Муаллиф: Фаррух Атаев
Ойим Дилбар Алисаид қизига бағишлайман!
Аёв
Ҳикоя
Одатдагидек қўнғироқни икки бор қисқа-қисқа босди-ю, ичкаридан жавобни кутмай калити билан эшикни очди-да, тўрваларни кўтариб уйга кирди.
– Ассаломалейкум, адажон, – даҳлизда бешинчи синфда ўқийдиган ўғли унга пешвоз чиқди. – Буларни менга беринг.
– Ваалейкум салом, йўқ, қўявер, сен эшикни ёп, – деди-да, ошхонага ўтди.
Қўли-қўлига тегмай аччиқ-чучук тўғраётган хотини салом бериб, ошни дамлаб қўйганини, йигирма дақиқаларда очишини айтди. Димоғига урилган хушбўй ҳидлар очиққан нафсини бироз қондиргандек бўлди-ю, лекин иштаҳасини қўзғади. Тўрвадан аввал мева-сабзавотларни олиб саватларга, сўнг гўштни олиб совутгичга жойлаб, икки пиёла илиқ чойни кетма-кет сипқариб ҳовурини босди-да, кийимини алмаштиргани хонасига йўналди. Ош пишгунча нафасини ростлаш учун меҳмонхонага кириб, диванда бошқарув пултини чангаллаган кўйи ўтириб телевизор орқали ёввойи табиат дастурини завқ билан томоша қилаётган ўғлининг ёнига келиб ўтирди. Сайҳонликда шерлар кийикларни зир қувалаяпти. Пултга қўлини узата туриб, уни эзғиламай, бир четга тинчига қўйишини айтганди, ўғли бирдан хавотирланиб пултни кучлироқ қисганча узоқлаштирди-да, бошқа каналга ўтказмасликни, шу қизиқни кўришни сўраб ёлворди. “Хўп, майли, шуни кўрамиз, фақат пултни ўз ҳолига қўй, бузилади” дея ўғлини тинчлантирди. Ўғлининг ҳатти-ҳаракатини ўжарлик-тантиқликка эмас, самимий иштиёққа йўйди. Ўзи учун ҳам шу айни муддао – кейинги пайтларда телевизор орқали асосан янгиликлар билан мана шундай табиат дастурларини томоша қилади. Биринчисини азбаройи дунёда рўй бераётган воқеалардан хабардор бўлиб туриш учун мажбурликдан кўрса, иккинчисини иштиёқ билан, дунё ташвишларини унутиб, асабини тинчлантириш учун кўради. Гўё сунъийлик билан табиийлик ўзаро рақобатлашиб, ҳар иккиси унинг қалбига йўл қидириб, онгини забт этмоқчидек.
– Вой, ёвуз-ей, қаранг, ада, шернинг қанчалик ваҳшийлигини. Келиб-келиб шу ожизгина кийикчага ташланадими? Нега суратчилар у бечорани ҳимоя қилишмаяпти? Милтиқлари бор-ку, шерни шартта отиб ташлашса бўладику? – безовталаниб сўради ўғли.
Ўғлига ёввойи табиат қонунларини асосли ва содда қилиб тушунтиришни ўйлади. Ахийри, қарши савол беришни маъқул топди.
– Хўш, дейлик, суратчилар шерни отиб ташлашса, шернинг кичкина, ожизгина шербаччаларини ким боқади? Бу шерни отиб ташлаган тақдирда ҳам, бошқа жойлардаги жониворларни ўша ерлардаги шерларнинг ҳужумидан ким қутқаради?..
Ўғли кўзларини каттароқ очиб, нигоҳини бир четга – бир нуқтага тикиб турди-да, сўнг шу ўзи кўриб турган биргина бечора кийикчани ҳимоя қилиш муҳимдек яна эътироз билдирди:
– Кучига мос жониворга ҳамла қилса бўлади-ку бу сурбет?
– Бўлади, кейинги лавҳада шерлар тўдаси ўзларидан каттароқ буйволга ҳужум қиладилар. – деди отаси бу кўрсатувни аввал ҳам кўрганини эслаб.
