бўлиниш уч тарихий илдизнинг ўзига хос тарзда зуҳур кўрсатиши эди, зотан қадим-қадимдан Фарғона водийсида – қарлуқ ўзбеклари, Хоразм воҳасида – ўғиз ўзбеклари, Зарафшон, Қашқа ва Сурхон воҳаларида эса, қипчоқ ўзбеклари яшаганлар. Тарихда бу уч ўзбек – ўзбекнинг, умуман, туркнинг бу уч илдизи бирлашиб, ўз теварагида бошқа туркий халқларни бирлаштириб, қудратли марказлашган давлат барпо эта олганида... Ўзбекистон давлат мадҳиясида гўзал ва ҳаққоний мадҳ этилганидек, дарҳақиқат, “Улуғ халқ қудрати жўш урган маҳал, Оламни маҳлиё айлаган диёр...” Ўзбек халқи ва унинг атрофида марказлашган туркий халқларга жаҳондаги барча халқлар узоқ тарихда ҳамиша мафтун-маҳлиё боқавермаган, кўп ҳолларда унга ғайирлик ва бахиллик кўзи билан қараган, албатта. Шу боисдан бу муқаддас заминга кўз олайтириб келган ҳар бир босқинчи икки тарихий атамадан – “турк” ва “ўзбек” сўзларидан ўлгудек қўрққан. Бу сўзларда мужассамлашган ўлмас миллий руҳни ҳар боб билан босиб-янчиб, чўктириб, занжирбанд шердек тутқунликда ушлаб, туядек бурнидан ип ўтказиб, отдек жиловлаб-тизгинлаб олишга, иложини топсалар, оти-зотини қуритишга жон-жаҳдлари билан уринганлар. Буюк “Алпомиш” достонидаги “Бўшалса ўзади ўзбекнинг оти” сатрида, жиддийроқ ўйлаб қарасангиз, олам-жаҳон маънолар мужассамдир. Масалан, араб босқинчилари аввало “ўзбек” ва “турк” атамаларини имкон қадар тилга олмаслик, миллий руҳни юзага чиқармаслик мақсадида, масалан, “мусулмон миллати” деган сунъий атамани ўйлаб топган эдилар. Ўрни келганда айтиб ўтиш керакки, худди большевизм доҳийси Владимир Ильич Ленин ўзининг “Ўқи, ўқи ва яна ўқи” шиорини Қуръони Каримдан юзсизларча ўзлаштириб олганидек, бу сохта доҳийнинг издошлари кейинчалик араб босқинчиларининг “мусулмон миллати” атамасидан ўзларича нусха кўчириб, “совет халқи” деган сунъий атамани ўйлаб топган эдилар. Холбуки мусулмончилик миллий руҳ эмас, диний эътиқод эканлиги бутун жаҳонга беш қўлдек аён эди. Худди шунингдек, “совет халқи” ҳам Худо яратган яхлит бир бутун халқ эмас, аслида, юздан ортиқ миллатлар ва элатларни ўзида қамраган “халқлар қамоқхонаси”нинг аҳолиси эди, холос. Араб босқинчилари ўйлаб топган яна бир шумлик, узоқни кўзлаб қўлланган маккорона тадбир - бу, шубҳасиз, бутун Шарқда араб тилини – фан тили, форс тилини – адабиёт тили, туркий тилни эса, ҳарбу зарб тили сифатида жорий этишда аён кўринади. Айни шу сабабга кўра жамики туркий халқлар, айниқса, ўзбек халқининг илм-фан бобидаги беқиёс салоҳияти, масалан, Имом Бухорий ва Имом Термизийдек буюк муҳаддислар, Муҳаммад Хоразмий ва Аҳмад Фарғонийдек буюк алломалар, Маҳмуд Замаҳшарийдек оламшумул тилшунос ва Бурҳониддин Марғинонийдек ислом ҳуқуқшунослиги – фикҳ илмининг сардори яратган беқиёс мерос араб тилидаги араб фанини ривожлантиришга моҳирона хизмат қилдирилди. Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тарҳон ибн Ўзлуғ ал Форобий ат Туркий (Алломанинг ўзи ўз қўллари билан ёзиб қолдирган шажара бу!) фаолиятидан бошлаб Эркин Воҳидов “Ўзбегим” қасидасида тилга олган “асли насли балки ўзлуғ, балки тарҳон ўзбегим”нинг ҳайратомуз салоҳияти билан бир қаторда миллий ўзлиги ҳам ёрқинроқ намоён бўла бошлади. Бу аллома араб тили ва араб фани доирасидан кенгроқ миқёсларга чиқиб, қадимий юнон, ҳинд, хитой ва бошқа кўпгина халқларнинг тили ҳамда фалсафасини чуқур ўзлаштириб, ўз устози Арасту – Аристотелдан кейинги иккинчи муаллим – “муаллими соний” сифатида жаҳонда довруғ қозонди. Туркий халқ вакилининг бундай фавқулодда илмий муваффақияти араб халифалиги сиёсатдонларига хуш келавермаган, албатта, шунинг учун ҳам аллома ўз умрининг сўнгги йилларини араб шаҳарларида, хусусан, Халафда анчагина хор-зорликда кечирган, қабри ҳам то ҳозирга қадар қарийб ташландиқ аҳволда... Афтидан, араб халифалиги сиёсатдонларининг “ажамликлар”га шундай ғаразли-нохолис мунособатларини дил-дилдан ҳис қилганлиги учун ҳам Имом Бухорий ҳазратлари умрининг оҳирларида халифалик марказидан ўз киндик қони томган юртга қайтишни маъқул кўргандир. Нима бўлганда ҳам бундан минг йил муқаддам не бир юртдошларимиз фаолият олиб борган Маъмун академиясини халифалик маркази Боғдоддан Хоразмга кўчириш мақсадга мувофиқ кўрилган. Нега? Бундан кўзда тутилган пировард мақсад, албатта, араб тилидаги илм-фанни имкон қадар кенгроқ миқёсларда тараққий эттириш, бу ишда ўзбек халқининг чексиз имкониятларидан яна-да тўлароқ ва халифаликнинг туб манфаатларига мосроқ тарзда фойдаланиш, хуллас, бошқа барча халқларни тобора изчилроқ араблаштириш эди. Ҳар қалай, Маъмун академиясида фаолият кўрсатган Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Синодек алломалар, айнгиқса, кейинчалик – юрт мустақилликка эришгач, темурийлар даврида Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчидек мутафаккирлар араб тилидаги фан билан бир қаторда қадимий Туркистон замини ва қадим туркий халқнинг оламшумул довруғига яна-да оламшумулроқ довруғ қўшдилар. Агар бу илм-фан хазиналари туркий тилда – ўзбек тилида бунёд этилганида эди!.. Араб босқинчилари деярли уч аср мобайнида амал-тақал босиб, юзага чиқармай турган ўлмас миллий руҳ қарийб минг йил аввал яратилган уч умрибоқий асарда ўзлигини жаҳонга аён кўрсатди. Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғатит турк” асарида туркий халқларнинг бой тили ва адабиёти баайни сеп қилиб ёзилибгина қолмай, илк бор “турк” атамаси бутун бошли бир асар сарлавҳасига олиб чиқилди. Миллий руҳни аён кўрсатувчи бу муқаддас сўз – “турк” деган қутлуғ ном, айтиш мумкинки, қайта бошга кўтарилди. Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билиг” асари – “Шоҳномаи туркий” сифатида жаҳонда довруғ қозонган бу асарда туркий халқлар, хусусан, ўзбек халқига хос миллий руҳнинг таркибий қисми бўлмиш кенг дунёқараш, юксак ижтимоий онг ва илмий тафаккур даражаси акс этибгина қолмай, мазкур ўлмас асарда “бил”, яъни “илм-фан” маъносидаги ўзакка қурилган “билга”, “билим”, “билгич” каби пурҳикмат сўзлардан бири “билиг”, шунингдек, “Қут-барака”, “Қўрқут”, “қутлуғ” каби қадим туркий сўзлардан яна бири – “қут-барака ташувчи” маъносидаги “қутадғу” сўзи сарлавҳага олиб чиқилди. Ва ниҳоят, Аҳмад Яссавийнинг “Девони ҳикмат” китоби – “Қуръони туркий” сифатида жаҳонда довруғ қозонган бу том маънодаги ҳикматлар хазинаси туркий тилнинг беқиёс қудратини жаҳонга қайта намойиш этди. Мазкур девонда, масалан, жаҳон адабиётида туркий тил шаънига битилган энг қадимий ва пурҳикмат шоҳбайт (Писанд қилмас олимлар бизни айғон туркини... Маънисига етганлар бошдан олар бўркини) тарих зарварағига ўчмас ҳарфлар билан ёзиб қолдирилган бўлса, ўзбек шаънига айтилган энг бирламчи, баланд ва ўйноқи шоҳбайт Яссавий зурёдларидан бири, Шайхзода Отойи қаламига мансубдир: “Бу улуста кўпни кўрдук, вале эй ўзбеким, Дилраболикта ўзингдек шўхи раъно кўрмадук”. Ўйлаб қарасангиз, буюк мутафаккиримиз Алишер Навоийнинг “Ўзбегим бошида дўппи, эгнида ширдоғи бас” қабилидаги шоҳ сатрлари, буюк адибимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида миллий руҳни ёрқин акс эттиришда қўлланган, ёзувчининг ўз ташбеҳи билан айтганда, “раъно гулининг суви”, Ҳамид Олимжоннинг “Ўэбекистон”, Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Азим Суюннинг “Ўзбекман” қасидалари ва фахриялари, айтиш мумкинки, аввал-бошда Отойи она халқ шаънига айтган энг гўзал тасанно-офарин-олқишнинг мантиқий давоми ва авж пардалари бўлди... Араб босқинчилари асрлар мобайнида ғоят изчиллик билан амалга оширган араблаштириш сиёсати нафақат адабиёт, санъат ва фан каби миллий руҳни ўзида зуҳур этувчи ижтимоий ҳодисалар, балки бу руҳнинг таркибий қисми бўлмиш ирсият, пушти-палак, насл-насаб билан ҳам узвий боғлиқ эди. Гап шундаки, араб босқинчилари Туркистонни забт этган дастлабки йилардан бу заминда икки ижтимоий табақа – хўжалар ва қораларни шакллантириб бошладилар. Худди “Араб ва Ажам” атамалари каби, “араб халқи ва араб бўлмаган халқлар” маъносини англатувчи бундай ажратиш араб халифалиги номидан ерли халқларни идора этувчи араблар ва улар билан қариндошчилик ришталарини боғлаган, бошқача айтганда, сотилган форслар ва туркларга чексиз имтиёзлар яратиб бериш, шу орқали туркий халқнинг миллий руҳини чўктириш ва изчил равишда араблаштиришга қаратилган эди. Агар машҳур латифада Арман радиоси “Жаҳондаги қайси халқлар буюк?” деган саволга “Руслар, рус бўлмаганлар ва арманлар” дея жавоб берган бўлса, араб халифалиги сиёсатдонлари жаҳон халқларини қоқ иккига бўлиб қўя қолдилар ва биринчи ярим паллани иккинчи ярим палла хисобига тобора кенгайтиришга қаттиқ уриндилар. Бу йўлда ҳар қандай ёвузликдан қайтмадилар. Босқинчилик-тажовузкорлик, диний ақидапарастлик ва диний экстремизмнинг туб тарихий илдизлари ўзаро туташлиги шунда кўринадики, ҳар учаласи Қуръони Карим ва Расули Акрамдек бутун башариятнинг руҳий таянчи ва руҳий мададкорини ўзларининг манфаатларига хизмат қилдиришга уриндилар ва ҳали-хануз уринмоқдалар. Араб босқинчилари ўз манфаатларига энг кўп хизмат қилдирган ижтимоий табақа – хўжаларнинг турлари кўп эди: саййидлар - пайғамбар авлодлари, шайхлар – руҳонийлар, эшонлар – диндорлар... Араб халифалиги номидан маҳаллий “қора халқ”, “авом”ни идора қилувчи бу хўжалар табақаси оддий халқ тилида соддагина қилиб “Нойиб тўра” деб юритилар эди. Буюк Чўлпонимиз ўзининг “Кеча ва кундуз” романида “Нойиб тўра” атамаси билан Россия империясининг Туркистондаги масъул вакилини номлайдики, бу буюк сўз санъаткори моҳирона қўллаган ва моҳиятни аён кўрсатувчи теран маъноли халқона сўздир. Шунингдек, Чўлпон шеърларида “хўжалар” сўзи кўпинча “босқинчилар”, “мустамлакачилар”, “хўжайинлар” маъносида - сўзнинг туб маъносида қўлланади. Худонинг қудрати-ю она халқимизнинг беқиёс салоҳиятини кўрингки, бой араб тилидаги “хўжа” деган пурҳикмат сўзнинг довруғига араб босқинчилари, ҳаттоки бу халқнинг зиёлилари эмас, Хўжа Аҳмад Яссавий ва Хўжа Насриддин Афанди сингари асли туркий халққа ва ўзбек миллатига мансуб, маҳаллий халқ ичидан етишиб чиққан хўжалар янги оламшумул довруғ қўша олдилар. “Мадинада – Муҳаммад, Туркистонда – Хўжа Аҳмад” деган гап бежиз айтилмаган, албатта. Худди шунингдек, донишмандлик ва зукколикда беназир Хўжа Насриддин афандидек ёрқин адабий сиймони араб халқи ва ё жаҳондаги бошқа бирор бир халқ эмас, айнан туркий халқ “Мана, кўриб қўйинг, мен қора эмас, хўжаман, ўз тақдирим, ўз юртимнинг хўжайиниман!” дея дунёга келтиргани бежиз эмасдир. Ҳар икки сиймомиз туркий халқ ва унинг ўзаги – ўзбекка хос миллий руҳнинг навбатдаги фавқулодда тантанаси ҳамда оламшумул ғалабаси эди. Бундай фавқулодда тантаналар ва оламшумул ғалабалар араб босқинчиларини масалага бошқачароқ ёндошишга, вақт ўтиши билан араблаштириш сиёсатидан умидни узиб, халифалик таъсирини сақлаб қолиш мақсадида энди, аксинча, ўзбеклашишга ундаганлар. Натижада Туркистонда, айниқса, Бухоро, Ўтрор, Саврон, Термиз, Насаф сингари йирик диний марказларда араблашган туркий