Кейинги лавҳада бир неча шерлар буйволлар тўдасини таъқиб қилишиб, улардан бирини тўдадан ажратиб олишади-да, ҳалқа бўлиб қуршайди. Баҳайбат буйвол бир муддат тўхтайди. У ёндан бу ёнга асабий ўгирилиб, бошини сарак-сарак қилганча яқинлашган шерни сузмоқчи бўлиб ҳуркитади. Аммо олдидаги шерларни энди ортга чекинтирса, ёни ва ортидагилари сапчиб унинг ортига ёпишишади-да, бутун оғирликлари билан уни ерга ағдаришга уринишади. Буйвол кескин силтаниб, ортидаги шерларни ирғитиб ташлайди. Шаҳд билан шерлар исканжасини ёриб ўтиб озодликка талпинади. Шерлар ҳам бўш келмай таъқибни давом эттириб, буйволни қайта ўраб олишади. Кўрсатув бошловчисининг изоҳига кўра соатларга чўзилган ҳаёт-момот кураши оқибатида буйвол қанчалик бақувват бўлмасин, ахийри ҳолдан тоя бошлайди. Ҳаракатлари сустлашади.
– Ахир, бу ерда ҳам ноҳақлик бўлаяпти-ку, ада? Кўпчилик бўлиб битта бечорага ҳужум қилиш нотўғри-ку? – яна адолат ҳақидаги болаларча тасаввур билан сўрайди ўғил.
Энди ўғлига маънилироқ жавоб топишга қийналди. Нафақат ёввойи табиатда, ҳатто одамлар жамиятида ҳам бундай ноҳақликлар кўп учрайди, деган фикр яшиндек хаёлидан ўтди. Одамлар ҳам ваҳший ҳайвонлардан қолишмай, бир-бирининг пайини қирқади, кўплашиб, ўзаро тил бириктириб ёввош-беозор кишиларни ҳар боб билан ажратиб ёлғизлатади-да, ҳаётига зомин бўлади. Холбуки ёввойи ҳайвонларда ҳам аёв, оқибат, ғамхўрлик, фидойилик ҳисси йўқ эмас, бор... Ўғлининг “тенг тенги билан курашиши керак” деган ақидани болаларча шахсий тажрибасига кўра англаганини тусмол қилди-да, уни ноумид бўлмасликка ундади.
– Шошма, ўғлим, буйвол чиндан ҳам ёлғизми-йўқми, ҳозир кўрасан!.
Шу пайт буйволлар тўдасидан бир қанчалари ортларига қайтиб, жароҳатланган шеригини шерлар ҳужумидан қўришди. Устунлик буйволларга ўтиб, шерлар ортга тисарилди-ю, бироқ ўз ўлжаларини кўзлаб, гўё руҳий босим ўтказиш мақсадида дам у ёқдан, дам бу ёқдан ҳамла қилиб туришди.
Ночор буйволнинг бир томонида аёвсиз шерлар, бошқа томонида ҳалоскор буйволларнинг аёви!.. Жамиятда бу инсонпарварлик дейилади, – деб ўйлади у. – Бир бегуноҳ бечорага золимлар аёвсиз зуғум қилса, атрофидаги инсофли инсонлар уни аяб ҳимояга шошадилар. Ҳатто, ҳайвонлардан фарқли равишда, у бечорани ҳимоя қилибгина қолмай, золимларнинг додини берадилар ҳам, токи адолат қарор топиб, бу бошқа золим-у жабрдийдаларга ибрат бўлсин. Ҳимояга келган буйволлар эса, шерлардан ҳимояланишдан нарига ўтолмайди, ёвни таъқиб қилиб, ундан интиқом ололмайди, адолатни қарор топтиролмайди. Сирасини айтганда, қани эди инсоний жамиятда ҳам ҳамиша адолат қарор топса! Афсуски, кўп ҳолларда золимларни тергаб қўядиган куч ё етмайди, ё кўриб кўрмасликка олади, ё сотилади, ё онгсиз ҳайвонларга бегона бўлган бошқа сабаблар бунга тўсқинлик қилади...