халқлардан ҳам кўпроқ, аксинча, туркийлашган, ўзлашган, ўзбеклашган араблар қўним топа бошладилар. Улар орасида, гарчи араб тилини аллақачон паққос унутиб юборган бўлсалар-да, хали-ҳануз руҳан араблигича қолиб келаётган, ҳатто ўзининг асли араблигидан фахраланадиган ўзбеклар, дейлик, Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг айрим қадимий шаҳарларида ҳали-хануз учраб туради. Маълумки, ақл, онг, тафаккур ва унинг ҳосиласи бўлмиш илм-фан ўз табиатига кўра умумбашарий, байнанмилал ҳодисадир. Аксинча, ҳис-туйғу, кечинма, руҳий ҳолат ва уни ўзида зуҳур этувчи адабиёт билан санъат эса, ўзининг ёрқин миллий либоси, бетакрор миллий қиёфаси билан азиздир. Жаҳондаги ҳар бир халқ балки миллий илм-фансиз, бошқаларнинг ақли билан яшай олар, лекин ўзининг миллий адабиёти ва санъатисиз бир кун, бир лаҳза ҳам яшаёлмайди. Халқни катта Адабиётдан маҳрум қилиш уни ўлимга маҳкум қилишдир. Айниқса, она тилидаги адабиётдан маҳрум бўлиш... халқ ва чинакам халқ ёзувчиси учун бундан оғиррроқ фожиа йўқ!.. Йигирма йилча аввал америкалик машҳур олим Эдвард Оллворд Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида меҳмон бўлиб, бир гуруҳ ўзбек ёзувчилари билан учрашган ва шундай бир саволни қаламкашлар олдига кўндаланг қўйган эди: “Рус тилида ижод қилувчи Чингиз Айтматов, Ўлжас Сулаймонов каби ёзувчилар рус ёзувчилари ҳисобланадими ё қирғиз билан қозоқ халқларининг ёзувчиларими?..” Бу, айниқса, Шўро тузуми шароитида ҳар бир қаламкашни жиддий ўйлашга ундайдиган ва хушёр торттирадиган ўта нозик савол эди. Ўша суҳбатда бу мураккаб масалага камина ўз муносабатимни билдириб айтган эдимки, “Тўғри, Чингиз Айтматовни – қирғиз халқи, Ўлжас Сулаймоновни – қозоқ халқи ўз ёзувчиси сифатида ғоят юксак қадрлайди, лекин ҳаёт ҳақиқати шундан иборатки, улар буюк рус адабиётини қирғиз ва қозоқ мавзулари билан бойитган ёзувчилар сифатида тарихда қоладилар. Узоқ ўтмишда ҳам бундай ҳодисалар кўп бўлган. Масалан, Низомий Ганжавийни – озорбайжон халқи, Амир Хусрав Деҳлавийни – ҳинд халқи, Паҳлавон Маҳмуд билан Мирзо Абдулқодир Бедилни – ўзбек халқи ўзининг асл фарзанди сифатида ҳамиша эъзозлайди, лекин форс тилида ижод қилган бу улуғ шоирлар жаҳон адабиёти тарихида форс адабиёти намояндаси сифатида тилга олинадилар. Чунки ёзувчининг қай адабиётга мансублиги аввало унинг тилида аён кўриниб туради...” Мана, орадан йиллар ўтиб, бу оддий ҳаёт ҳақиқатини яна-да яхшироқ ҳис қилиб тургандекман. Нега араб халифалиги босқинчилари араб тилини фақат илм-фан тили эмас, бадиий адабиёт тили сифатида ҳам жорий этмадилар-да, ўртада восита сифатида форс тилидан фойдаландилар? Бунинг бир қатор жиддий сабаблари бор эди, албатта. Биринчидан, араб тилини ҳам илм-фан, ҳам адабиёт тили сифатида жорий қилишга сўз санъатини жондан азиз кўрувчи туркий халқ, ҳар тўрт нафаридан бири шеър ёзадиган шоир халқ мутлақо чидаёлмас эди, бундай ўтакетган адолатсизликка қарши исён кўтариши аниқ эди. Иккинчидан, қадим замонлардан буён қўшни яшаган Эрон ва Турон халқлари зуллисонайн – икки тилли бўлиб, бир-бирининг тилида бемалол ўқиб-ёзаверар эдилар. Бинобарин, форс тили ва форс тилдаги адабиёт туркий халқнинг миллий руҳини асоратда сақлаб туришда қулай ва мақсадга мувофиқ восита сифатида араб тилидан ҳам яхшироқ қўл келиши мумкин эди. Буёғини сўрасангиз, ҳар икки тилдаги адабиёт устидан мустаҳкам назорат ўрнатиш, барибир, араб халитфалигининг ишончли вакиллари – нойиб тўраларнинг қўлларида эди. Ўзингиз жиддийроқ ўйлаб қаранг, буюк мутафаккиримиз Алишер Навоий, дарҳақиқат, ўзбек адабий тилини жаҳон адабиёти юксакликларига кўтарган беназир сиймо. Лекин бу улуғ зот яратган жамики асарларнинг номлари (“Хазойинул маоний”, “Хамса”, “Муҳокаматул луғатайн”, “Лисон ут тайр”, “Маҳбуб ул қулуб”...) араб тилидадир. Табиийки, Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий каби форс тилида ижод қилган туркий салафлар асарлари ҳам! Бугунги кунда “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз” , “Қутлуғ қон” каби ўлмас асарларнинг арабча ва ё русча аталишини тасаввур эта оласизми? Очиғи, ақл бовар қилмайди. Бу, албатта, араблаштириш сиёсатининг жаҳон халқлари тарихидаги беқиёс намуналари ва яққол далолатлари эди!.. Мўғул босқинчиларининг қўлида на Қуръони каримдек муқаддас китоб бор эди, на пайғамбари акрам Муҳаммад алайҳиссаломдек орқасуяр тоғ, на жаҳонда энг бой тиллардан бирию замонда пешқадам адабиёт, на илм-фан, на санъат... Улар оддийгина найза, қилич, ўқ-ёй сингари ибтидоий жанг қуролларигагина эга эдилар. Шундай бўла туриб ярим жаҳонда, хусусан, Туркистонда қандай қилиб ўз ҳукмронлигини ўрнатдилар ва узоқ вақт сақлаб қолдилар? Бир қарашда ақл бовар қилмайди. Холбуки бунинг асосий сабаблари анчагина оддий. Аввало Чингизхон ясоқлари, қолаверса, шу ясоқларга асосланган ҳолда ғоят устомонлик билан ўргимчак тўридек тўқилган, лекин ундан беқиёс даражада пишиқ-пухта тўр бунга сабабдир. “Тоғ Муҳаммадга келмаса Муҳаммад тоққа боради” дейдилар. Мўғул босқинчилари маккорона қўллаган тадбир шуки, улар Туркистонда – туркнинг, Арабистонда –арабнинг, Ҳиндистонда – ҳинднинг, Россияда – руснинг қиёфасига усталик билан кира олганлар. Яъни, бу халқларнинг тили, адабиёти, фани, маданияти, урф-одатлари, диний эътиқоди, хуллас, бутун миллий руҳини шу қадар пишиқ-пухта ўзлаштирганларки, тарихан нисбатан қисқа вақт ичида гўё туркдан туркроқ, арабдан араброқ, ҳинддан ҳиндроқ, русдан русроқ бўлиб чиққанлар. Бу йўлда ҳар қандай ёвузликдан қайтмаганлар. Масалан, бутун бошли бир қишлоқнинг йигитлари қириб ташланиб, қизлари мўғул йигитларига берилган. Ёҳуд, аксинча, қизлари буткул қириб ташланиб, йигитлари мўғул қизларига қўшиб қўйилган. Икки ўртада ҳосил бўлган дурагай насл зоҳиран ўзбек, ботинан мўғул, зоҳиран мусулмон, ботинан кофир, хуллас, ўтакетган мунофиқ, устомон, шум қилиб тарбияланган. Кўп ҳолларда соғлом ўзбек йигитидан иложи борича кўпроқ насл орттирган мўғул қизи, ҳали ўғил-қизлари балоғат ёшига етмай туриб, ота ўлдириб юборилгач, уларни ўз аждодларига садоқат ва ўзбекка нафрат руҳида тарбиялаган. Шу тарзда бир неча насл айланганидан кейин қарабсизки, мўғул босқинчиларининг ишончли кишилари ўзбекнинг ичидан етишиб чиқиб, маҳаллий шароитга боплаб мослашган Чингизхон авлодлари араб халифалигининг ишончли вакилларидан минг карра шумроқ, устомонроқ, тадбиркорроқ бўлиб турибди-да! Масаланинг моҳиятини яхши англаб етавермайдиган шоирлар балки “Нега сен ўлмайсан, Маҳмуд Ялавоч?” дея ажабланишга ҳақли, албатта. Ҳаттоки тарихчи олимлар “Бобур ҳам, Шайбоний ҳам ўзбек, ўзбекнинг шоирлари бўлсалар, иккалалари ҳам мусулмон бўлсалар-да, нега бу икки ҳукмдор ўзаро муросасиз, улкан мамлакатга сиғишмайдилар?” дея ажаблансалар эҳтимол. Ҳолбуки ҳар икки ҳолнинг жиддий сабаблари бордир. Мўғул босқинчилари сотқин Маҳмуд Ялавочга “Сен қанчалик узоқ яшасанг, ўзингга ҳам, бизга ҳам шунчалик яхши!” дея узоқ яшаш учун қулай шарт-шароитни муҳайё қилиб қўйганидан кейин... ўзининг ўзбегини қирчиллама ёшида қирчинидан қияверади, лекин ўзи... саксондан, тўқсондан ошса ҳам ўлмай яшайверади-да! Бобур билан Шайбоний ўртасидаги муросасизликнинг туб сабаби шундаки, бири бобокалони соҳибқирон Амир Темур бошлаган ишни изчил давом эттириб, ўзбек руҳи, туркий халқлар қонини мўғул босқинчилари асоратларидан тозалаш йўлида жон куйдирувчи ҳукмдор. Иккинчиси – Муҳаммад Шайбоний эса, аксинча, ўзбек қиёфаси, мусулмон мазҳаби ва шоир ниқобига моҳирона кириб олиб, ўзини нақ “Ҳалифаи Раҳмон” дея эълон қилган пайғамбарлик даъвосидаги ашаддий кофир, устаси фаранг мўғул ҳукмдори! Мана шундай ўзбекнинг “ичидаги оласи” ва “ўзидан чиққан бало”ларда ҳамма гап! Шайбоний томонидан Туркистон тупроғидан қувиб чиқарилган, туркий улус ва ўзбек халқининг руҳий поклиги йўлида муттасил курашган темурий ҳукмдор Заҳириддин Бобур Ҳиндистонда асос солган улуғ салтанат кейинчалик “Буюк ўзбеклар империяси” эмас, аксинча, “Буюк мўғуллар империяси” деб аталди. Чархпалак дунёнинг ғаройиб ўйинини кўринг! Холбуки бошқа бир оламшумул ўйинга таққослаганда бунисини ҳолва деса бўлади. Гап шундаки, қадимий Фарғонадаги қарлуқ ўзбеклари, қадимий Хоразмдаги ўғуз ўзбеклари, ақалли қадимий Зарафшон, Қашқа ва Сурҳон воҳаларидаги қипчоқ ўзбеклари эмас, бор-йўғи Дашти Қипчоқ ўзбеклари, шунингдек, татарлари ва қозоқларини идора қилган мўғул ҳукмдори, Чингизхон авлодларидан бири, азбаройи ўзбек улусининг бир қисмига ҳукмдор бўлгани сабаб, “Ўзбекхон”, яъни, “ўзбекнинг хони” деган янги ном олди-да, устомонларча шароитга мослашди. Орадан етти асрча вақт ўтиб, 1924 йилда Ўзбекистон Республикаси ташкил топганидан кейин, Шўро тузуми сиёсатдонлари Якубовский, Бертельс, Бартольд каби Россия империяси миссионерлари ишлаб чиққан, сиёсий манфаатар кўзда тутилган “илмий қарашлар”га асосланган ҳолда ўзбек халқининг пайдо бўлишини ана ўша мўғул ҳукмдори Ўзбекхон билан боғлаб тушунтиришга уриндилар. Гўё ҳукмдор халқнинг номини эмас, аксинча, халқ ҳукмдорнинг номини олиб, “ўзбек улуси” бўлган эмиш! Устомонликни қаранг! Улар ҳаттоки “Чиғатой улуси”, “Чиғатой адабиёти” сингари сунъий атамаларни ҳам ўйлаб топиб, гўё бутун бошли миллат ва миллий адабиётни яна бир босқинчи мўғул ҳукмдори Чиғатой билан боғлашга зўр бериб уриндилар. Мўғул босқинчиларининг устомонликлари, ёвузликлари, пасткашликлари, ашаддий қонхўрликдан ҳам тап тортмасликлари ва ҳар қандай тубанликдан қайтмасликлари хусусидаги маълумотлар кўпгина тарихий манбаларда ёзиб қолдирилган, қўшиқлар ва ривоятларда бизгача етиб келган. Шундай ривоятлардан бири, масалан, буюк замондошимиз Чингиз Айтматовнинг “Чингизхоннинг оқ булути” қиссасида (бир пайтлар Шўро сиёсатининг биринчи идеологи Суслов томонидан адибнинг “Бўронли бекат (Асрга татигулик кун)” романидан олиб қолинган ва кейинчалик эълон қилинган бобларда) моҳирона акс эттирилган. Мўғул босқинчиларининг ирсият ва насл-насабга, ҳаттоки бутун бошли халқлар, масалан, татар халқининг генофондига ўтказган зуғум-зўравонликлари, дарҳақиқат, даҳшатлидир. Тарихий манбаларда кўпинча “монгольско-татарская ига”, “мўғул-татар асорати”, “мўғул-татар зулми” сингари сўз бирикмалари кўп қўлланилади. Гап шундаки, мўғуллар қадим-қадим замонлардан буён Дашти Қипчоқда, хусусан, Ёйиқ (Урал) тоғи ва Эдил (Волга) дарёси атрофларида, Қримда ва Қора денгиз соҳилларида макон тутган қадим туркий халқлардан бири бўлмиш татарлар (бошқирдлар, нўғойлар)ни жаҳондаги бошқа ҳалқлардан ҳам кўпроқ ва оғирроқ асоратларга гирифтор қилдилар. Бу халқнинг миллий руҳияти юксак ва бой, довюрак ва асл фарзандлари аёвсиз қириб ташланди. Қолганларини бошқа туркий ҳамда славян халқларини бошқаришда қулай восита сифатида тарбиялаб, улардан ғоят устомонлик билан фойдаландилар. Натижада татар халқи нафақат асоратда, нақ аросатда – икки ўт орасида қолди. “Уёққа қараса отаси ўлади, буёққа қараса бўтаси” деганларидек, бош кўтарса – мўғул бошини олади. Мўғулнинг буйруғига бўйинсуниб, бошқа туркий ҳамда славян халқларига зуғум ўтказса, бу халқлар ўз навбатида мўғулнинг қўлидаги қўғричоқликда, сотқинликда, мунофиқликда айблаб жазолайди. Шундай икки ўт орасида бир неча аср яшашни, яшаганда ҳам, ўзининг миллий руҳини сақлаб яшашни тасаввур этишнинг ўзи даҳшат! Рус халқининг “Непрошенний гост хуже татарина”, ўзбек халқининг “Татар бор жойда хатар бор” мақоллари шунчаки эрмак учун яратилмаган, албатта. Тарихий манбаларда “мўғул” билан “татар” сўзларини қўшиб, “мўғул-татар” тарзида айтишдан ташқари, “татар” атамасининг олдига “тўққиз қайтган” деган аниқловчи ҳам кўпинча қўшиб қўлланилади. Бир марта-икки марта эмас, нақ тўққиз марта мажбуран диндан қайтарилиб чўқинтирилган, шунда ҳам қайта-қайта дини исломга қайтиб, ўзининг диний эътиқоди ва миллий руҳини қайта мустаҳкамлаб, юксалтириб, бойитиб, ўзлигини ҳимоя қилиб муттасил ҳаёт-момот курашларида яшаш... бунақасини туркий халқлар орасида ва, умуман, башарият тарихида татардан бошқа бирон-бир халқ бошдан кечирмагандир-ов! Бу кўргилик айтишгагина осон! Мўғулнинг зўрлиги, зўравонлиги, жабр-зулмини бошқа халқлар орасида энг кўп кўргани учун ҳам туркий халқлар ичида татарлар, айниқса, кейинги етти аср мобайнида, дейлик, ўзбеклар, усмонлилар (яъни, салжуқлар),уйғурлар, озорбайжонлар ва можор (венгер)лар сингари ақалли бирон-бир қудратли давлат барпо эта олмадилар. Бунинг устига , агар бошқа туркий халқлар араб босқинчилари зулми остида бир ярим асрча, мўғул босқинчилари зулми остида бир ярим асрча, Россия империяси босқинчилари зулми остида ҳам бир ярим асрча яшаган бўлсалар, татар халқи мўғул босқинчилари зулмини қарийб уч аср, Россия империяси зулмини қарийб уч аср бошидан, қонидан, жонидан кечирди. Ва ниҳоят, сталинизм сиёсатининг энг даҳшатли жазо чоралари татар халқига нисбатан қўлланиб, қатағоннинг энг қаттиқ таёқлари татар халқининг бошида синдирилди. Жаҳон халқлари тарихида ҳеч бир халқ, хоҳ у Қрим татарлари бўлсин, хоҳ Қозон татарлари ёхуд Уфа татарлари, хуллас, татар халқидек ёппасига депортация, яъни ўзининг тарихий ватанидан қувғин этилмаган! Айнан шунинг учун ҳам Россия империяси қарамлигидан ҳалос бўлиш йўлидаги асрий курашлар тарихида татар халқи зиёлиларининг ўрни алоҳидадир. Бу халқнинг бошидан кечирган кўргиликлари хусусида шунинг учун ҳам нисбатан батафсилроқ мушоҳада юритмоқдамизки, ўтган асрнинг бошларидаги миллий уйғониш даврида ўзбек халқининг Алпомиш тушган зиндондан ҳам чуқурроқ ер қаърига чўктирилган миллий руҳи янги юксакликларга кўтарилишида Исмоилбек Гаспринский, Бакир Чўбонзода, Аҳмад Заки Валидий Тўғон ва бошқа татар зиёлиларининг баайни Алпомишга садоқатли дўст Қоражондек беминнат чўзган ёрдам қўли беқиёс аҳамиятга эга бўлди. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Минавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон каби истиқлолимиз фидойилари аввало шу қутлуғ номлари саналган татар маърифатпарварларини ўз устозлари деб билишлари мутлақо бежиз эмасдир. Россия империяси Туркистонни босиб олишдан аввал бу ўлка халқлари, айниқса, улар орасида ўз руҳияти, нуфузи ва тарихий илдизларига кўра ҳамиша етакчи ўринда турган ўзбек халқининг миллий руҳини, керак бўлса, микроскоп ва лупа сингари замонавий илм-фан ютуқлари кўмагида яхшигина ўрганган эди, албатта. Роппа-роса юз ўттиз йил ўзбек халқини идора қилар экан, бу халқнинг қонидаги араб ва мўғул, ҳаттоки хитой, юнон ва форс босқинчилари қолдирган мудҳиш асоратларга, жумладан ўзбекнинг ичида асрлар мобайнида зоҳиран ўзбеклашган бўлса-да, ичида “Хап, сан ўзбакними, ҳали бизнинг кўчада ҳам байрам бўлиб қолар!..” дея тиш қайраб яшаган “ўзингдан чиққан балолар”га таянди. Бугина эмас. Россия империяси ўзбек халқини бошқаришда юнон, хитой, араб ва мўғул босқинчиларининг бу халқни бошқариш тажрибаларидан унумли фойдаланиш ва “сопини ўзидан чиқариш” билангина кифояланиб қолмади. Бир юз ўттиз йил мобайнида бу йўлдаги янгидан-янги тадбирларни ўта изчиллик билан муттасил ва тўхтовсиз “ишлаб чиқариб” ҳамда ҳаётга оғишмай жорий этиб турди. Уларнинг қай бирини айтаверасиз! Масалан, биринчи жаҳон уруши йилларида ишга яроқли ўзбекларни ёппасига фронт ортидаги қурилишлар учун мардикорликка олиш. Кейинчалик Украинада пахтачиликни йўлга қўйишга уриниш. Ноқоратупроқни ўзлаштириш. Байкал-Амур магистрали қурилиши. Бошқа кўпдан- кўп “бутуниттифоқ қурилишлари”! Буларда аввало ўзбекларнинг “қора кучлари”дан унумли фойдаланилди. Шу баҳонада ҳам анчагина ўзбеклар ўз ватанлари – Ўзбекистондан чиқариб юборилди. Айниқса, Шўро тузуми бундай “тадбир”ларни “ишлаб чиқиш”да устаси фаранг эди. “СССР” деб аталган мамлакат нафақат зулм ва зўравонлик салтанати, қўрқув салтанати, улардан ҳам кўпроқ шумлик, макр, устомонлик, хуллас, биргина сўз билан айтганда, шайтонлик салтанати эди. Бу салтанатнинг шайтонона макрларидан бири, масалан, шу эдики, 1924 йилда бир томонда – қадимдан ўзбеклар яшаган Чимкент, Ўш, Хўжанд, Тошҳовуз ва Элликқалъа ҳудудлари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистонга гўё “ ма сенга, ма сенга” қабилида “тақсимлаб берилди”. Иккинчи томонда – Ўзбекистон ҳудудида яшовчи анчагина қозоқлар, тожиклар, қирғизлар, туркманлар ва қорақалпоқлар баъзида алдов, базида зўрлик йўли билан ўзбеклаштирилди. Юзаки қараганда ажабланарли ҳол. Бутун собиқ СССР, шу жумладан, Ўзбекистон ҳудудида руслаштириш сиёсати жадал равишда амал қилаётган бўлса-да, айни чоғда республикада яна-да жадалроқ ўзбеклаштириш сиёсати ҳам олиб борилса! Бу қанақаси? Наҳотки ўзбек халқининг нуфузини, миллий куч-қудрати ва руҳий қувватини ошириш учун қилинди бу иш?! Йўқ, асло! Сабаби – ўзбек халқини идора қилиш учун бу халқнинг ўзидан етиштириб чиқарилган, масалан, дейлик, “Кеча ва кундуз” романидаги Мирёқуб эпақа юрт тепасига кўтарган аҳмоқ Акбарали мингбоши ва Нойиб тўранинг собиқ ошпази ва хотинининг ўйнаши Зуннунга ўхшаш қўлбола кучлар етишмай қолаётгани сабабли қўшимча – ёрдамчи кучлар керак бўлиб қолди. Бундай кучларни рус хуторларидан олиб келавериш ўзини оқлайвермади. Табиийки, АҚШ ва ё ойдан олиб келиб бўлмайди. Бинобарин, Ўзбекистон ҳудудида яшовчи майда миллатларни ўзбеклаштириб, улардан фойдаланиш ҳар жиҳатдан маъқулроқ эди. Ривоят қилишларича, бир пайтлар Чарли Чаплинга тақлид қилувчи муқаллидларнинг халқаро танлови ўтказилган, унга буюк актернинг ўзи ҳам яширинча қатнашган экан. Қизиғи шунда эканки, ўша танловда Чарли Чаплиннинг ўзи охирги ўринлардан бирини базўр эгаллаган экан! Худди шундай, республика ҳудудида яшовчи бошқа миллат вакилларини ўзбеклаштириш, уларни асл ўзбеклардан “ўзбекроқ” қилиб тарбиялаш ва айни шу “қўшимча кучлар” кўмагида асл ўзбекларни идора қилиш... устаси фарангликнинг каттаси мана шудир. Бундай, айтиш мумкинки, башарият тарихида мисли кўрилмаган тадбир натижасида ҳам энг кўп жабр-жафо ва заҳмат-машаққат чекиб, миллий ўзлигидан жудо бўлишга маҳкум этилган халқ яна ўша татарлар бўлиб чиқди. Бир асрдан кўпроқ вақт мобайнида озмунча татар халқи вакиллари ўзларининг Татаристон, Бошқирдистон, Қрим, Волгабўйи ва Урал тоғларидаги қадимий ватанларидан зўравонлик билан жудо этилиб, гоҳида мажбурий, гоҳида алдов билан ихтиёрий равишда ўзбеклаштирилдими экан? Ҳисобини ким олибди дейсиз! Бу халқнинг не бир асл фарзандлари, азбаройи ўзбек халқи ҳам ўзларидек бир кун келиб тарихий ватанларидан жудо бўлмаслиги ва аросатда қолмаслиги учун, нақ икки ўт орасида туриб бўлса-да, ўзларининг бутун борлиғи, қалб қўри, ақл-заковати ва куч-қувватини таржимон-тилмоч, табиб-шифокор, ўқитувчи-мураббий сифатида ўзбек халқи фарзандларининг кўзларини очиш, ўзларини жисмонан соғлом ва руҳан бардам ҳис қилишлари йўлида беминнат хизмат ва фидойилик намуналарини амалда кўрсатдилар. Масалан, камина ҳам ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида мантиқ фани асосларидан сабоқ берган ва ё “Марксизм-ленинизм университети” деб юритилувчи ўқув даргоҳида жаҳон халқлари фалсафаси тарихи билан яқиндан таништирган татар миллатига мансуб муҳтарам домлаларимни, айниқса, ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида руҳият дунёси хусусидаги “Сирли олам” деб номланган илк мақоламни, ҳали ўзимни танимай-билмай туриб шахсан ўзлари таҳрирдан чиқариб машҳур “Гулистон” журналида эълон қилган машҳур муҳаррир, муҳтарам устозларимдан бири, қозонлик татар халқининг асл фарзанди ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухторни алоҳида ҳурмат-эҳтиром ва миннатдорлик ҳислари билан бот-бот эслаб тураман. Илоё бу татар қардошларимнинг қабрлари нурга тўлиб, охиратлари обод, руҳи поклари ҳамиша шод бўлғай! Тўғри, айниқса, ўзбеклашган татарлар орасида ўз қардошларини қон қақшатиш хисобига давр-даврон суриб яшаган, паспортига “ўзбек” дея ёзилгани ҳолда ўзбекнинг туб миллий манфаатларига зид ҳатти-ҳаракатлар қилиб, уларнинг уруғини қуритишда “хизмат кўрсатган санъат арбоби” бўлган мунофиқ шахслар, айғоқчилик, чақимчилик, ўзбекча халқона таъриф билан айтганда, “жонсиз”, русча айтганда, “стукач” сифатида “фаолият кўрсатган” пастарин кимсалар ҳам йўқ эмас эди. Муайян сиёсий мақсадларда ўзбеклаштирилган бошқа миллатлар вакиллари орасида махсус тарбияланган татар ва тожик аёлларидан, айниқса, қўрққулик эди. Бундан ўн йилча аввал Марказий Осиё халқлари маданият ассамблеясининг таъсис қурултойида замонамизнинг улкан адиби Чингиз Айтматов шундай лутф қилган эди: “Тожик биродарларимиз, айниқса, бир ҳолдан фахрланишга ҳақдилирларки, тарихда кўпинча турк ботирларининг севимли хотинлари ҳуснда тенгсиз, кўҳлик тожик аёллари бўлганлар”. Бу лутфнинг тарихий илдизи ғоят чуқурдир. Буюк Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романида ўзи яшаб турган мустамлака тузумининг ички қурилиши ва мустамлакачи Нойиб тўранинг феъл-атвори хусусида жиддий ўйларга толар экан, Мирёқуб эпақа, ёдингизда бўлса, жумладан, шундай хулосага келади: “Империяси тағин ҳам ботмасинми! Неча минг, неча лак фуқаронинг жони манавиларнинг қўлида, манавиларнинг жони эса, анавинақа манжалақилар қўлида... Демак, империяси ботишга томон боради”. Мирёқуб назарда тутган манжалақилар ҳар бир халқ, ҳар бир тузумда ўзига етарли, албатта. Улардан, айниқса, мустамлака тузумларда қарам халқларни идора қилишда ҳамиша усталик билан фойдаланилган. Масалан, араб босқинчилари Чингиз Айтматов айтган турк ботирлари ва, умуман, туркий халқларни асоратда ушлаб туришда форс ва тожик миллатларига мансуб аёллардан моҳирона фойдаланган бўлсалар, мўғул босқинчилари, иложи бўлса, ҳар бир ўзбек йигитининг қўйнига махсус тарбияланган мўғул ёхуд татар қизини солиб қўйишга уринганлар. Бундай “тадбир”ларни рус мустамлакачилари ҳам четлаб ўтмадилар, албатта. Масалан, чоризм даврида юрт тепасида турган аксарият ўзбек амалдорлари ва бойларининг иккинчи-учинчи хотинлари ва ё ўйнашлари, Шўро тузуми даврида эса, кўпгина давлат ва жамоат арбобларининг биттаю битта қонуний хотинлари татар ва ё