Ярадор буйвол жуда ҳолдан тойгани учун юришга мадори келмади. Сал ўтмай, қўриқчи шерикларига ишониб бўлса керак, сулайиб ётиб олди. Буйволлар унинг сафларига қайтишига умид қила-қила, ахийри кўзлари етмагач, бирин-кетин узоқлашаётган тўдалари томон кетишга мажбур бўлишди. Сабаби, барча ҳайвонлар каби, улар ҳам “ажраганни айиқ ер, бўлинганни бўри ер” деган яшаб қолиш инстинктига бўйсинади. Ёлғиз қолган бечора буйвол бор кучини тўплаб, оёққа қалқди. Бироқ катта ўлжани тезроқ қўлга киритишга шошган шерлар янги шижоат билан унга ташландилар.
– Нега анави шер буйволнинг тумшуғини тишлаб турибди, ўпишишяптими? – ажабланиб сўради ўғил.
Ҳақиқатдан ҳам, четдан қараганда кулгили ҳолат бу. Ҳайвонлар бир-бирларини ҳидлаши, ялаб-юлқаши мумкин, лекин ўпишмайди. Бунинг устига, ҳар хил турдаги ҳайвонлар! Отаси ўғлига яна бир табиат қонунини тушунтирди.
– Одатда ваҳший ҳайвонлар ўз ўлжаларини бўғзидан тишлаб, нафас олгани қўймайдилар. Буйволнинг бўғзи катта ва бақувват бўлгани учун шер уни тишлаёлмайди. Бунинг учун тимсоҳнинг оғзидек катта оғиз керак бўлади. Шунинг учун шер буйволнинг оғзи-бурнини маҳкам тишлаб, нафас олгани қўймайди. Тушундингми энди, ўғлим?
Ўғлига ҳайвонларнинг ҳаёт-момот жангларини изоҳлар экан, ота яна хаёлга берилди. Одамларда-чи, нафас йўли қандай қисилади? Одамни бўғиб ўлдириш даҳшатли гуноҳ. Лекин уни иқтисодий танг аҳволга солиш, ишини бўлдирмаслик, туҳмат ё ғийбат қилиб ёқасини ёмонга йиртиш ва бошқа минг бир хил макрларни ишга солиб яшагани қўймаслик ундан-да даҳшатлироқ! Ахир, “ургандан туртган ёмон” деганларидек, жамиятда ҳар боб билан сиқувга олинган бечора одам яшаб қолиш учун минг ўлиб, минг тирилади-да. “Камбағални урма, сўкма, чопонини йирт” деган ибора ё ўтмишда қанчадан-қанча шаҳарлар, қалъа-ю истеҳкомларни сув ва озиқ-овқат таъминотидан маҳрум қилиб маҳв этилгани худди ана шу нафасни бўғишнинг, яшагани қўймасликнинг ўзгинаси эмасми?..
Ўғлининг овози ўйларининг белига тепди.
– Ада, нега ҳали кийикчани қутқаришга ҳеч ким келмади? Ё кийиклар бир-бирига бемеҳрми? – сўради ўғли буйволларнинг ўзаро оқибатини кўриб.
“Ҳақли савол” деб ўйлади ота. У аввалига “Кийиклар буйволларга нисбатан ожизроқ-да” демоқчи бўлди-ю, дарров бу фикри хатолигини, табиат қонунлари барчага умумий эканини фаҳмлади.
– Йўқ, ундай эмас. Кийиклар ҳам тўда-тўда бўлиб яшаб, шохдор бақувват кийиклар тўда аъзоларини баҳамжиҳат ҳимоя қилади. Аммо шер кийикчага етиб, бўғзидан олдими – тамом, қутқаришга кеч бўлганини тўдабоши кийиклар ҳам сезадилар. Агар катта кийик шерлар қуршовига тушиб қолса, ана унда кийиклар албатта ҳимояга келадилар. – дея ўғлига батафсил тушунтирди.
– Дўстларнинг кўплиги яхши экан-да. Қийналганда ёрдамга келишади. Катта бўлсам, кичикларни ҳимоя қиламан, ада. – деди ўғли қаддини бироз кўтариб.