тожик миллатига мансуб аёллар бўлганлар. Бевосита адабиёт соҳасига бирровгина кўз ташласак, дейлик, Абдулла Қодирийнинг Қозондан олиб келган (ҳойнаҳой муайян сиёсий мақсадларда атайин қўшиб юборилган) иккинчи хотини, Ҳамза ва ё Чўлпоннинг бир неча хотинларидан аксарияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган қарийб барча ўзбек адибларининг биттаю битта хотинлари ўзбеклашган татар ва ё тожик аёллари эди. Лекин бу аёлларнинг аксарияти ҳукмрон тузумга хизмат қилмадилар ва бунинг учун тегишли тазйиқларга ҳам учрадилар. Улар ўзига қон-қардош умр йўлдошига садоқат ва фидойилик намуналарини амалда кўрсатиб, ўз қисматдошлари ва бутун ўзбек халқининг меҳр-муҳаббатини қозондилар. Буюк ўзбек адибининг садоқатли умр йўлдоши, атоқли ўзбек биолог олими ва “Ойбегим менинг” деб номланган ноёб китоб муаллифи Зарифа Саидносирова, яна бир буюк адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг садоқатли умр йўлдоши, таниқли ўзбек таржимони, “Чорак аср ҳамнафас” деб номланган камёб китоб муаллифи Кибриё Қаҳҳорова фаолияти бунинг ёрқин мисолларидир. Бу аёлларнинг ўз умр йўлдошларига муносабати ҳам, ўзбек фани ва маданиятига қўшган ҳиссалари ҳам ҳавас қилса арзигулик ибратли жиҳатларга бойдир. Тарихда араб тилидаги фан ва форс тилидаги адабиёт тараққиётига туркий халқлар, айниқса, ўзбеклар қўшган беқиёс ҳиссани кўрсатувчи мисоллар жуда кўп. Лекин туркий халқ, хусусан, ўзбек фани ва адабиётини юксалтиришга ҳисса қўшган бирон-бир араб, мўғул, форс, юнон ва ё хитой халқи вакилини кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Россия империясининг Ўзбекистондаги руслаштириш сиёсати қандай натижаларни берди – бу алоҳида мавзу, албатта, лекин ўзбеклаштириш сиёсати, алал-оқибат, ҳамиша “Элга эл қўшилса – давлат” деб қараб келган бағрикенг ва одамшаванда ўзбек халқининг зарарига эмас, аксинча, фойдасига бўлди. Масалан, асли арман қизи ва атоқли ўзбек санъаткори Тамарахоним, асли яҳудий қизи ва ўзбек мумтоз қўшиқларининг бетакрор ижрочиси Берта Давидова, асли қозоқ миллатига мансуб машҳур ўзбек рассоми Ўрол Тансиқбоев, асли озорбайжон ва атоқли ўзбек шоири Мақсуд Шайҳзода, асли татар миллатига мансуб, Фарғонада туғилиб ўсиб, ўзбекнинг атоқли адибига айланган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор... Бу азизларнинг ўзбек миллий маданияти, ўзбек халқининг миллий руҳини янги юксакликларга олиб чиқишда қўшган бетакрор ҳиссалари ҳар қанча ҳавас қилса, фахрланса ва ибрат олса арзигуликдир. Энди Ўзбекистон мустақиллиги шароитида ўзбеклашган бошқа миллат вакилларининг бундай қутлуғ анъаналарни муносиб тарзда давом эттириб, ўзбек халқининг миллий руҳини яна-да бойитиш ва ё ўзлигига қайтиб, ўз миллий маданияти ва миллий руҳини юксалтириш – шу икки йўлнинг қай биридан юриш ихтиёри ўз қўлларидадир. Қарийб бир ярим аср жумла жаҳонни зир титратиб, миллион-миллион бегуноҳ кишиларнинг умрларига зомин бўлган марксизм таълимотининг бош китоби “Коммунистик партия манифести” шундай бир жумла билан бошланган эди: “Европа бўйлаб бир шарпа оралаб юрибди, у ҳам бўлса коммунизм шарпасидир”. Аллақандай коммунизм хусусидаги хомхаёллар билан не бир ақлли бошларни қотирган ва бегуноҳ жонларнинг ёстиғини қуритган марксизм-ленинизм таълимоти, дарҳақиқат, ниҳояти бир шарпа, сароб, буюк Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” асарида моҳирона кўрсатилганидек, Воланднинг қилмишлари, хуллас, шайтон васвасаси эди. Не бахтки, мана, ўн беш йилдан буён мустақил Ўзбекистон давлатининг шарофати билан ўзбек халқи шайтоний васвасалардан фориғ бўлиб, ўзининг миллий руҳини покламоқда. Энди бу юрт осмонида шарпалар изғиб уфқида сароблар ўйнамайди, аксинча, Яссавий руҳи, Соҳибқирон Амир Темур руҳи, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий руҳи, бошқа не бир улуғ аждодларимизнинг ўлмас руҳи поклари кезиб юрибди. Улар ўзбек халқининг миллий руҳини янги юксакликларга кўтаришда бизга ҳамиша мададкордирлар.
ИЛОВА ТАРЖИМАИ ҲОЛ ЁҲУД РУҲИЯТНИНГ ЯНА БИР ЭҲРОМИ

Жаҳон адабиёти ва фанида таржимаи ҳол ёзиш бобида кўпдан-кўп ибратли тажрибалар тўпланган. Чунончи, “Туркистон элининг шайҳулмашойиҳи” Аҳмад Яссавийнинг ўз умр йўлини йилма-йил баён қилиб ёзган ҳикматли сатрлари ва ё ўзбек халқининг чинакамига булбулигўё бахшиси Эргаш Жуманбулбул ўғлининг “Таржимаи ҳол (Кунларим)” достонини кўпчилик яхши билади. Буюк инглиз табиатшуноси Ч. Дарвин ва буюк ҳинд мутафаккири Ж.Нерунинг “Таржимаи ҳол” асарлари оддийгина таржимаи ҳолни ҳам бетакрор асар, қўлга илинадиган салмоқли китобга айлантириш санъатининг ажойиб намуналаридир. Мазкур таржимаи ҳол шеъру достон, улкан асару салмоқли китоб эмас, аллақандай иддаоли баёнот ҳам эмас, ихчам баённомами-изҳорномагина, холос. Ҳар қалай у, Сизда бир заҳматкаш ёзувчининг ижодий йўли хусусида аниқ-равшан тасаввур ҳосил қила олади, деган умиддамиз... Раҳимжон Отаев (Отаули) Ўзбекистон давлат мустақиллиги йилларида носир-ёзувчи, публицист-эссеист, мунаққид ва таржимон сифатида фаол ижод қилаётган адибларимиздан биридир. Унинг анчагина машаққатли ҳаёт йўли ва серқирра ижодий фаолияти айрим ибрат бўларли жиҳатларга эгадир.. Тошкентдан Чимкент орқали қадимий Туркистон шаҳрига борар бўлсангиз, минг йиллик ўзбек шеъриятининг бир сарчашмаси бўлмиш машҳур “Девони ҳикмат” китобининг муаллифи, авлиёлар сарвари, “шайхулмашойих” ва “Ҳазрати Султони орифин” дея улуғланувчи Аҳмад Яссавий ҳазратлари абадий қўним топган бу қадимий шаҳарга кираверишда “Иқон” деган бир қадимий қишлоқдан ўтасиз. Эътиборингиз учун, бу қишлоқда ХХ аср ўзбек шеъриятининг энг ёрқин сиймоларидан бири Миртемир домла таваллуд топганлар. Аҳмад Яссавий қабри устига Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари қурдирган муҳташам мақбарани томоша қилиб, тегишли зиёрат ва тиловатдан сўнг руҳингиз алланечук тиниқлашиб, кўнглингиз равшан тортиб, Қоратовга олиб борувчи қирқ чақиримлик йўлга чиқсангиз, йўл бошидаги “Кориз” деб аталувчи мўъжаз бир қишлоқча – бугунги кунда Туркистон шаҳрининг таркибий қисмига айланиб кетган бу заминда ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг ёрқин намояндаси, қардош қозоқ ва қорақалпоқ адабиётларининг улкан таржимони Носир Фозилов туғилиб ўсган, агар билмасангиз билиб қўйинг! Қоратовга борувчи қирқ чақиримлик йўлнинг қоқ белида яна бир қадимий қишлоқ бўлиб, у қадимда Қарноқ, бугунги кунда эса, Отабой деб аталади. Бу қишлоқда, биласиз, албатта, айниқса, ўзининг “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романлари билан ўзбек адабиётининг оламшумул довруғига янги довруғ қўша олган атоқли адибимиз, ХХ аср Туркистон адабиётининг бир фахри-ифтихори Одил Ёқубов туғилиб ўсган! Бугина эмас. Худо бераман деса қўша-қўша бераверар экан, “Яссавийнинг сўнгги сафари” тарихий романи билан миллионлаб китобхонларимиз меҳрини қозонган ёзувчи Саъдулла Сиёев билан бир пайтлар “Оқсой” романи, кўпгина қисса, ҳикоя ва очерклари билан машҳур бўлган ёзувчи Суннатулла Анорбоев ҳам айни шу қишлоқда туғилган! Ҳозирда Туркистон шаҳрига қўшилиб кетган Кориз қишлоғи билан Отабой қишлоғи ўртасидаги йигирма чақиримлик йўлда қадимийликда улардан мутлақо қолишмайдиган тағин учта қишлоқ бор. Қорачиқ қишлоғида 1924 йилда Манзура Абдужабборова деган бир қизалоқ, Югнак қишлоғида эса, 1920 йилда Эгамберди Отаев деган бир ўғил, шу икки қишлоқнинг қоқ ўртасидаги Чипон деб аталувчи қишлоқда эса, 1949 йилнинг 3 апрелида шу она ва шу отадан бир фарзанд туғилган бўлиб, унинг исми Раҳимжон, фамилияси Отаев, адабий тахаллуси эса, Отаулидир. У болажон ўзбекнинг бир оиласидаги тўққиз фарзанднинг учинчиси бўлиб дунёга келди: 1945 йилда Ҳакимжон акаси, 1947 йилда Анвара опаси, 1955 йилда Дилбар синглиси, 1953-1964 йиллар миёнасида Каримжон, Мурод, Мақсуд, Маъруф ва Ориф укалари туғилганлар. Раҳимжон Отаев (Отаули) 1965 йилда – ўн олти ёшида отасидан жудо бўлди. Кўп йиллар бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган отаси, қолаверса, ўзининг ҳам саводини чиқарган биринчи муаллимидан айрилиш ўспирин руҳида муайян бурилиш ҳосил қилди. Ўшанга қадар математика олимпиадаларига қатнашган, мусиқа ва тасвирий санъатга алоҳида иштиёқ билдирган, ҳатто 1964 йилда отаси билан Тошкентдаги Беньков номли рассомчилик билим юртини “бирров зиёрат қилиб қайтган” Раҳимжон ўзи ҳам кутмаган ҳолда “Туркистонда машҳур шоир” сифатида туман рўзномасида дастлабки шеърларини пешма-пеш эълон қила бошлади. Шулардан бири “Йиғлаган ота”, яна бири “Яссавий мақбараси” деб аталади. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ўрталарида Туркистон туман рўзномасида босилиб чиққан бу шеърлар шаҳди қуёшга етгулик, лекин ўзи ерга киргудек ўн етти яшар етимнинг қаттиқ жумбушга келган қалб туғёнлари ифодаси эди... Лекин математикага бўлган иштиёқ аксарият қариндошлари математика фани ўқитувчилари бўлган ўспириннинг қонида бор ва у бошқа иштиёқлардан кучлироқ экан, 1966 йилги машъум зилзиладан кейинги Тошкентга ўқигани келган Раҳимжон Отаев ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг филология факультетига эмас, математика факультетига ҳужжат топширди. Форобий кўчасидаги бир хонадонда ижарада турар экан, кутилмаган бир тарзда 1966 йилнинг 10 июлида атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг дафн маросимида қатнашиб, унда тилсиз-забонсиз Ойбекни ва тили бийрон не бир ёзувчию шоирларни қадамлар билан ўлчанувчи масофада туриб тирик ҳолда илк бора кўрди... Ҳойнаҳой айни шу кутилмаган “зилзила” сабаб шоирликдан ҳам, математика факультетининг кечки бўлимида ўқишдан ҳам буткул воз кечиб, Туркистонга қайтди. Бир йиллик йўл қидириш, иккилланиш, изланишлар ниҳоясида тағин Тошкентга келиб, 1967-1973 йилларда университетнинг филология факультетида, кечки бўлимда ўқиди, айни чоғда, зилзиладан кейинги Тошкент қурилишларида бетончи-арматурачи бўлиб ишлади, 1968-1973 йилларда эса, Тил ва адабиёт илмий текшириш институти фольклор бўлимининг лаборанти сифатида адабиётшунослик фани, Ходи Зариф, Музайяна Алавия, Эргаш Рустамов ва бошқа атоқли адабиётшунос олимлар ҳамда уларнинг илмий ишлари билан яқиндан танишди. Иккинчи курсда “Равшан” достони, учинчи курсда Машраб ижоди, тўртинчи курсда Рабиндранат Тагор фалсафаси ҳақида курс иши ёзди. “Муродхон” достони тўғрисидаги дастлабки илмий мақоласи биринчи устози Тўра Мирзаев таҳрири остида 1971 йилда таниқли олимларнинг нуфузли бир жамоа тўпламида босилиб чиққанида у йигирма икки ёшда эди! 1973 йилда университетнинг филология факультетини битирар экан, этика ва эстетика кафедрасида атоқли халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбулдан ёзиб олинган достонлардан иборат беш жилдлик “Булбул тароналари” мажмуаси асосида “Романтизмнинг эстетик моҳияти” деган мавзуда диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Мазкур илмий ишнинг раҳбари аҳлоқшунос файласуф Анвар Абдусаматов, расмий оппоненти таниқли файласуф олим Ҳайдар