Ўғлининг қутлуғ ниятини қўллаб-қувватлади-да, яна жувонмарг кийикчанинг аҳволини одамлар аҳволига қиёслай бошлади. Ҳали ҳаётни тушуниб, соғлом дунёқараши шаклланиб улгурмаган ёшларга катталар ўта эҳтиёт бўлишлари керак. Ёшларнинг босган қадамларини назорат қилиб турмай, бироз бепарволик қилишса борми – тамом, ё улар зарарли одатларга ружу қўяди, ё турли оқимлар таъсирига учрайди, ё яна бошқа кўнгилсизлик юз беради-да, ёшларнинг умри ҳалиги ожиз-нотавон, ҳимоясиз кийик боласига ўхшаб аёвсизлар исканжасида завол топади...
– Адаси, ўғлим, чиқинглар, ошни сузиб қўйдим. Совимасида еб олинглар. – чақирди хотини ошхонадан.
– Қани, юр, ўғлим, энди маза қилиб овқатланайлик. – деди у пултни олиб телевизорни ўчирар экан.
Ўғли унга ялинчоқлик билан бироз термулди-ю, лекин у ёқда онаси, бу ёқда отаси қистаб турганига қаршилик қилолмай, отасига итоаткорона эргашди.
27 июль – 4 август 2014
2014 йил 5 августда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетасига топширилган, бироқ унда босилмаган
“Ватан учун яшайлик!” – танловига (2014 йил)
Ватанга хизмат – олий саодат
Мақола
Ҳар бир инсоннинг толеи унинг ватани равнақига, ўз навбатида, ватан равнақи шу ватанга мансуб ҳар бир инсоннинг толеига узвий боғлиқ. Инсон дунёнинг қаерида туғилиб, қаерида яшамасин, у руҳан ҳамиша муайян ватанга топиниб умр кечиради. Кўнглининг туб-тубида асл ватанига меҳр-муҳаббатини тоблаб, ҳар боб билан ватани ривожига муносиб ҳиссасини қўшишга интилади. Худди балиқни сувсиз, чинорни ерсиз, бургутни тоғсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, инсонни ватансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ватанидан айрилган ёҳуд ватани билан ришталарини узган ватангадо инсон ўзлигидан мосуво, толесиз ҳаётга маҳкумдир. Бунда Яратганнинг улуғ мантиғи намоён бўлади. Бинобарин, инсоннинг дунёга келиши, дунёда ўз ўрнини топиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлаган табиий ҳамда маънавий муҳитни қадрламаган, унинг шукронасини қилмаган инсон эртадир-кечдир виждон азобига, руҳий таназзулга гирифтор бўлиши муқаррар. Аксинча, кимки ватанининг қадрини баланд тутиб, уни мадҳ этса, имкони қадар ватани тараққиётига ўз ҳиссасини қўшса, ундай инсоннинг толеи баланд, келажаги порлоқ бўлиши шубҳасиз.
Инсоннинг ватани ҳам ҳудудий, ҳам маънавий қатламлардан иборат. Унинг туғилган жойи – ватан, яшайдиган уйи – ватан, маҳалла-кўйи – ватан, шаҳри – ватан, мамлакати – ватан, қитъаси – ватан, борингки, бутун ер юзи – ватан. Ҳар бир кишининг ўзи мансуб бўлган миллати, унинг тили, дини, маданияти, дунёқараши ва бошқа барча жиҳатлари – ватан, қардош миллатлар ва уларнинг тили, дини, маданияти, дунёқараши ва бошқа барча жиҳатлари – ватан, борингки, ер юзидаги барча миллат ва элатлар – ватан. Нуроний отахон ва онахонларнинг “Ватанимиз тинч-тотув бўлсин!” дея қилган дуо-тилаклари пурҳикмат бўлиб, унинг замирида “хонадонлар, маҳаллалар, шаҳарлар, юртлар ҳамда турли миллат ва элатлар тинч-тотув бўлсин” деган теран маъно бор. “Бир болага етти маҳалла ота-она”, “Умумхалқ ҳашари”, “Кенгашли тўй тарқамас” каби беҳисоб ҳикматли гаплар одамлар орасидаги тинчлик-тотувликни мустаҳкамлашга, “ватан ҳисси”ни кучайтиришга хизмат қилади. Зеро, қаерда ўзаро тотувлик ва баҳамжиҳатлик йўқолса, ана шу ерда тушунмовчилик ва уруш-жанжал чиқади. Натижада файз-барака кўтарилади. Кўнгиллар чўкиб, ғазаб ва адоват ҳисси кучаяди. “Ватан ҳисси” сусаяди. Бу эса, тарқоқликка, парокандаликка, бўлинишга, ватандан узоқлашиб ундан маҳрум бўлишга, бахтсиз ҳаётга олиб келади.
АҚШнинг Алабама штати Трой давлат университетида уч йиллик таҳсилим мобайнида америка маданияти билан бирга дунёнинг турли жойларидан келиб ўқиган талабаларнинг ўзлари мансуб маданиятлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдим. Чет эллик талабалар билан мулоқотимдан чиқарган қимматли хулосам шуки, барчалари умумбашарий қадриятларни улуғлаш баробарида ўзларининг миллий қадриятларини жуда эъзозлашар экан. Буни уларнинг юриш-туриши, гап-сўзлари, ўзаро баҳамжиҳатликларида кўрдим. Ҳинд ҳиндга, турк туркка, рус русга далда бўлиб, қайишиб, керак бўлса, биргаликда муайян куч бўлиб, ўз ҳақ-ҳуқуқи ва манфаатларини ҳимоя қилишга интилар эканлар. Ҳамюртлар биргаликда ижарада туришлари, машинаси бори машинасизини дўконга, керак бўлса, қўшни шаҳарга олиб бориб келиши, ўқишда ёки молиявий қийналаётганига ҳамюртларининг кўплашиб ёрдам беришлари, турли ижтимоий ва маданий тадбирларда бир ёқадан бош чиқариб қатнашишлари, бир-бирларининг ютуқларидан қувониб, омадсизликларига ҳамдард-елкадош бўлишлари, бошқа кўпгина ҳислатлар уларнинг уюшқоқ жамоа эканликларидан далолат бериб турар эди. Маълумки, АҚШнинг жанубий штатлари, жумладан, Алабамада қора танли аҳоли кўп сонли бўлиб, таҳсилим давомида қора танли аҳолининг оқ танлилар билан ёҳуд турли миллат вакилларининг ўзаро низоларини кўрганим ҳам йўқ, бу хусусда эшитганим ҳам йўқ. Аксинча, улар ахил оила аъзоларидек бир-бирларига эҳтиром билан муносабатда бўлдилар. Бу, албатта, турли миллат вакилларининг ўзаро баҳамжиҳат яшаб, таҳсил олишлари ва ишлашлари учун қулай шарт-шароитларни яратиб қўйган университетнинг ички тартиби ва низоми, қолаверса, америка маданияти ва қонунчилигининг шарофати эди. Зеро, оилали талабаларга махсус ётоқхона мажмуалари ажратилгани, қулайлик нуқтаи назаридан халқаро талабалар учун алоҳида ётоқхона ажратилган бўлса-да, унда америкалик талабалар ҳам бирга истиқомат қилишлари, халқаро талабалар уюшмасининг фаолият кўрсатиши, мусулмон талабалар намоз ўқишлари учун махсус хоналар ажратилганлиги, университет ҳудудидаги ошхона, компютерхона, дўкон ва идораларнинг раҳбарлари, университет домлалари ҳинд, турк, олмон, рус ва бошқа миллат вакиллари эканлиги америка маданиятидаги бағрикенглик, эркинлик, қонун устуворлиги, миллий ва диний урф-одатларга ҳурмат каби кўплаб қадриятлардан далолат беради. Масалан, университетдаги бир ошхона раҳбари усмонли турк миллатига мансуб Иброҳим исмли ишбилармон ошхонага асосан усмонли турк бўлмаган ходимларни, жумладан, мен билан бирга таҳсил олаётган ўзбек ҳамюртимни ишга олган. Худди шундай, компютерхона раҳбари бўлган афро-америкалик аёл бошқа талаба ҳамюртимни администратор сифатида, ёки менинг ўзимни эса, математика факултетининг ҳинд миллатига мансуб профессори тавсияси билан америкалик раҳбарлик қилаётган “Табиий фанлар маркази”га математика фани бўйича тютор (талабаларга уй вазифаларини бажаришга, синовларга тайёрланишга қарашувчи ўқитувчи) сифатида ишга қабул қилди. Ана шу марказда америкаликлар қаторида бир покистонлик – физикадан, бир хитойлик – биологиядан, бошқалар яна бошқа фанлардан, жами ўнга яқин киши тюторлик қилишди. Марказ ўтказган турли илмий-амалий тадбирларда тюторлар асосий куч бўлиб хизмат қилдилар. Ўшанда, худди спорт халқларни бирлаштиради, деганларидек, илм-фан