Алиқулов, норасмий оппонент сифатида муҳокамада қатнашган олимлардан бири академик Бахтиёр Назаров эди... Йигирма тўрт ёшида шундай мураккаб мавзудаги диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилган, илмий мақолалари етарлича эълон қилинган, Тил ва адабиёт институтидек улкан илмий даргоҳда ишлаб, минимумларни топшириб, номзодлик ишини ёзишга руҳан шай бўлиб турган йигит, агар фақатгина ўзини ва илмий ишини ўйлаганида, узоғи уч йилда номзодликни ҳимоя қилиши муқаррар эди. Биринчи устози Тўра Мирзаев “Шундай илмий даргоҳни ташлаб Иқонига кетиб қолган биринчи шогирдим Фарҳод Раҳимовнинг ўрнига сени менга худо етказди” дея қанчалик суюнар эди. Лекин у, Тўра Мирзаев таътилга кетган чоғида университет дипломини қўлга олган заҳоти ўзининг келажагини эмас, қишлоқдаги ойиси, акаси, опа-укаларини ўйлаб, ими-жимида ишдан бўшаб, Туркистонга қайтди. Бир неча ой Туркистон туман рўзномасида адабий ходим ва таржимон бўлиб ишлади. Йилчи сифатида Туркистондан ҳарбий хизматга чақирилган йигирма нафар тенгдошлари қаторида поездда тўққиз кеча-кундуз йўл юриб, Япон денгизи соҳилида жойлашган Находка порти яқинидаги бир полкка бориб тушди. “Рус тилини сув қилиб ичиб юборган олим” сифатида полк штабида писар (ўзбекча – мирзо, арабча – мунший) қилиб олиб қолишмоқчи эдилар, ўзича исён кўтарди: “Олти йил университет билан институтда роса писарлик қилдим, мени шундай бир жойга жўнатингки, токи хизмат хизматдек бўлсин!” “Талабларга мувофиқ” шундай бир чакалакзорга жўнатилдики, доимий ҳарбий тайёрликда турган дивизионнинг ядро зарраси бор ракетани учириш ускунасига жойлаштириш мурватини билак кучи билан буровчи “биринчи рақам” сифатида жами юздан ортиқ уришқоқлар,.ўзидан беш-олти ёш кичкина “оқсоқоллар” исканжасида ёлғиз қолди. Калтакларнинг алам-аччиғини мурват бурашдан олди. Тутқични тутамлаб туриб шунақангги айлантирдики... низомда белгиланган вақт кўрсаткичини қарийб ярмига қисқартириб, намунавий рақам сифатида Владивостокдан Волгоградга қадар жамики синов майдонларини қадам-бақадам кезиб чиқди! Атиги бир йилнинг қоқ ярмида дам поездда, дам самолетда, дам автобусда қарийб қирқ минг чақирим йўл босди... “Юрган – дарё, ўтирган – бўйра” дея билиб айтган машойихлар. Ўтирганида ё полк штабида, ё институт бўлимида мудраб ўтираверган бўлармиди. Ахир бўйрадан ҳам, пўстакдан ҳам ҳеч қачон жиддий ёзувчи чиқмаган, чиқмайди ҳам! Жиддий ёзувчи ерга урганлари сайин баайни шердек наъра тортиб кўкка сапчийдиган, тиниб-тинчимайдиган, машаққатлардан қўрқмайдиган, кўпни кўрган – кўпгина вазиятлардаги кўпдан-кўп руҳий ҳолатларни юрагидан, жонидан ва қонидан кечирган одамдан чиқади. Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб дейдилар. Ёзувчи эса, таъбир жоиз бўлса, инсон руҳининг табибидир. Ҳа, чинакам ёзувчи кўп юриши, кўпни кўриши, кўп нарсани билиши керак. Лекин Р.Отаев бир йиллик ҳарбий хизматдан қайтиб, Туркистон шаҳри билан Чипон қишлоғи ўртасидаги ўн икки чақиримлик йўлда уззукун зув қатнар экан, тез орада дил-дилдан амин бўлдики, бундай сарсонлик-саргардонликлардан тузукроқ бир иш чиқиши амримаҳол! Гарчи туман рўзномасининг бир сонини – ошиқона шеърлари, бир сонини – ҳикояси, яна бир сонини – мақоласи туппа-тузук “обод қилаётган” бўлса-да, унинг самараси... Намоз ўқиб топган савобинг исроф қилган таҳорат сувингга арзимайди деганларидек... Бир неча ойлик қатновдан сўнг самараси кам ишдан воз кечиб, отаси қилган ишни қилишни ҳар жиҳатдан маъқул кўрди: отаси ишлаган Чипон саккиз йиллик мактабида ўзбек тили-адабиёти ва рус тилидан дарс беришга ўтди. Бирор йилдан кейин ўқитувчи Ҳакимжон акаси уйланиб, инженер Каримжон укаси политехника институтидаги ўқишини битириб келгач, ниҳоят, оилавий шароити унга кўнгли тусаган ишни қилиш имконини берди. 1975 йилда Тошкентга қайтиб келди, лекин икки йилча аввал ўзи намойишкорона воз кечиб кетган Тил ва адабиёт институтига қайтиб ишга киролмади. Бошқа “яна-да кенгроқ майдонлар”га ҳам талпиниб етолмади. Тағин отаси қилган ишни қилишга тўғри келди. Чилонзор туманидаги 200-ўрта мактабга ўқитувчи бўлиб ишга жойлашди. Ўша пайтда Ленин номи билан аталувчи бу мактаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг таянч мактабларидан бири бўлиб, унда эстетика фани бўйича факультатив машғулотлар эндигина жорий этилган, лекин эстетика фани бўйича республикада етакчи мутахассис бўлмиш вазир Саид Шермуҳаммедовнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлай оладиган ўқитувчи мактабда топилмай турган экан! Ҳар икки томон учун ҳам баайни табиб буюргандек бир иш бўлди. Икки мингдан зиёд ўқувчи таълим оладиган бу улкан даргоҳнинг ўзига яраша каттагина қозонида қайнашдан ташқари “Турмуш, ҳулқ-атвор ва меҳнат эстетикаси” деган бир ўқув қўлланмаси, аниқроғи, илмий- педагогик рисола, хуллас, дастлабки илмий рисоласини ёзди. Мактабда тўпланган бир йиллик тажриба, эстетика фани бўйича ёқланган диплом иши ва бу рисола қўлёзмасини қўш кафтида тутиб, 1976 йилнинг ёзида Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг ўша пайтдаги директори, ўзи алоҳида ихлос қўйган Абу Наср Форобий фалсафаси бўйича мамлакатимиздаги қарийб ягона юксак малакали мутахассис Музаффар Хайрулллаевга юзма-юз келди. Ўша вақтда Шайхова мудиралик қиладиган этика ва эстетика бўлимига лаборант сифатида ишга олар бўлдилар. Уч кунда мактабдан бўшаб, ҳужжатларини саранжомлаб келса, воажаб, институтда об-ҳаво бутунлай ўзгарган, нимагадир аллақандай тутун... Лаборантлик ўрни ҳам нимагадир бирданига йўқ бўлиб қолибди. “Ётиб қолгунча отиб қол, урушда туриш йўқ” деганлар. Тўппа-тўғри вазир Саид Шермуҳамедовнинг қабулига кириб, дардини дастурхон қилди-да, Москва ва ё Санкт-Петербургга мақсадли аспирантурага йўлланма сўради. Вазир айтдики, “Аспирантурага имкониятимиз бўлмайроқ турибди, лекин сизни эстетик тарбия масалалари бўйича услубчи сифатида ишга олишимиз, илмий ишингизга шахсан ўзим раҳбарлик қилишим мумкин!” Буни қарангки, тағин табиб буюргандек бир иш бўлди. Вазирликка қарашли Педагогика илмий текшириш институти, қисқагина номи билан айтганда, “Педнаук”-“Педакадемия” 30-йилларда дастлаб ташкил этилганида Қозон университети кутубхонасининг қоқ ярми шу даргоҳга кўчириб келтирилган экан денг! Вазирликнинг рус тилидаги “писарлик” ёзишмаларидан вақт орттира олган пайтларида шу бой кутубхонага баайни танда қўйиб ётиб олди. Уч йил мобайнида қадимий юнон файласуфларидан бошлаб то ҳинди Радхакришнан билан Дешпанде, немис Фрейд билан Шопенгауэр, инглиз Дарвин билан рус Мечниковга қадар юзлаб файласуфларнинг инсоний туйғулар ҳақидаги илмий қарашларини қонига сингдиришдан ташқари уч юз саҳифа ҳажмидаги “Туйғулар эстетикаси” деган илмий тадқиқотини ёзиб тамомлади. Мазкур ишнинг кичик бир таркибий қисми, масалан, 1976 йила машҳур “Гулистон” журналининг машҳур бош муҳаррири Асқад Мухторнинг шахсан таҳрири остида “Сирли олам” деган илмий-публицистик мақола сифатида чоп этилди. Яна бир қисми – “Руҳиятлар бирлиги” мақоласи шахсан Одил Ёқубов таҳрири остида “Тошкент оқшоми” газетасида босилиб чиқди. Булар Р.Отаевнинг илк илмий-публицистик, илмий-оммабоп мақолалари, биргина русча атама ва арабча истилоҳ билан айтганда, “эссе”-“бадиа” жанридаги дастлабки ижод намуналари эди. Уч юз саҳифалик илмий ишини ўзи рус тилига таржима қилиш тараддудида юрганида, кутилмаганда Ўзбекистонда эстетика фани бўйича махсус илмий кенгаш нимагадир бирданига йўқ қилинди-қўйилди... Мен қиламан ўттиз, эгам қилади тўққиз! Буёқда вазирликдаги писарлик ишларига кўмилиб кетаётгандек... Бечорага не чора бор?.. Ўйлай-ўйлай тағин билганини қилишга мажбур бўлди. “Туйғулар эстетикаси” номининг ўрнига ўзи ихлос қўйган Ғафур Ғулом шеърининг ярим сатри (“Осмон тўла юлдузлар”)ни қўйиб, тагига қўшимча ном (“Туйғулар ҳақида суҳбат”)ни қўшиб, илмий жумлаларга бадиий тус бериб, илмий ишни эссега айлантирди-қўйди. Уни дастлаб Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаб турган юртдоши Одил Ёқубовга кўрсатди. Атоқли адиб ўзича жон куйдирди: “Бундай чеки-чегараси йўқ мавзунинг ичида чўкиб кетади-ку одам! Нима, жонингиз пўлатданми! Ўз бошингизни ўйласангиз-чи!..” Қўлёзмани университетдаги дилтортар домлаларидан бири Норбой Худойбергановнинг уйига олиб бориб берди-да, ўзи Туркистонга борди.У ерда бирор йил аввал танишиб, таҳририятда бирга ишлаб, кўнгил қўйгани Дилбар деган бир қизга уйланиб қайтди. Буни қарангки, қизнинг отаси Туркистоннинг қадимий Бобой қишлоғидан, онаси Саврон қишлоғидан экан...Тошкентга “боши иккита” бўлиб қайтгач, Норбой Худойбергановга сим қоққан эди, юракларни алланечук орзиқтирувчи жавоб қайтди: “Асарингизга тақриз ёзиб, нашриётга топшириб қўйдим. Бориб олинг, кўринг...” Борди, олди, кўрди. Тақризмисан тақриз! ”Илмий кашфиёт даражасидаги асар” мазмунидаги энг баланд баҳо! Норбой Худойбергановдек ўта талабчан мунаққиддан чиққанми бу баҳо? Энди ишлар юришиб кетса кераг-ов!.. 1978-1981 йиллар мобайнида Р. Отаев ўз боши, оиласи – иккинчи боши, нақд ўттиз ёшида кўргани ёлғиз ўғли, унинг уй-жойи, Ватанини анча жиддий ўйлади, ўйлаганини ўйлаганига қўшди, кўпайтирди... Лекин қўлёзма жонивор... шу тўрт йил мобайнида Норбой Худойбергановнинг авж пардадаги мақтови билан бирга қимир этмай ётаверди. Азбаройи шу қўлёзмани қимирлатиш мақсадида, нашриётнинг ўзига ишга киролмагани, буёғи рус тилидаги ёзишмаларга устаси фаранг бўлиб кетгани сабабли, 1979 йилда “Госкомиздат” деган ташкилот (Ҳозирги Матбуот ва ахборот агентлиги)га ишга киришга ҳужжат топширди. Энди иш бошлайман деб турганида... раҳматли Эркин Бойсинов бош муҳаррир сифатида алланечук зорланиб тушунтирдики, ЦКадан Ўктам Усмонов қўнғироқ қилибди, Мурод Муҳаммад Дўст деган бир ёш ёзувчи Москвадек жойдан айни шу жойга кўз тикиб келаётган экан! Кейинчалик маълум бўлдики, ўша ёш ёзувчи аслида бошқа баландроқ жойларга кўз тиккан экан, бу жойни эса, Р.Отаев ҳар гал кечикиброқ хабар топавердики, Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон ва бошқа тенгдошлари обод қилдилар. Р.