ҳам халқларни бирлаштириш қудратига эга экан, деган хулосага келгандим. Америкадаги ҳар бир ташкилот ва муассасада барча миллат вакилларига тенг қаралиб, уларнинг ўқишлари-ю ишлашларига қулай шарт-шароитлар яратилиб қўйилгани демократия ва тараққиётнинг юксак намуналари эканлигига шоҳид бўлдим. Ўз халқининг миллий қадриятини умумбашарий қадрият дея тақдим этишга ҳаракат қилиш, маҳаллийчилик, шовинистик, айирмачилик, радикал кайфиятлар ҳар қандай ташкилот ва ҳатто юрт тараққиётига тўсқинлик қилувчи хавфли омиллар ҳисобланади. Бундай ҳолларга ўрин қолдирмаслик эса, тараққиёт гаровидир. Ўз вақтида араб фанининг жаҳоншумул довруғ қозонишида худди ана шу америкача ёндошув, тўғрироғи, американинг ҳозирги фан ва технология тараққиёти бобида оламшумул довруққа эришишида ўрта асрлардаги арабча ёндошувни қўллаётгани асос бўлиб хизмат қилади. Дарҳақиқат, ўтмишда араблар ўз юртларига турли юрт уламо ва фузалоларини жалб қилиб, уларга қулай шарт-шароит яратиб бермаганларида, дейлик, тор сиёсий манфаатларни кўзлаган ҳолда турк миллатига мансуб ҳамюртимиз Ал-Хоразмийни эмас, араб миллатига мансуб бирор олимни “Байтул ҳикма”га раҳбар қилиб тайинлаганларида, эҳтимол араб фани ва маданияти эришган ютуқларга эришолмас эди, ҳамюртимиз яратган “алгебра”, “алгоритм”, “ўнлик саноқ тизими” каби фан ютуқлари ҳам бўлмас эди. Араб тилидаги фан тараққиётида Ўрта Осиёлик алломаларнинг ҳиссаси катта бўлганини ҳозирда биз чуқур англашимиз ва фахрланишимиз керак, албатта. Лекин, шу билан бирга, ўз юртимизда буюк аждодларимизга муносиб алломаларнинг етишиб чиқишлари, илм-фан ривожи учун кенг қамровли тизимнинг яратилиб, уни мунтазам такомиллаштиришга ҳам эътиборни қаратишимиз зарур.
Юрт озодлиги, халқ фаровонлиги, демократия деганда ерлик аҳолининг яккаҳокимлиги эмас, балки, унинг барчага, жумладан, чет эллик фуқароларга ҳам баб-баравар тааллуқли қонун-қоидаларни жорий қила олиши тушунилади. Дунёдаги барча катта-кичик давлатлар ватан озодлиги, юрт фаровонлигини юксак қадрлаб, ўз мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ички ва ташқи сиёсатини пухта юргизишга ҳаракат қиладилар. Зеро, тараққий этган АҚШ давлати ҳам инглиз мустамлакачилигидан 1776 йил 4 июлда халос бўлганини ҳанузгача байрам қилиб келади. Тараққий этаётган Ҳиндистондек кўҳна ва серқирра тарихга эга давлат ҳам 1947 йил 15 августда инглиз мустамлакачилигидан халос бўлганини тантана қилиб келади. Мусо пайғамбарнинг ўз халқини Фиръавн истибдодидан халос этиб, эркинликка олиб чиққани, мана, бир неча минг йиллардан бери барча халқлар ва замонлар учун ўзига хос ибрат бўлиб келмоқда. Ўзимизнинг шонли тарихимизда ҳам, Тўмарис ва Широқ форс, Спитамен юнон, Муқанна араб, Жалолиддин Мангуберди мўғул истибдодига қарши курашган миллий қаҳрамонларимиз. Бироқ бу зотлар асосан ҳарбу-зарб, яъни куч ишлатиб ватанни ҳимоя қилганлар. Аммо ватан ҳимоясида ҳамиша зиёлилар қатлами ҳамда халқнинг умумий маърифати ҳал қилувчи омил бўлиб келган. Юнон файласуфи Эпиктетнинг “Ўқимишли одамгина эркиндир” деган ҳикматли гапи бежиз айтилмаган. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Бизнинг куч-қудратимизни кўрмоқчи бўлсангиз, биз қурдирган биноларга боқинг” деган ҳикматли гапи замирида ҳам илм-фан ва маданиятнинг юксаклигига ишора бор, албатта.
Юрт эркинлиги ва равнақи аввало юрт маърифати орқали амалга оширилади. Халқнинг кўзини очиб тўғри йўл кўрсатадиган ҳам, мустамлака балосига қарши чиқадиган ҳам аввало ана ўша халқнинг зиёлиси, маърифатчиси, ҳакимбегидир. Табиийки, чинакам зиёли ўз элининг ютуқларига маҳлиё бўлиб, ўз ёғига ўзи қоврилиб қолмай, бутун дунё зиёлилари билан ҳамкорлик, керак бўлса, рақобат қилмоғи, бу йўлда собит бўлмоғи керак. XIV-XV асрларда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳукмронлик қилган ўз замонасидаги энг қудратли салтанатлар қандай қилиб бемисл қудратини йўқотиб, бу салтанатлар XIX асрга келиб Англия ҳамда Россия мустамлакасига айланиб қолди? Фикримча, бунинг бош сабаби шундаки, илм-фан ва маданият рақобатида етакчилик қўлдан бой бериб қўйилди. Масалан, ўз вақтида Форобий Арасту фалсафасини таҳлил қилиб ўз фалсафасини, Ибн Сино хитой, ҳинд, лотин табобатини ўрганиб, ўзининг тиб қонунларини, Хоразмий ҳинд, юнон, хитой математикасини тадқиқ қилиб, алжабрни, Яссавий ўз тасаввуфини, Қошғарий, Навоий ўз тил ва адабиётларини, Мирзо Улуғбек ўз астрономиясини илгари суриб, юрт эркинлиги ва равнақини таъминладилар. Ўрта Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистоннинг мустақилликни қўлга киритишида ҳам ана шу бир пайтлар умумбашарий рақобатчиликдаги етакчиликка эришилгани ҳал қилувчи омил бўлди, деб биламан. Дарҳақиқат, ХХ аср мобайнида университетларнинг, фанлар академияси ва ўнлаб илмий-тадқиқот институтларининг барпо қилиниши, адабиёт ва санъат, матбуот, радио ва телевидение тараққиёти бунга асос бўлиб хизмат қилди. Мана, бу йил 1 сентябрда Ўзбекистон мустақиллигига 23 йил тўлади. Шу ўтган шонли истиқлол даврида Ўзбекистон иқтисодий, ижтимоий, маданий, ҳуқуқий, маърифий, қўйингчи, барча соҳаларда улкан ютуқларга эришди ва буюк келажак пойдеворини қўйди. Ҳозирда республикамизда фаолият кўрсатаётган бир нечта чет эл университет ва институтлари юксак салоҳиятли мутахассисларни етиштириб бермоқда. Хусусан, 2002 йилда таъсис этилган, ўзим 2003 йилдан бери ўқитувчилик қилиб келаётган Тошкент Халқаро Вестминстер Университетида иқтисод ва молия, бизнес, ҳуқуқшунослик ва компютер технологиялари ихтисосликлари бўйича малакали кадрлар тайёрланиб, сўнг улар турли ташкилот ва муассаларда ишлаб, жаҳоннинг илғор тажрибаларини ўзимизда татбиқ этишда, керак бўлса, уларни такомиллаштиришда ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Умид қиламанки, ҳар бир соҳада етук олимларимиз, санъаткорларимиз, ҳунармандларимиз ватанимиз ҳурриятини ва фаровонлигини таъминлашда ўзларининг беминнат ҳиссаларини қўшадилар. Зеро, Ватанга хизмат – олий саодатдир.
3 апрел 2014 йил
2014 йил 5 августда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”
газетасига топширилган, бироқ унда босилмаган
давоми бор...