Отаев ҳам ўзига етгулик қайсаргина эмасми, тўрт йилча кутиб, 1981 йилда ахийри шу жойга етиб келди. Келдию енг шимариб бирйўла “саккиз фронтда” иш бошлади: аввало “Ўқитувчи” нашриётидаги рисоласи билан Ғафур Ғулом нашриётидаги эссесини бараварига ҳаракатга келтирди. Сўнгра ўнлаб нашриётларда пешма-пеш босилиб чиқаётган юзлаб бадиий асарларни бир чеккадан ўқиб тушириб, тақриз қилиб, шу асосда рус тилида ўзбек адабиёти хусусида бир неча туркум обзорлар тайёрлади. Айни чоғда сиртқи аспирантурага ўқишга кириб, Норбой Худойберганов раҳбарлигида “Ҳозирги ўзбек қиссалари типологияси” мавзуидаги иккинчи илмий ишини бошлаб юборди. Ва ниҳоят, беш-олти йиллик танаффусдан кейин ўзи ҳам фавқулодда бир шиддат билан ҳикоялар, қиссалар, бадиалар ёзишга тушди. Бор-йўғи икки-уч йилнинг ичида “Қайтар дунё” (кейинчалик бу асар номини “Фалакнинг гардиши” деб ўзгартиришга тўғри келди) қиссаси, “Қалб дарчаси” кичик қиссаси, “Шафқат”, “Муножот”, “Олтин олмалар”, “Бўлажак Пушкиннинг акаси” ва бошқа анчагина ҳикояларни ёзиб ташлади. Тўғри, уларнинг барчаси кейичалик, тўрт-беш йилча ўтибгина босилиб чиқди. Р. Отаевнинг ҳеч бир насрий асари бундай “танаффус”сиз чиққан эмас – “чиғириқдан ўтказиш” учун вақт керак эди-да, ахир. Лекин уларнинг ёзилиш, танқидий мақолаларининг эса, ҳам ёзилиш, ҳам босилиб чиқиш шиддати ҳавас қилгулик эди!.. Биргина 1982 йилда саналган ва саналмаган анчагина ишлардан ташқари “ЎзАС” ҳафталигида “Шеър қадри” деган қарийб бир саҳифалик илк танқидий мақоласи, “Тошкент ҳақиқати” газетасида “Ҳаёт чорраҳасидаги ёшлар” деган илк тақризи (Ғаффор Хотамнинг “Қайтиш” деган илк қиссаси ҳақида) ва ҳакозо жами ўн иккита адабий –танқидий мақолалари ёзилиб пешма-пеш эълон қилинди. Шу қадарки, сиртқи аспирантурага бирга ҳужжат ва имтиҳон топширган Абдулла Улуғов астойдил ажабланди: “Бир йилда ўн иккита танқидий мақола?.. Аспирантурада ўқиб нима қиласиз?..” Нима қилади, эстетика бўйича қилган илмий ишининг думи хуржунда бўлганидан кейин... ақалли адабиётшунослик бўйича илмий иш қилиб, фан номзоди бўлади-да, шуниям билмайдими бу йигитча!.. Орадан йигирма тўрт йил (!) ўтганидан кейин энди жиддийроқ ўйлаб қараса, Абдулла Улуғовнинг билгани билган экан! 1983 йилнинг 25 августида Сарвар Олимжонович Азимовнинг шахсан таклифи ва “Госкомиздат”даги бевосита раҳбари Рубен Акопович Сафаровдан шахсан илтимоси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига танқид ва адабиётшунослик бўйича адабий маслаҳатчи сифатида ишга чақирилди. Икки кундан кейин Ғафур Ғулом нашриётида марҳум Воҳид Зоҳидов раислигида танқид ва адабиётшунослик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлди. Йиғилишдан чиқиб суриштирса, ярим ҳажмигина нашр режасига амал-тақал киритилган, эрта-индин чиқадиган бўлиб турган “Осмон тўла юлдузлар” эссесининг иккинчи корректурасидан “Энг жумбоқ туйғу” деган каттагина бир боб нашриётга сезиларли моддий зарар келтирилган ҳолда олиб қолинибди! Сўраб-суриштирган эди, маълум бўлдики, бу ишни бош муҳаррир ўринбосари бўлиб эндигина иш бошлаган Ўткир Ҳошимов қилибди! Нега, нима мақсадда, энди шуниси етмай турувди... Кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмади. Хаёлида Абдулла Ориповнинг бир қуйма тўртлиги айланди: Кулма, кулма, нега куласан Ҳижолат чекканнинг ҳолига? Нега қўл узатдинг камбағалнинг Ўғрилардан қолган молига?.. Ана ўшанда “Эссе деган “баррикада”нинг Афанди таклиф қилган икки томонидан бирини узил-кесил танлаш керак, шекилли?.” – деган хаёлга борди.. Бобнинг корректурасини олиб бориб “Шарқ юлдузи” журнали публицистика бўлимининг мудири Мурод Хидирнинг қўлига топширди. У “Севги, никоҳ, оила ва ажралиш муаммолари” деган қўшимча ном билан журналнинг 1983 йил 12 сонида , “Осмон тўла юлдузлар” эссеси билан баравар босилиб чиқди. Журналнинг йиллик мукофоти билан тақдирланди. Шу орада Танқид ва адабиётшунослик кенгашига янги раис сифатида тайинланган Салоҳиддин Мамажонов мақоласини мақтай-мақтай бир орзиқди – бир орзиқди! “Қани энди олим йилига битта шундай зўр мақола ёзса!” Бу гапдан Р.Отаев, табиийки, қаттиқ ажабланди: “Нега энди йилига биттагина?! Ахир, у бу мақоласини етти йилча аввал бир кеча-кундузда ёзиб битирган эди-ку!..” “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Пирмат Шермуҳамедов ҳам ўз номидан, ҳам Сарвар Азимов номидан, ҳаттоки Зулфияхоним номидан мақтай-мақтай янги мақолага буюртма берди: “Худди шу мақолангиздай “Никоҳ” деган яна бир мақола ёзиб берасиз, ука!” “Ёзиш бўлса ёзиш-да!” дея икки-уч кунда “Никоҳ ёҳуд бахт фалсафаси” деган янги мақолани ёзиб, оққа кўчириб топширган эди, бош муҳаррир ўринбосари Худойберди Тўхтабоев андак шаштидан туширди: журналда бу асарнинг қоқ ярми эълон қилинди. Ҳар қалай, сиёҳи қуримай пешма-пеш эълон қилинган биринчи бадиаси эди бу! Танқид ва адабиётшунослик бўлимида вақтинча ишлаб турган Икром Отамурод ҳам “Эркин Аъзамов портретига чизгилар” ёзиб беришни буюртма қилувди, “Дилрабо қўшиқлар айтилаверсин” деган бу “чизгилар” нақ яшин тезлигида, “Никоҳ ёхуд бахт фалсафаси”ни ҳам ортда қолдириб, журналнинг 1984 йилги 2-сонда босилиб чиқди. Илк кўклам кунларида республика ёш ёзувчилар семинари бўлиб, ундаги адабий танқид машғулотларига нафақат иштирок этди, якунловчи машваратда кенгаш раиси Салоҳиддин Мамажоновнинг ўрнига ахборот берди. Роппа-роса йигирма биринчи мартда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо сифатида қабул қилинди. Май ойида Москвада бўлиб ўтган собиқ иттифоқ ёш ёзувчиларининг УШ семинар-кенгашига Ўзбекистондан Хайриддин Султонов, Шароф Бошбеков, Қутлибека Раҳимбоева, Ҳамза Имонбердиевлар қаторида ягона мунаққид сифатида қатнашиб қайтди. Виталий Озеров, Леонид Тер-Акопян, Казбек Султоновлар бошқарган танқид машғулотларида қирғизистонлик Калик Ибраимов, қозоғистонлик Шуга Нурпеисова, озарбайжонлик Самир Тагизода ва бошқа жами қирққа яқин ёш мунаққидлар қаторида қатнашиб, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонов, Анвар Обиджон ва Ғаффор Хотам ижоди таҳлил этилган рус тилидаги мақоласи (“Горизонты поиска: проблематика и характер”) “Дружба Народов” журналига тавсия этилди. Бундан ташқари, ўзи апил-тапил рус тилига таржима қилиб Москвага жўнатган “Осмон тўла юлдузлар” эссеси қўлёзмасига ажойиб рус олими, “Три влечения” деган ноёб эссе муаллифи Юрий Рюриковнинг ёзган батафсил тақризини қўлига олиб (яна бир эришгани шу бўлиб) Тошкентга қайтди. Ўша йилнинг иккинчи ярмида яна иккита адабий-танқидий мақоласи, чунончи, сўз санъатининг уч мезони хусусидаги “Теранлик, Кенглик, Юксаклик” ва ёшлар қиссачилиги хусусидаги “Қаҳрамоннинг қисмати – кураш” мақолалари олдинма-кетин “ЎзАС” ҳафталигида эълон қилинди. Мақталиб-мақталиб “Адабиёт ва замон”, “Ҳақиқат – ижод байроғи” жамоа тўпламларига киритилди. Ниҳоят, ўша 1984 йилнинг сўнггида қарийб уч йилча ҳаракатсиз ётган илк қиссаси, ниҳоят, ҳаракатга келиб, “Ёшлик” журналида эълон қилинди. Вертер бўлмаса-да, ҳар қалай, шунга яқинроқ Ҳакимбек деган бир ёш файласуфнинг изтироблари қаламга олинган бу қисса Р.Отаевнинг республика матбуотида ёруғлик кўрган биринчи насрий асари эди!.. Шундай қилиб, ҳисоб-китоб қиламизки, Р.Отаевнинг биринчи илмий мақоласи 22 ёшида, биринчи илмий-оммабоп, илмий – публицистик мақоласи 27 ёшида, дастлабки танқидий мақоласи 33 ёшида, илк насрий асари 35 ёшида босилиб чиқди. Демоқчимизки, Р. Отаев бадиий насрга бир ёзувчи учун етарли даражадаги жиддий тайёргарликлар билан келди ва, табиийки, кейинги йигирма икки йил мобайнида ёзганлари ҳам шунга ярашадир. 1985 йилнинг бошларида “Нима қилмоқ керак” деган машҳур савол унинг олдида жиддий равишда кўндаланг бўлди. Биринчи илмий ишини-ку, қоқ ярмини бўлса-да, эссе тарзида чиқариб бир қадар эплаштириб олди. Энди тағин туя гўшти еб кетаётган иккинчи илмий иши – “Ҳозирги ўзбек қиссалари типологияси”ни тезроқ ниҳоясига етказиш керакми, ё ақалли энди асосий муддао, пировард мақсад – бадиий наср билан астойдилроқ шуғуллангани маъқулми? Шу йилнинг кўкламида илмий ишига сўнгги нуқтани қўйиш ниятитда Тошкент маъданли сувлар шифохонасига ётиб, йигирма тўрт кунда илмий иш ўрнига “Сурнай наволари” деган каттагина бир қисса ёзиб қайтди. Унда ўша кўклам ёзувчилар уюшмасида рўй берган жараёнлар “қизиқ устида” бастакорлар уюшмасига кўчириб ўтқазилган, демакки, ёш бастакор ва мусиқашунос Озод Зиёдович Ҳолиқовнинг бир инсоний қисмати анчагина маъжозий, тагдоргина қаламга олинган эди. Асарда озодлик нафаси шундоққина уфуриб турган эди. Қўлёзмани “Ёшлик” журналининг бош муҳаррир ўринбосари Мурод Мансур ўқиб қизғин маъқуллади, худди “Осмон тўла юлдузлар” каби, буюк Ғафур Ғулом ижодидан, хусусан, “Сурнай” шеъридан олинган “Сурнай наволари” номига нисбатан бевосита “Озод” деган ном остида эълон қилишни маъқулроқ кўрди. Р.Отаев, табиийки, бу жўяли таклифга бажонидил рози бўлди. Шу орада наср бўлимининг мудири Эркин Аъзам таътилдан қайтиб, қўлёзмани Шуҳрат Ризаевга тақриз қилдирибди-да, асарнинг йўлига яхшигина чим босибди. “Моҳирона тадбир”дан хабар топиб исён кўтарган Р.Отаевни тинчитишми-тинчлантириш учун янги бош муҳаррир Омон Матжон қўлёзмани Тоҳир Маликка яна бир тақризга берди. Тоҳир Малик, афтидан, сихниям, кабобниям куйдирмаслик ёхуд бўри ҳам тўқ, қўзичоқ ҳам тирик бўлиши учун тақризда ёш бастакор Озод Ҳолиқовнинг Фарҳод ва Маржон деган ўғил-қизларини бехос йўқотиб қидиришига боғлиқ оилавий можаролардан буткул воз кечиб, бастакорлар уюшмасидаги воқеаларнигина қаламга олиш тавсия қилинган эди. Бу муаллифга маъқул келмади, албатта. Зотан, Фарҳоди билан Маржонини қидираётган Озоднинг руҳий ҳолати, кўнгил мулки, кўнгил бисоти – мана шу сурнай наволари эди-да! Қисса қўлёзмаси наср бўлимининг янги мудири Ғаффор Хотамнинг қўлида уч йилча авайлаб сақланди. Тўртинчи йилда Тоҳир Малик “Оббо, шу биргина қиссани ҳалиям эълон қилолмай сарсонмисиз? Мана, қандай ҳоҳласангиз шундай чиқаринг!” дея ҳиммат кўрсатди. Асар 1989 йил 2 сонда, ниҳоят, эълон қилинди. 1985-1989 йиларда роппа-рорса тўрт йил Р.Отаев нима қилди? Аввало кимлардир инсофга келишини сабр-тоқат билан кутди. Лекин қўл қовуштириб, мудраб ўтиравермади,албатта.. Тағин насрни қўя туриб, аввало бадиий таржимага, кейин танқид билан публицистикага зўр берди. Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” роман-эссеси ва “Бобомга хатлар” бадиасини – қорақалпоқ тилидан, эрон адиби Муҳаммад Али Жамолзоданинг “Шўробод” асарини – рус тилидан, қозоқ адиби Мухтор Мағавиннинг “Тириклик қўшиғи” қиссасини – қозоқ тилидан таржима қилди. Уларнинг аксарияти журналларда пешма-пеш босилиб чиқди ҳам. Зўр асар вақтинча димиқса димиқади, лекин ўлмайди экан, улардан биттаси – “Тириклик қўшиғи” роппа-роса ўн йилдан кейингина 1998 йилда раҳматли Озод Шарафиддиновнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан “Жаҳон адабиёти” журналида босилиб чиқди. Иккинчи номзодлик ишидан ҳам узил-кесил қўлни ювиб қўлтиғига урганидан кейин, назарида, қиссадан кенгроқ майдонларга йўл очилгандек бўлди. “Ёшлик” журналининг 1986 йил 3-сонади Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романи атрофлича эстетик таҳлил қилинган “Ҳикматлар карвони”, “Гулистон” журналида 1986 йил “Янгиликнинг туғилиши”, “Звезда Востока” журналининг 1986 йил 6-сонида “Дружба Народов” журнали пайсалга солган “Горизонты поиска: проблематика и характер”, 1987 йилда “Адабиёт ва санъат” жамоа тўпламида Одил Ёқубовнинг “Оққушлар, оппоқ қушлар” романи таҳлилига бағишланган “Эпик тасвир ва таҳлил” мақолалари, яна бошқа анча-мунча мақолалари ва тақризлари эълон қилинди. Ҳатто Ғаффор Хотам ва Аббос Саиднинг ижодий изланишлари, болалар адабиёти муаммолари хусусидаги рус тилида ёзилган “За все в ответе”, “Начни с себя” ва бошқа мақолалари “Правда Востока”,”Комсомолец Узбекистана” каби газеталарда ҳам босилиб чиқди. Энди ўйлаб қараб гоҳида афсусланасан киши! Хайф кетган вақт-соат, куч-ғайрат, орзу-умидлар!.. Бахтиёр Назаров Тил ва адабиёт институтининг директорлигидан то Фанлар Академиясининг вице-президентлигига қадар қарийб йигирма йиллик арбоблик ишларининг ўрнига “Ғафур Ғулом олами”дек тадқиқотларнинг тўртта-бештасини қаторлаштириб қўйганида-ку, нақадар гўзал иш бўлар эди! Худди шундай, Р. Отаев ҳам ўткинчи дунёларга алаҳсимай, йилига ақалли битта “Сурнай наволари”дек қисса ёзиб турганида!.. Йўқ, чинакам танқид ҳам абадиятга даҳлдор чинакам санъатдир. У ҳамиша умрибоқий асарларга суянибгина умрибоқийликка эришади. Бу йилларда ёзилган беҳисоб адабий-танқидий мақолалар ва тақризлар орасида Одил Ёқубовнинг икки ўлмас асари янгича таҳлил этилган икки мақоласининг келажагига умид билан қараса бўлади. “Шарқ юлдузи” журналининг 1989 йил 1 сонида эълон қилинган, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи таҳлилига бағишланган “Тонг юлдузи шуълалари” ва ўша йили “ЎзАС” ҳафталигида эълон қилинган, “Ёрқиной” драмаси таҳлил қилинган “Тасаввур зиёси” мақолалари, албатта, уларнинг ёнига қўшила олади. Айниқса, шу иккита мақолани ўз вақтида Умарали Норматов билан Бегали Қосимов, кейинчалик Дилмурод Қуронов билан Баҳодир Карим каби олимлар мақтаб тилга олдилар, муаллифнинг танқидий қарашларини ўз вақтида ҳам, ўн беш йилдан кейин ҳам писанд қилган олимларга қуллуқ! Буюк Чўлпон асарлари, гарчи Исрофилнинг сури бўлмаса-да, ҳар қалай, не бир мудроқ қалбларни ҳам уйғотишга қодир руҳий қувватга эга экан! 1989-1991 йилларда фавқулодда бир шиддат билан ёзиб ташланган кўпгина публицистик ва адабий-танқидий мақолалари, ҳикоялари ҳамда бадиаларининг қанчалик пишиқ-пухталигига қараб туриб муаллиф ҳам гоҳида “Ёпирай, шуларни ўзим ёздимми?” қабилидаги хаёлларга боради.Начора,Навоий билан Пушкиндан мерос, ҳар бир қаламкашнинг кўнглида оздир-кўпдир муқаррар бўладиган туйғу бу!..Масалан, “Гап билгунча иш бил” (“Ўзбекистон овози”, 1989, 25 февраль), “Қалпоқ бозори” (“Халқ сўзи”, 1990, январь), “Тил ва Эл Ули ёхуд қақраган тилга тириклик суви” (“Гулистон”, 1990), “Қалдирғочнинг қайрилган қанотлари” (“Ёш ленинчи”, 1990), “Мантиқ қани?” (“Мулоқот”, 1992) публицистик мақолаларини бадиий публицистикани чинакам бадиий адабиётга айлантириш йўлидаги жиддий тажрибалар дейиш мумкин. Бу даврда ёзилган ёхуд аввалроқ ёзилиб, ниҳоят, эълон қилинган “Шафқат” (ЎзАС, 1989), “Муножот” (“Ёш ленинчи”, 1990), “Отажон” (“Ёшлик”, 1991), “Отабош” (“Гулистон”, 1991) ҳикоялари, “Тагор билан суҳбат” фантастик қиссаси (“Санъат”, 1990), “Қалбнинг етти иқлими” туркумидаги “Ҳайрат”, “Муҳаббат”, “Ҳурмат”, “Маломат”, “Нафрат”, “Даъват”, “Ҳасрат” бадиалари ҳам кичик ҳажмдаги бадиий насрнинг бешафқат вақт ҳукмига рўйхушлик беравермайдиган анчагина пишиқ-пухта намуналаридир. Бу асарларнинг аксарияти “Отаули” тахаллуси билан эълон қилинган. “Ота”, “Отатурк”, “Оталиқ”, “Отабек”, “Отажон” эмас, “Отаули”гина... Қирқ ёшида “Отаули” бўлгач, етти-саккиз йиллик қуруққўлликдан бир қадар қутулиб, тез орада икки китобни бирин-кетин қўли кўрди. 1990 йилда Ғафур Ғулом нашриётида атоқли қорақалпоқ адиби Т.Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” роман-эссеси Р.Отаев таржимасида китоб бўлиб босилиб чиқди. 1991 йилнинг ёзида – Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган тарихий кун арафасида “Сурнай наволари” қиссалар ва “Қалбнинг етти иқлими” туркум бадиалар тўплами (“Ёш гвардия”, Тақризчилар: олим Маҳмуджон Нурматов ва ёзувчи Шодмон Отабек) нашр этилди. Тўғри, раҳматли олим Ғулом Ғафуров билан бирга Ғафур Ғулом нашриётида 10 босма тобоқ ҳажмидаги “Фикр ва сўз имконияти” деган бир адабий-танқидий мақолалар тўплами чиқадиган бўлиб турувди. Ҳатто қалам ҳақи ҳам олиниб, китобнинг ёруғликка чиқишига рухсат ҳам берилувди. Қорақалпоқ тилидан таржимами, қўшни нашриётдаги китобими, мазкур китобдаги “ён қўшниси”ми, туб илдизини билиб бўлмайдиган сабабларга кўра ўша тўплам китоб бўлиб чиқмай қолиб кетди. Ўша-ўша Отаули йигирма уч йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилиб, аввало мунаққид сифатида енг шимариб ишлаб, юзлаб танқидий мақолалар, обзорлар, тақризлар, бадиалар ёзиб, ўзининг адабий-танқидий тўпламини кўзи кўрмади. Ўлмас Хўжа Насриддин афандимиз “Насиб қилса эрингман” деганидек, насиб қилса, “Руҳият эҳроми” деб номланган адабий ўйлар китобчасини шоядки кўрса! Дарвоқе, қўллари бу масалада жудаям қуруққина эмас экан! 1990 йилнинг бошида Ўзбекистон ёзувчиларининг навбатдаги қурултойига тайёргарлик кўрилар экан, ўша вақтдаги уюшма раиси Одил Ёқубов Дўрмондаги ёзувчиларнинг Ижод уйига таниқли болалар шоири ва таржимон Миразиз Аъзам билан Р.Отаевни олиб кетди. Икковлон бирор ойда “Ўзбек адабиёти 1985-1990 йилларда” деган бир китобча тайёрладилар. У минг нусхада нашр этилди ва жамики қурултой қатнашчиларига тарқатилди. Китобча ҳажмининг учдан бир қисмига Р.Отаевнинг ўзбек насри, публицистикаси, драматургияси ва адабий танқидчилиги хусусидаги наинки шахсий кузатишлари, балки “Мажолис ун нафоис”га татаббу тарзида ёзилган “Дағал мажлислари” ва, умуман, қалб қўри яхшигина тўкилган. Гарчи ратопринт усулида босиб чиқарилган бўлса-да, ўн олти йилда муаллифнинг ўзидек у қадар сарғайиб-синиқиб кетмаган, қизиққонлар ҳозир ҳам бемалол қизиқиб ўқишлари мумкин... Бу ўринда айтса бўладиган ва айтмаса бўлмайдиган тағин қандай гап қолди? “Отаули деган заҳматкашнинг заҳматкаши ёзувчи, мунаққид, публицист ва таржимон сифатида 1991 йилдан кейинги ўн беш йил мобайнида нима каромат кўрсатди, хўш?” деган саволга жавобгина қолди, холос. Отаули 1989 йилда – қирқ ёшида бошлаб, 1993 йилда – қирқ тўрт ёшида (тасаввур равшанроқ бўлиши учун айтиш мумкинки, Чўлпон ёшида бошлаб, Қодирий ёшида) уч қисм, беш юз саҳифадан иборат “Тилсим (Туркистон достони)” деган бир салмоқли асарини, ниҳоят, ёзиб битирди. Одатда ҳар бир қаламкашнинг бош асари бўлади. Отаулининг қирчиллама қирқ тўрт ёшида ёзиб битирган бу бош асарида оддий деҳқон – Собир қовунчи, ҳунарманд уста – Қодир учар ва зиёли (тилшунос олим) Кенжа Ботир (Ботир Зокиров) – шу уч оға-ини ботирларнинг Ўзбекистон давлат мустақиллигига, аниқроғи, давлат тили ҳақидаги қонунга келиш йўли ўзига хос тарзда ёритилди. Асарнинг 150 бетлик бир қисми (“Қодир учар қиссаси”) 1994 йилда “Шарқ юлдузи” журналининг 12 сонида босилиб чиқди ва шу бир қисми 1995 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан “Алп Жамол” корпорацияси таъсис этган Алп Жамол мукофоти билан тақдирланди. Яна бир юз бетлик қисми (“Собир қовунчи қиссаси”) 1995 йилда “Ёшлик” журналининг 3-4-сонларида эълон қилинди. Асосий қисм (Икки юз эллик бет ҳажмидаги “Кенжа Ботир қиссаси”)дан айрим парчалар “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Мулоқот”, “Тошкент оқшоми”, “Ёш куч”, “Тонг юлдузи”..., қўйинг-чи, қарийб барча етакчи газета-журналларда босилиб чиқди. Қўлёзма тўла ҳолда Ғафур Ғулом нашриётида нақд ўн уч йилдан буён қимирламай турибди. Ўн уч йил бадалида нашриётга тўрттами-бешта директор келиб кетди. Алп Жамол мукофотини олган қарийб барча асарлар китоб бўлиб чиқди. Не бир сувлар оқиб, не бир дарахтлар кесилди. Одамзод Ойни қўйиб, Зуҳро, Муштарий, бошқа сайёраларга чиқаман деб турибди. Не бир нашриётларда не бир китоблар жилд-жилд бўлиб чиқиб ётибди. Лекин бу кенг дунёга биттагина “Тилсим (Туркистон достони)” деган китоб ҳали-хануз сиғмай турибди... “Кенгга кенг дунё” деганлари шуми?!. Ўшанда – 1994-1995 йилларда Отаули “Начора, ҳажми каттароқ экан, билмасдан қулочни каттароқ отиб юборганман шекилли, балки кейинроқ сиғиб қолар” деган хаёлда , албатта, яхши ният ва умид билан билганини қилаверди. “Зора сиғишига ёрдам берса” деган умидда қадим туркий сўз-ўзакларнинг туб луғавий маъноларини шарҳлаб, “Сўз ҳақида сўз” деган жажжи мақолачалар туркумини ёзди. Жами қирқтача бу мақолачаларини газета-журналларда бирин-кетин эълон қилди. Айни чоғда, “Худо хоҳласа , энди шуниси бемалол сиғади” дея, тағин буюк Ғафур Ғуломдан ном-нишон олиб, икки юз эллик бет ҳажмидаги “Афанди ўлмайдиган бўлди” деган янги насрий достон ёзди ва уни 1997 йилда тамомлади. Ора-чурада Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романларини ўзича таҳлил қилиб, “Маърифат ва маънавият машъали” деган эллик бетлик бир танқидий рисола ёзди. Бу икки шоҳ асар ҳақида айтилмаган гап қолмади хисоб, айтиш иштиёқидагилар эса беҳисоб, бинобарин, рисолани ҳозирча заҳирада ушлаб туриш мумкин, рақобатчини кўпайтиришнинг кераги йўқ!. Лекин замонамизнинг Хўжа Насриддин афандиси - Насриддин Латифиддинович Хўжаназаров деган бир элшунос олимнинг ажойиб – ғаройиб саргузаштлари анчагина мароқли ва ўйноқи қаламга олинган “Элчи (Афанди ўлмайдиган бўлди)” достонини қаерга бутун ҳолда сиғдириш мумкин?.. Атоқли қорақалпоқ адиби Т. Қаипбергенов асарга уч жумла “фатво” ёзиб бериб, унинг қоқ ярмини 1998 йилда “Ёшлик” журналига сиғдиришга катта ёрдам ва қиёматга қадар унутилмас ҳиммат кўрсатди. Қайтмаснинг қайсарлигидан қўрққулик экан, 1998 йилда бир томонда “Энди шуниси аниқ-тиниқ ва бус-бутун сиғади!” дея атиги эллик бетлик “Улус (Форобийнинг дўсти)” деган, ҳойнаҳой, оламдаги энг қисқа насрий достонни ёзди. Бу улуғ файласуф ҳақида қачонлардир нимадир ёзиш ўттиз йилик орзуси эди, ҳар кимнинг ўз суянар тоғи ва топинар мозори бор, бир ғариб файласуф ёзувчига бир суянар тоғ Форобийча бўлади-да, ахир! Асарда пайғамбар ёшида суюкли шогирди Саид Али ва ёлғиз ўғли Насриддинни ота юртига зиёратга олиб келаётган буюк алломанинг Тошкент шаҳридаги бир кўча, бир кечада кўрган-кечирганлари ва қорахонийлар салтанатининг асосчиси Буғрохон билан суҳбати қаламга олинган эди... Яна бир томонда бутун Туркистон Элининг феъл-атворига энг гўзал тимсол бадиий гавдалантирилган “Элчи” га сиғмай қолган фикрларини жамлаб, “Элнинг феъли” деган тағин бир жажжи мақолачалар туркумини ёзди ва уларни пешма-пеш эълон қилишга тушди. Асосий ният ва пировард мақсад ҳар қандай одамга тушунарли эди, албатта: “Тилсим (Туркистон достони)”-ку, баайни калла-поча бўлиб турибди, начора, шоядки шу Ўлмас Афанди ўн босма тобоқ ҳажмидаги бир китоб бўлиб чиқса!” Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг, аввало шу ниятда бир пайтлар бошлаган ишини ҳам сўнгги нуқтага етказиб, “Тенгдошлар тенгдошлар ҳақида” рукнида “Элнинг феъли Эркин Аъзам насрида” деган эллик бетлик бир танқидий рисола ҳам тайёрлади. Ҳатто ҳар икки туркумдаги мақолачаларини шу рисолага қўшиб,”Кўзларга тўтиё сўзлар” деган яна бир росмана китоб қўлёзмасига ҳам тартиб берди. Хўш, бунисини қай бир азамат ҳиммат кўрсатиб нашр қилади энди?.. Тўғри, 1997 йилда – олти йил деганда қўли , ниҳоят, тағин бир китоб кўрмади эмас, кўрди. Т. Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” роман-эссеси, “Шарқ” концернида қайта нашр этилди. Бу китоб сифати қараган одамнинг суқи кирадиган китобмисан китоб эди! Лекин таржима минг қайта нашр этилмасин, барибир, таржима, аслида бировнинг мулки-да! 1998-1999-йилларда “Жаҳон адабиёти” журналида яна иккита асар қозоқ тилидан таржима сифатида эълон қилинди. Аввал, юқорида айтилганидек, Мухтор Мағавиннинг “Тириклик қўшиғи” қиссаси ўн йил деганда, ниҳоят, ёруғлик кўрди. Сўнгра Абиш Кекилбоевнинг “Пойгатўриқ” қиссаси журнал буюртмасига биноан тўхтовсиз таржима ва эълон қилинди. Булар ҳам бизга замондош пешқадам қозоқ адибларининг ҳавас қилса арзигулик киройи асарлари, албатта... Лекин уларнинг ҳам муаллифи Р.Отаев эмас-да! Ўзининг “Элчи” ва “Улус” асарларини бутун ҳолда, бир китобча сифатида қачон қаерда қандай чиқариш мумкин? Йўл қидириб, 1999 йилнинг бошларида 1998 йил мобайнида босилиб чиққан жами саккизта романни батафсил таҳлил қилиб, “Ўтаётган кунлар нафаси” деган бир обзор ёзди. Унда, жумладан, “Нега Ўзбекистон давлат мустақиллигининг ўтган етти йилида замонавий мавзуда ақалли биронта роман йўқ?” деган саволни аввало ёзувчиларнинг умумий бир машваратида, кейин матбуотда жиддий тарзда ўртага қўйди. Айни шу кўндаланг савол ҳал қилувчи туртки бўлдими, қайдам, орадан салгина ўтиб, “Элчи (Афанди ўлмайдиган бўлди)” асари ахийри бир бутун ҳолда китоб бўлиб чиқди! Китобнинг намуна нусхасини қўлига олиб туриб, “Шарқ” НМАКнинг ўша пайтдаги бош муҳаррири Бобур Алимов Отаулини койиди: “Рассомга айтсангиз бўлмайдими, Раҳим ака, исмингиз-фамилиянгизни кўзга кўринадиганроқ қилиб ёзмайдими, мунча майда!” Отаулининг юраги тўлиқди: “Афанди билан Қаипбергеновнинг ҳаққи-ҳурмати шу китобнинг шундай чиққанига шукур, сизларга раҳмат!” Афандидан кўнгли тўлиб, ўша йили минг йиллик тўйи кенг нишонланаётган “Алпомиш” достонининг биринчи марта тўла ҳолда нашр этилган нусхасини гўзал бир китоб ва бебаҳо бир совға сифатида биринчи устози Тўра Мирзаевнинг шахсан ўз қўлидан олди. Шундай китоб!.. Бу шоҳ асарнинг илк нашрига Ҳамид Олимжон ёзган машҳур сўзбошидан кейин, айтиш мумкинки, биринчи маротаба уни батафсил эстетик таҳлил қилиб, “Халқнинг ўлмас даҳоси” деган 90 бетлик бир эссе – бадиа ёзди. Бадиани респубилка радиосида беш-олти қисмга бўлиб ўзи ўқиди. Лекин бу асар ҳам ақалли биронта журналга сиғмай ва ё алоҳида бир китобча сифатида нашр этилмай қолиб кетди. “Алпомиш”ни ҳам қўя туриб, тағин “Форобий”га қайтди: “Шу атиги эллик бетлик “Улус”ни қандай ёруғликка олиб чиқиш мумкин?.. Йўл қидириб дилтортари Т. Қаипбергеновга юрагини ёрди. Катта адиб ўқиб чиқиб, табриклаб, феълига ярашадиган ҳиммат кўрсатди: “Кел, иничак, бу асарингга ҳам бир нима ёзиб берай, “қорахоний” билан “қорақалпоқ” сўзларининг ўзаги битта, ахир!.”. Отаулининг тағин юраги тўлиқди: “Сиз “Афанди...”га фатво бериб ҳеч бир ўзбек қилмаган ишни қилдингиз, оға! Шу яхшилигингизни ҳам, манови тантилигингизни ҳам то қиёматгача унутмайман. Энди Форобийнинг қадрига етадиган бирон ўзбек адиби топилиб қолар!..” “Унда сен майдалашиб ўтирмай, бу асарингга Сўзни Абдулладан ол, иничак! Бўшашма, тортинма!” Отаули – журъат, Орипов – ҳиммат кўрсатиб, “Улус (Форобийнинг дўсти)” “Шарқ юлдузи” журналининг 2000 йил 2-сонида босилиб чиқди! Қисқармай, бўлинмай! Бу Отаули учун қўшалоқ байрам бўлди. Биринчидан, “Улус” ўзбек адабиётининг 1050 йиллик тарихида Абу Наср Форобий ҳақида ёзилган ягона бадиий асар! Иккинчидан, Абдулла Ориповнинг бу асарга ёзган Сўзи Отаули ижоди ҳақида ўзбек тилида алоҳида айтилган ягона Сўз!.. Лекин Отаулининг қувончи кўпга чўзилмади. “Элчи” китоби хусусида бирор йил мобайнида бирон ёзувчи ва ё олимнинг матбуотда лом-мим демагани, ақалли ҳафталикда “Шундай бир китоб чиқди” дея “Доимий ҳамроҳ” рукнида не бир китобларга берилган хабар раво кўрилмагани ҳам майли. (Айтиш керак, атоқли адибимиз Пиримқул Қодировнинг республика матбуот агентлигида ўтказилган улкан бир машваратда “Элчи” китобини қўлида ушлаб туриб, “Президентимиз талаб қилаётган замонавий мавзудаги асар йўқ эмас, бор, мана!” дея ҳаяжонланиб айтган гаплари орадан икки йилча ўтиб, 2001 йилда айтилди, лекин матбуотда ўз ифодасини аввал ҳам, кейин ҳам топмади). Энг таажжубланарли жойи шунда эдики, “Улус” асари хусусида ўша 2000 йилда “ЎзАС” ҳафталигида профессор Санжар Содиқнинг “Достонми ёки башорат?” деган фельетоннамо мақоласи ҳеч бир монеликларсиз лопиллаб чиқиб қолса бўладими! Мазкур мақоланинг номиёқ мантиқдан батамом ҳоли эди. (“Достонми ёки ҳикоя?” ёхуд “Башоратми ёки хомхаёл?” дейилса, балки мантиқли савол бўлармиди!) Мақоланинг ўзи эса, “Достон насрда ҳам ёзиладими, ажаб-ажаб” қабилидаги билиб туриб атайин анқовсирашга ўхшайди... Энди нима қилса бўлади? Аввалига достоннинг нималигию унинг қандай турлари борлигини тушунтиришга ўзича уриниб, “Шарқ эпоси” деган бир раддия тарзидаги мақола ёзди. Уни ёруғликка олиб чиқолмагач, ўйлаб қолди: филология фанлари доктори, профессорга насрий достон ҳам борлигини исботлаш керакми? Умуман, билиб туриб сувга ҳалигиндай қилаётган “охирзамон олимлари”га нимани қай тарзда исботлай оласиз? Худодан уларга инсоф сўрашдан бошқа не чора бор!.. Юрагини ўртаб юбораётган минглаб саволлардан биттагинасини Абдулла Ориповнинг олдига кўндаланг қўйишдан ўзини тўхтатиб қололмади:”Майли, роппа-роса бир минг эллик йил аввал ўлиб кетган Форобий билан мени юз-хотир қилишмасин, ақалли Сизнинг Сўзингизни юз-хотир қилишмайдими, тушунмадим?..” Даҳо шоир кўндаланг саволга жавобан шиддат билан гувраниб шундай бир юз ифодасини зоҳир қилдики, уни шарҳлашга жаҳондаги жамики тиллар ҳам, қаламлар ҳам ожиздек... Ҳар қалай, бу ифодада “Парво қилманг, лекин бепарвоям бўлманг” қабилидаги кўпни кўрган донишманднинг унсиз таскин-тасаллиси, далдаси, огоҳликка ундашини туйгандек бўлди... Отаули заҳматкаш бўлганидан кейин одатдагидек асосий ишидан қолмади, албатта. Аввалига буюк мутафаккиримиз Алишер Навоийнинг “Садди Искандарий” достонига ўзига хос татаббу тарзидаги бор-йўғи беш саҳифадан иборат “Ҳадди Искандарий” деган бир тарихий ҳикоя ёзди. У ўша 2000 йилнинг охирида “Ёзувчи” газетасида босилиб чиқди. Асар замиридан тушунган одамга аввало иккита гапнинг учи чиқиб турар эди: “Мана, кўриб қўйинг, достон эмас, тарихий ҳикоя бу!”, “Агар Искандар бўлсангиз ҳам ҳаддингиздан ошманг, илтимос, жон ака, инсоф қилинг!”.. Сўнгра бирор йил ичида фавқулодда бир шиддат билан қалам тебратиб, “Замона зайли” деган янги бир достонини 2001 йилнинг оҳирида, ниҳоят, ёзиб битирди. Асар икки йилдан кейин – 2003 йила “Шарқ юлдузи” журналида (Ўзбекистон матбуоти тарихидаги энг майда ҳарфларда!) босилиб чиқди. Шу икки йил ва, умуман, кейинги беш йил мобайнида, табиийки, Отаули ёзмаса бўлмайдиган вазиятларда анча-мунча янги асарлар ёзди. Масалан, “Ҳисобот”,”Табиатшунос”, “Томоша” ҳикоялари, “Руҳият эҳроми” туркумидаги бешта мақола... Айни чоғда, “Мана, ўзбек Фрейди!” деса дегудек бир руҳшунос олим, фидойи замондошимиз ҳақидаги янги, бешинчи насрий достонини ёзиб битириш арафасида.... Отаули бундан уч йилча аввал “Замона зайли” ва “Улус” асарларига турли йилларда ёзилган энг сара ҳикоялари ва бадиаларини қўшиб, ўз ижоди хусусида нисбатан яққолроқ тасаввур ҳосил қила оладиган, қўлга илингули бир китоб қўлёзмасини тайёрлаб, “Шарқ” нашриётига топширган эди. Уч йилдан буён шу китобни чиқариш умидида бутун шаҳри азим, бутун мамлакатда холис ёрдам қўлини чўзадиган бир шеримард қидириб изиллади, не бир совуққон кимсалардан ёрдам сўраб, ҳиммат сўраб, инсоф сўраб ялиниб-ёлвормади!..Очиғи, буниси қисқагина таржимаи ҳолга эмас, “Туркистон достони”дан каттароқ достонгаям сиғмайди! Ривоят қилишларича, раҳматли Миртемир домла ХХ аср ўзбек шеъриятининг энг гўзал намуналаридан бири – “Онагинам” шеърини олтмиш ёш остонасида ёзувчилар уюшмасидаги не бир шоирлар қатнашаётган катта бир машваратда ўқиб бериб, “Айтингизлар-чи, шу шеърни эълон қилиш мумкинми?..” дея ҳокисорлик билан эланган экан. Отаули Миртемир домланинг шу бир ҳолатига ҳавас ва тақлид қилмайди, албатта. Фақат Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг ижодий ходими сифатида Миртемир домладан қарийб икки баравар кўпроқ – йигирма уч йилдан буён ишлаб келаётган ва шу кеча-кундузда “Инсоф” даган бешинчи достонини ёзаётган бир қаламкаш сифатида инсоф сўрамоқчи, холос: “Қарийб қирқ йилдан буён тўрт-беш йўналишда астойдил меҳнат қилиб келаётган бир қалам заҳматкаши ўзгалардек жилд-жилд сайланмалар эмас, атиги биттагина қалин муқовали қўлга илингудек сифатли китобини олтмиш ёш остонасида кўзи кўриб, қўлига ушлай оладими?! Қайлардасан, жаннатий инсоф?!” ИЗОҲ (Оҳнинг изидан оҳ): Мазкур таржимаи ҳол “Руҳият эҳроми” туркумини якунловчи мақола бўлиб, туркумдаги дастлабки учта мақола “ЎзАС” ва “Моҳият” ҳафталиклари билан “Ёшлик” журналида эълон қилинган. Яна иккитаси “Гулистон” ва “Мулоқот” журналларида эълон қилишга тайёрланмоқда. Халқимизда “Ўзинг учун ўл, етим” деган ҳикматли гап бор. Жаҳондаги энг аччиқ заҳархандали мақол бу! “Шум бола”дек шоҳ асар яққол далолат бериб турибдики, етим аслида ўзи учун ўлмайди, балки аксинча жон-жаҳди билан яшаш учун курашади. Бундай кураш усулларидан бири, маълумки, ўз-ўзига хизмат ҳисобланади.. Ҳозирги адабиётимизда ўз-ўзига хизматнинг турлари тобора кўпайиб бормоқда... Шулардан биттагинасини Сизнинг эътиборин-гизга ҳавола қилиб, ёзувчи Отаулининг таржимаи ҳолини оқ қоғозга кўчирувчи таржимон, публицист ва мунаққид Раҳимжон ОТАЕВ



Author: Otauli
Translator from Uzbek: Farrukh Ataev

Kalpak (headdress) bazaar

     Bundan qariyb o’ttiz yil muqaddam e’lon qilingan “Sirli olam” va “Ruhiyatlar birligi” deb nomlangan ilk maqolalarim ruhiyat dunyosi xususida edi. “Turmush, xulq-atvor va mehnat estetikasi” nomli ilk risolam (“O’qituvchi” nashriyoti, 1982), “Osmon to’la yulduzlar (Tuyg’ular haqida suhbat)” ilk falsafiy badiam (G’afur G’ulom nomidagi nashriyot, 1983) ham inson ma’naviy dunyosiga xos sir-sinoatlarni anglash yo’lidagi dastlabki qadamlar edi. Keyingi yigirma uch yil mobaynida yozgan hikoya, qissa va nasriy dostonlarimda qahramonlar ruhiyatini atroflicha tahlil qilishga alohida e’tibor qaratdim. Ayni chog’da hayrat, muhabbat, hurmat, shafqat, himmat, jur’at, jasorat va boshqa tuyg’ular – ma’naviy-ruhiy ganjinalarimiz xususida hozirgi jahon adabiyotida katta o’rin tutuvchi esse janrida ancha-muncha asarlar yozdim... Xullas, ruhiyat xususidagi qariyb o’ttiz yil mobaynida muttasil pishitilgan va boyitilgan fikrlarimning o’ziga xos qaymog’ini sidirib, qo’lingizdagi kitobchani tayyorladim. Mazkur turkum, muxtasar beshlik-hamsa, olamga mashhur osmono’par ehromlardek o’zaro bog’liq bu muayyan inshootlar majmuasi Sizga manzur bo’ladi degan umiddaman. Ming-minglab qullar birgalikda jon olib – jon berib bunyod etgan Misr ehromlaridan farqli ravishda yolg’iz o’zim o’ttiz yil mobaynida astoydil ishlay-ishlay, baholi qudrat tiklaganim mazkur ehromlar shoyadki ma’naviy olamingizni boyitib, dilingizni ravshan torttirib, ruhingizni eng oliy yuksakliklarga ko’tara olsa...


bosh

�������

main
Hosted by uCoz